Меҳнатингиз зафарларга улансин!

0
37

Темир йўллар — мамлакатимиз иқтисодиётининг қон томирларидир. Мамлакатимизнинг ишлаб чиқариш ва экспорт салоҳиятининг ошишида соҳанинг замон талаблари даражасида ташкил этилиши ниҳоятда муҳим саналади. Мазкур тармоқни модернизация қилиш ва хизматлар сифатини янада ошириш мақсадида сўнгги йилларда кенг кўламли ислоҳотлар, муҳим чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Маълумки, йўловчиларнинг узоғини яқин, оғирини енгил қилишда, шунингдек, катта ҳажмдаги юкларни ўз манзилларига етказишда темир йўл хизматининг ўрни алоҳидадир.

Айтиш жоизки, “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти томонидан кўрсатилаётган хизматлар сифати йил сайин ортиб бормоқда. Яқин йилларда фойдаланишга топширилган “Тошғузор-Бойсун-Қумқўрғон” темир йўл линияси воҳамизни пойтахт ва вилоятлар билан боғлашда “олтин кўприк” бўлди. Бугун ушбу йўлларда электропоездлар қатнови йўлга қўйилиб, юқори унумдорликка эришилаяпти.

Йўлингиз тушиб темир йўл вокзалига борсангиз, манзилларига шошаётган кўплаб йўловчиларни учратасиз. Сиз гувоҳи бўлаётган манзара деярли ҳар куни такрорланади. Негаки, кўплаб фуқароларимиз айнан темир йўл хизматларидан фойдаланишни афзал кўришаяпти. Айниқса, узоқ манзилларга бораётган йўловчилар хавфсиз, қатор қулайликларга эга ушбу транспорт хизматидан бениҳоя миннатдор. Айни пайтда вилоятимиз марказидаги Термиз темир йўл вокзалидан Тошкент, Андижон ва Қўнғирот шаҳарларига ҳамда Сариосиё ва Болдир бекатларига қатновлар амалга оширилмоқда. Албатта, яратилган бундай қулайликлардан нафақат халқимиз, балки хорижлик меҳмонлар ҳам мамнун бўлишаяпти. Агар рақамларга мурожаат қилинса, жорий йилнинг биринчи ярмида “Ўзтемирйўлйўловчи” акциядорлик жамияти Сурхондарё филиали томонидан 440 мингдан ортиқ йўловчи ўз манзилларига етказилганига гувоҳ бўлиш мумкин. Улар халқаро, маҳаллий ва шаҳарлараро йўналишларда бўлиб, бу кўрсаткич ўтган йил билан солиштирилганда, 29 минг 477 нафарга кўпдир.

— Йўловчилар нафақат Термиздан, балки Қумқўрғон, Бойсун ва Дарбанд вокзали ҳамда Сариосиё, Денов, Шўрчи ва Жарқўрғон бекатларидан ҳам йўл чипталарини ҳарид қилиш имкониятига эга, — дейди “Ўзтемирйўлйўловчи” акциядорлик жамияти Сурхондарё филиали бошлиғи Элёр Набиев. — Яқинда Шеробод темир йўл бекатида ҳам шундай қулайлик яратилади. Қайд этиш ўринлики, ҳозирда Термиз ва Дарбанд вокзалларида йўловчиларга юқори даражада хизмат кўрсатувчи заллар, буфет, дам олиш, она ва болалар хоналари, юк сақлаш бўлимлари фаолият кўрсатмоқда.

Бойсун темир йўл вокзалида таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Келгусида бу ерда замонавий талаблар доирасида хизмат кўрсатиш янада яхшиланади. Аҳил жамоамиз эл хизматига доимо камарбаста. Уларга муносиб иш шароитларини яратиш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш учун барча имкониятларни ишга солганмиз. Бошланғич касаба уюшма қўмитаси тавсияси асосида ходимларнинг саломатлигини тиклаш учун йил бошидан 33 миллион сўм миқдорида моддий ёрдам пуллари ажратилиб, сўлим “Чимён”, “Назарбек” сиҳатгоҳларига йўлланмалар берилаяпти. Шунингдек, ишчи-ходимларнинг 12 нафар фарзанди ёзги таътилда “Қибрай” болалар оромгоҳида дам олиб қайтишди. Энг муҳими, ходимларнинг ишга бўлган масъулияти юқори.

