Бош саҳифа / Жамият / Меҳнатга муносиб баҳо

Меҳнатга муносиб баҳо

Вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази жароҳат оқибатлари ва ортопедия бўлими бошлиғи Темирқул Раҳмонов мустақиллигимизнинг 26 йиллиги муносабати билан Президентимизнинг фармонига кўра “Шуҳрат” медали билан тақдирланди.

Темирқул Тангриевич 1959 йилда Денов туманидаги Қизил жар қишлоғида туғилган. Доимо оқ халат кийган шифокорларни кўрганда уларга ҳавас билан боқувчи ёш йигит мактабни тамомлаб, Андижон тиббиёт институтига ўқишга кирди. Интернатурани Термиз шаҳридаги тез тиббий ёрдам шифохонасида ўтади. Ундаги интилувчанлик ва талабчанликни  тўғри англаган раҳбарлар уни  ишга таклиф этди. Бу ерда ўз танлаган касбининг етук мутахассиси  бўлиб етишди.1990 йилдан вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази жароҳат оқибатлари ва ортопедия бўлимида ишини давом эттирди. Ўша йилларда соҳанинг энг кўзга кўринган шифокорлари Габдулаҳад Нурмухаммедов, Михли Оққўзиевга  шогирд тушиб, маҳорат ва тажриба орттирди. 1998 йилдан буён бўлимга раҳбарлик қилиб келмоқда.

— Энди ишга келган пайтларимда, тўғриси, ўқиш билан амалиётнинг орасида катта фарқ борлигини англаганман, — дейди  Темир қул ака. — У пайтларда ҳозиргидек шароит қаерда дейсиз. Эски бино, тиббиёт аппаратуралари ҳақида-ку,  умуман гапирмаса ҳам бўлади. Ҳозир-чи, шифокор учун ҳам, бемор учун ҳам барча шароит, имконият бор. Хоналар таъмирланган, беморларга тўғри ташхис қўйилиб, жарроҳлик амалиётини ўташ учун замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган хоналар хизматга шай. Бунинг барчаси ҳукуматимиз томонидан аҳолига  кўрсатилаётган катта эътибор десам, асло муболаға бўлмас. Камтарона меҳнатларимни юксак баҳолаб, мамлакатимизнинг шундай мукофотиига лойиқ топган Президентимиз ва ҳукуматимизга минг раҳмат.

Ўттиз олти йиллик меҳнати давомида Комил Чоршанбиев, Рустам Нормуродов, Алишер Одинаев, Камолиддин Нуриддинов, Матлуба Хўжаёрова, Замира Ҳайдарова, Мақсуда Абдисалимова сингари ўнлаб шогирдлар етиштирган Темирқул Раҳмонов оиласи бугун ўзи яшаётган Термиз туманидаги “Мангузар” маҳалласида энг ибратли хонадонлардан бири ҳисобланади. Турмуш ўртоғи Ҳалима Шодиева билан битта олийгоҳда ўқиб, бир жамоада ишлаб келишмоқда. Фарзандлари — Фурқат, Азиз, Шерзод ва Бекзодлар олий маълумотли мутахассислар бўлиб етишган.

— Темирқул ака ҳақида жуда кўп сўзлар, мақтовлар айтиш мумкин. У кишидаги оддийлик, камтарлик ҳамда касбга бўлган садоқат кўпчиликда яхши таассурот қолдирган, — дейди  вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази бош врачи ўринбосари Зайрулло Оқбоев. — Қарийб йигирма йилдан бери у киши билан бир жамоада ишлаб, ана шундай хулосага келганман.

Халқимизда “Меҳнат қилган, элда азиз”, деган пурмаъно гап бор . Бугун беморлар дардига дармон бўлаётган, соғлиқни сақлаш аълочиси Темирқул Раҳмоновнинг ишига омад тилаб, мукофот муборак бўлсин, деймиз!

О. ОЙНАЗАРОВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Ўзимизни қачон топамиз?…

Эл нетиб топгай мениким, Мен ўзимни топмасам.А.Навоий Мавзуни бежиз Навоий ҳазратларининг ҳикматли иборасидан бошламадим. Хўш, …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE