Меҳнати халол

0
49

Ҳалол меҳнатнинг нони ширин, хизмати қадрлидир. Орамизда шундай ҳаёт йўлини тутиб, элнинг ҳурматига, эъзозига лойиқ бўлган инсонларни кўплаб учратамиз.

Уларга ҳавасимиз ортганининг яна бир сабаби шундаки, ҳалол насиба топган кишининг турмуши гўзал, камолга етган оқил фарзандлари эса эл хизматига доимо камарбаста. Қумқўрғон туманининг “Навбаҳор” маҳалласида яшовчи Эшдавлат Алланазаровни маҳалладошлари ҳам шундай ҳурмат билан тилга олишади. Тумандаги “Сурхон пармалаш ишлари” акционерлик жамиятига қарашли технологик транспорт ва махсус техника хизмати корхонасида қарийб 40 йил ҳайдовчи вазифасида меҳнат қилаётган инсон ҳамкасбларининг ҳам меҳрини қозонган. Эрта тонгдан корхона ишчиларини манзилларига етказади, баъзан берилган топшириқни бажариш учун ҳафталаб республикамизнинг турли ҳудудларида хизмат сафарида бўлади.

Айтиш жоизки, Эшдавлат Алланазаров меҳнат қилаётган корхона асосан нефт қидириш, уни топиш ва қазиб чиқариш билан шуғулланади. Шу боис, ишдаги тартиб-интизом ходимлардан касбига алоҳида масъулият билан ёндашишни талаб этади. Ишнинг оғиридан бўйин товламаган, аксинча, атрофдагиларни ҳам ҳамжиҳатлик билан меҳнат қилишга ундаган ходим барчага ибрат бўлиб келмоқда.

Айтган сўзи бажарган иши билан тенг бўлган инсон оиласида ҳам шундай меҳнатсеварлик, одамийлик муҳитини яратган. Тўрт нафар фарзандининг ҳаммаси олий маълумотли. Катта фарзанди Ўролжон ота касбини олиб, ёнма-ён меҳнат қилаяпти. Қизлари Салтанат ички ишлар ходими, Адолатхон эса ҳамшира. Кенжа ўғил Улуғбек Тошкент автомобиль йўллари институтининг логистика йўналишини бу йил тамомлаб, фаолиятини бошлаш арафасида турибди. Бахтли оиланинг бу ютуқларида хонадон бекаси Ўрозхол опанинг алоҳида хизматлари бор. Ширин сўзи, бор меҳрини яқинларига берган аёл турмуш ўртоғи ва фарзандларининг элу юртга нафи тегиб, ҳурмат топаётганидан миннатдор. Бир сўз билан айтганда, оиланинг барча аъзолари ҳалол меҳнат — бахтнинг кафолати, деб биладилар.

Баҳром НОРМУРОДОВ

ЖАВОБ ҚОЛДИРИНГ:

Илтимос изоҳингизни киритинг
Илтимос исмингизни шуерга киритинг