Термиз минтақавий темир йўл узели ва унга қарашли корхоналар томонидан ҳам юк ташиш хизматларини ташкил этишда намунали ишлар олиб борилмоқда. Туну кун темир йўлларимиз орқали маҳаллий ва хорижий давлатларнинг юклари ташилиб, улар ўз вақтида манзилларига етказилаяпти. Қувонарлиси, “Оқработ—Термиз” участкаларининг тўлиқ электрлаштирилиши натижасида жорий йилнинг 9 январида Термизга биринчи электропоезд қатнови амалга оширилди.

— Эндиликда юкларни иқтисодий тежамкор электропоездларда ташиш имконияти пайдо бўлди, — дейди Термиз минтақавий темир йўл узели бошлиғи Одил Аҳмедов. — Электрлаштириш ишларининг якунланиши натижасида поездларни тортишга ишлатиладиган дизель ёнилғиси сарфи 58,4 фоизга қисқарди. Жорий йилнинг ўтган 6 ойида юк айланмаси 596,6 миллион тонна-километр неттога бажарилди. Бу ўтган йилга нисбатан 107,4 фоизни ташкил этмоқда. “Ғалаба — Амузанг” темир йўл участкасининг тикланиши билан қўшни Тожикистон Республикасига ва ушбу давлатдан вилоятимизга ўтадиган юк ҳажми 29729 тоннага етиб, юк айланмаси 1,2 миллион тонна-километр ни ташкил этди. Истиқболда Шеробод цемент заводи ва Шарғун кўмир кони маҳсулотларини экспорт қилишда ҳам узелимиз корхоналари томонидан муносиб хизмат кўрсатилади. Бу эса вилоятимиз иқтисодиётига темирйўлчилар қўшадиган ҳиссадир. Катта авлоднинг ишини ёшларимиз давом эттиради. Шу маънода “Ўзбекистон темир йўллари” акциадорлик жамияти йўлланмасига асосан Тошкент темир йўл муҳандислари институти, Тошкент ва Самарқанд темир йўл транспорти касб-ҳунар коллежларини тамомлаган 101 нафар ёш мутахассисларни ишга қабул қилмоқдамиз. Уларга кўп йиллик иш тажрибасига эга ходимлар масъул сифатида бириктирилмоқда. Ходимларимизнинг ижтимоий муҳофазаси — доимий эътиборимизда. Уларга мамлакатимиздаги турли сиҳатгоҳларга йўлланмалар берилиб, саломатликлари тикланмоқда. Темирйўлчилар касб байрами арафасида ходимлар ўртасида спорт соғломлаштириш мусобақалари ўтказилди. Ғолиб жамоалар ва иштирокчилар совғалар билан тақдирланди. Шунингдек, меҳнатда алоҳида ўрнак кўрсатган ходимларимизга бошланғич касаба уюшмасининг қимматбаҳо совғалари тақдим этилди. Бир сўз билан айтганда, барча ҳамкасбларимиз байрамни юқори кайфиятда қаршиламоқдалар.

Эртага касб байрамини нишонлаётган мамлакатимиз темирйўлчиларини биз ҳам самимий табриклаб, масъулиятли ишларида зафарлар тилаймиз. Байрамингиз муборак, азиз темирйўлчилар!

Баҳром НОРМУРОДОВ,
“Сурхон тонги” мухбири

ЖАВОБ ҚОЛДИРИНГ:

Илтимос изоҳингизни киритинг
Илтимос исмингизни шуерга киритинг