Меҳнаткаш инсон элда эъзоз топади

0
59

Инсоннинг ёши у яшаган йиллар билан эмас, қилган меҳнатлари, эзгу ишлари билан ўлчанади, деган гап бежиз эмас. Ўзининг заҳматкашлиги билан ҳурмат қозонган, ёш авлодга зиё улашишдек эзгу ишга бош қўшиб келаётган, қалби дарё инсон Абдурасул Эсанов ҳам ана шундай инсонлардан.

Ҳозирда Қумқўрғон тумани 27-умумтаълим мактаби директори лавозимида ишлаб келаётган Абдурасул Эсанов 1958 йил 1 июнда таваллуд топган. Беш фарзанднинг меҳрибон отаси. Бу йил 60 ёшни қарши олаётганига қарамай жисмонан ва руҳан тетик педагог жамоадошлари, ўқувчи-ёшлар билан дўстона муҳит яратган. Абдурасул аканинг шижоати, дунёқараши ён атрофидагиларга ҳам қанот бағишлаб туради. Тиниб-тинчимас Абдурасул ака меҳнат қилишни яхши кўради. Ҳали қарасангиз мактаб ҳовлисида, ҳали қарасангиз боғда учратасиз. У киши ўзининг жонкуярлиги, меҳнатсеварлиги билан эл орасида ном қозонган. Умрини ёш авлодга билим беришга бағишлаган устоз Низомий номидаги Тошкент Давлат педагогика институтининг биология факультетини тамомлаб, узоқ йиллардан буён шогирдларига биология фанидан сабоқ бериб келаяпти. Илк фаолиятини тумандаги 33-мактабдан бошлаган Абдурасул аканинг меҳнатлари ўз самарасини берди. Раҳбарлик қобилиятига эга Абдурасул Эсанов тумандаги 3-, 25- мактабларда ҳам раҳбарлик қилган. Бундан ташқари, бир неча йиллар давомида туман халқ таълими бўлимида мудирлик вазифасида фаолият юритган.

Абдурасул Эсановнинг меҳнатлари ҳукуматимиз томонидан муносиб қадрланиб, “Ўзбекистон мустақиллигининг 15 йиллиги”, “Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишонлари ҳамда бир қатор фахрий ёрлиқлар билан тақдирланган.

Қумқўрғон тумани 27-умумтаълим мактаби жамоаси

ЖАВОБ ҚОЛДИРИНГ:

Илтимос изоҳингизни киритинг
Илтимос исмингизни шуерга киритинг