Бош саҳифа / Жамият / Меҳринг қани, меҳрибоним?

Меҳринг қани, меҳрибоним?

Зумрад кўча супуриб юрарди. Уй томондан эрининг бақирган овозини эшитди. “Нима қилиб ивирсиб юрибсан, пуллар қани?” Зумрад ҳар доимги тўполонлардан юраги зириллаб қолганди. Аксига олиб  ёнида пул йўқ эди. Бировларнинг хизматини қилиб топадиган беш-олти сўм нон-ошига етсинми, эрининг ичкилигига етсинми, уст-бошигами? “Пулни қаердан оламан? Уйимиздан барака кетди. Бу ишингизни ташланг илтимос”, дея йиғлаб юборди. Эри эса тўнғиллаганча уйдан чиқиб кетди. Зумрад хўрсинганча хаёлга чўмди.

У келинойисини уйдан ҳайдамоқчи бўлган ўша йилларда ҳали анча ёш, эрка-тантиқ, ерга урса, осмонга сапчийдиган қиз эди. Оила қадрини билмасди. Зумрад акаси кўнгил қўйиб уйланган келинойисини негадир сиғиштирмади. Худди акасининг меҳрини ҳам, оиладагиларнинг эътиборини ҳам шу келин олиб қўядию Зумраднинг эркаликларини ҳеч ким кўтармайдигандек туюларди. Келинойисининг хатти-ҳаракатлари унинг ғашини келтирарди. Бирор ишни эплолмайди, на кирларни тоза ювади, на овқатда маза бор, дея жиғи бийрон бўлар, арзимаган баҳона билан жанжал кўтараверарди. Акаси эса ёлғизгина синглим, деб кўнглига қаради. Хотинига ҳам синглимга ноўрин гапирма, деб тайинларди.

Кунларнинг бирида келинойиси музқаймоқ егиси келиб, эрига ийманибгина айтди. Акасининг соддалиги қурсин шу музқаймоқдан синглисига ҳам олишни унутиб, хотинига бир дона олиб келган экан. Келинойисининг қадамидан кир қидирадиган Зумрад эса деразадан акасининг хотинига нимадир узатганига кўзи тушиб, эшик ортидан мўралади. Келинойисининг қўлидаги музқаймоқни кўргач, роса тўполон кўтарди. Бечора келин энди ўғри томоққа, акасининг бўйнидан ип ўтказиб олган устамонга чиқди. Акаси охири чидаб туролмади:

— Зумрад қўй шу жанжалингни, қанча керак десанг, музқаймоқ олиб бераман.

Сингил ҳам баҳона қидириб юрган эмасми, “ё шу ўғритомоқни, ё мени танлайсиз”, деб туриб олди.

— Бўлди қил, Зумрад. Бу бечорада нима гуноҳ? Келинойинг бу ҳаётда нима рўшнолик кўрди? Ота-онасидан ёшлигида ажраб, меҳрга зор бўлиб ўсган бўлса, яна у сени ўз синглисидек кўриб, меҳр кўрсатса. Сингилжон, кап-катта қизсанку, бир кун сен ҳам келин бўласан, уни ҳам тушун. Озгина меҳрлироқ бўл. Бу ҳаётда ҳамма нарсани топиш мумкин, лекин кейин меҳр тополмайсан,—  дедида ташқари чиқиб кетди.

Орадан бироз вақт ўтиб Зумрадга бой хонадондан совчи кела бошлади. У йигит келинойисининг қўшниси экан. У оилани келин яхши танир эди. Йигит ростдан ҳам бой хонадоннинг арзанда ўғли. Тагида қўша-қўша машина, данғиллама уй. Лекин йигит ичкиликка муккасидан кетган, маишатга берилган эди. “Зумрадга бу йигит тўғри келмайди“, дея келинойиси зор қақшади. “Ўзингиз пулнинг ҳидини олиб катта бўлмагансиз, ичингиз куймасин, шахсий ҳаётимга аралашишга сизнинг ҳаққингиз йўқ”, деб Зумрад зарда билан жавоб берди. Тез орада данғиллама тўй  бўлиб ўтди. Бу оилада бойлик, қимматбаҳо буюмлар кўп эди. Аммо Зумрадга бир нарса етишмасди. Куёв уйига кеч келарди. Ичкиликсиз туролмасди. Оилада тинчлик йўқ. Зумрад бу оиладан меҳр излардию, аммо тополмасди…

Ҳозир ҳам Зумрад ниманидир қўмсаётганини ҳис қилди. Йиғидан қизарган кўзлари атрофга аланглади. Нафаси бўғзига тиқилди. Бирдан кўча эшиги тақиллади. У кўз ёшини артиб эшикни очди. Эшик ортидан акаси ва келинойисини кўриши билан чеҳраси ёришиб кетди. Анчадан бери қидирган нарсасини топгандек кўнгли хотиржам тортди. Бу ўша ўзи келинойисига аяган меҳр эди.

Адолат МЎМИНОВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Газетанинг янги сонини ўқинг!

“Сурхон тонги” газетасининг 2020 йил 5 августдаги сонида сиз кутган мақолалар нашр этилган: — “Тез …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan