Бош саҳифа / Таълим / Меҳнат натижаси билан баҳоланади

Меҳнат натижаси билан баҳоланади

Таълим-тарбия шундай жараёнки, бу борада сарфланган меҳнат ва харажат бир ой ёки бир йилда ўз самарасини бермаслиги аён. Лекин қайси йўналишдаги таълим-тарбия муассасаси бўлмасин, у ерда меҳнат қилаётган жамоага йиллар давомида эришилган ютуқларга қараб баҳо беришади.

Жарқўрғон спорт коллежи 2009 йилда ташкил этилган. Шу ўринда бир гап, қадимдан Жарқўрғондан кўплаб таниқли спортчилар етишиб чиққан. Шундан бўлса керак тумандаги бирор қишлоқ ёки маҳаллада кураш тушмайдиган, спортнинг бирор тури билан шуғулланмайдиган ёшларнинг ўзи йўқ. Спорт коллежида футбол, волейбол, баскетбол, стол тенниси, оғир атлетика, таэквандо, дзюдо, миллий кураш каби спортнинг 11 тури бўйича машғулотлар олиб борилади.

Ёш йигит-қизларга 26 нафар ўқитувчи ва мураббий таълим-тарбия бериб келишмоқда. Энг муҳими, ўқув даргоҳида ўз касбининг фидойиси бўлган кишилар меҳнат қилишади. Масалан, коллеж директори Жуманазар Нуриддинов республика тоифасидаги ҳакам, Ҳаким Термизий хотирасига бағишланган халқаро кураш мусобақасида 66 килограмм вазнда 3 бора ғолибликни қўлга киритган. Манзура Турсунова ҳам дзюдо, ҳам самбодан ёшларга сабоқ беради. У ўзбек кураши бўйича республика тоифасидаги ҳакам. Раҳматгелди Суюнов эса фахрийлар ўртасида кураш бўйича жаҳон чемпиони, спорт устаси. У узоқ йиллик тажрибаси, билим ва маҳоратини ёш спортчиларга сингдиришга ҳаракат қилади. Бундай фидойи ўқитувчи ва мураббийлар коллежда кўпчилик.

Спорт коллежидан бир неча нафар жаҳон, Осиё, республика чемпионлари ва халқаро турнирлар ғолиблари етишиб чиққан. Масалан, 2014 йилда Малайзияда ўтказилган жут-киндо спорт тури бўйича шу коллеж ўқувчиси Аббос Раҳматуллаев барча рақибларини катта устунлик билан енгиб, ғолиб бўлганди. 2015 йилда эса Италияда ўтказилган жаҳон чемпионатида ҳам 1-ўринга муносиб топилди. Ўша йили Акбаралибек Жўраев Малайзияда бўлиб ўтган таэквандо бўйича жаҳон чемпионатида фахрли ўринни қўлга киритди. Кимё Эшбоева ҳам спортнинг таэквандо тури бўйича шуғулланиб келади. У мусобақаларда воҳамиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб, икки марта Ўзбекистон чемпионати совриндори бўлган.

Дарҳақиқат, ўқитувчи ва мураббийнинг билими, маҳорати, тажрибаси шогирдлари эришаётган ютуқлар билан белгиланади.

Жарқўрғон спорт коллежида 515 нафар йигит ва қиз уч йўналиш бўйича таҳсил олишади. Дарслар ва машғулотлар қатъий тартибда олиб борилади. Талабалар фан сирларини ўрганиш билан бирга ўзлари севган спорт тури бўйича тўгарак машғулотларида узлуксиз иштирок этишади. Бу эса, ўз самарасини бермоқда. Ўтган йил декабрь ойида Малайзияда ўтказилган Осиё чемпионатида коллеж ўқувчиси Шаҳзод Боймуҳаммедов жут-киндо бўйича биринчи ўринни қўлга киритган бўлса, Тошкентда ўтказилган мусобақада Осиё чемпиони бўлди. Яна бир моҳир спортчи, қора белбоғ соҳиби Муроджон Абулфайизов Тошкентдаги халқаро турнирда 3-ўринга муносиб топилди.

— Коллежимиз спортчи ёшлари жорий йилни жуда муваффақиятли бошлашди. 22-25 март кунлари Термиз шаҳрида Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси сов-рини учун дзюдо бўйича эркаклар ва хотин-қизлар ўртасида ўтказилган мусобақада Ҳожар Шапоатова 1-ўринни, Мухлиса Муҳаммадиева 3-ўринни қўлга киритди, -дейди коллеж директори Жуманазар Нуриддинов. — Апрель ойининг бошида Фарғона вилоятида миллий кураш бўйича  республика чемпионати мусобақалари ўтказилди. Унда иштирок этган Ирода Мамашаева, Мингдона Чориевалар 1-2-ўринларни қўлга киритиб, жаҳон чемпионатига йўлланмани нақд қилишди. Шунингдек, параатлетликлар ўртасида Тошкентда ўтказилган республика мусобақасидан ядро ирғитиш бўйича Мафтуна Рустамовага тенг келадиган топилмади. Биз ана шундай спортчи йигит-қизларимиз билан ҳақли равишда фахрланамиз.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, спорт коллежида ўқувчилар учун барча қулайлик ва шароит яратилган. Мураббийлардан эса ўқувчи-спортчиларни узлуксиз машқ қилдириш, уларга спортнинг нозик сирларини қунт билан ўргатиш талаб этилади.

Бу билим даргоҳидан футбол бўйича ҳам яхши натижаларга эришган спортчиларнинг исми-шарифини келтириб ўтиш мумкин. Масалан, Қувондиқ Рўзиев айни пайтда “Қўқон-1912” клубида ўйнаётган бўлса, Жўрабек Рўзиев мамлакатнинг амалдаги чемпиони. “Локоматив” футбол клубида тўп сурмоқда.

Жамоанинг юқори натижаларга эришиб, жаҳон, Осиё чемпионати ва халқаро турнирларда мамлакатимиз байроғини баланд кўтариб, юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишларида Ғиёс Мамасоатов, Шавкат Назаров, Анвар Ғуломов, Муҳтор Чориев, Даврон Омонов каби мураббийларнинг заҳматли хизматларини алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиздир.

Аслида шогирдларининг эришган ютуғи устоз-мураббий учун энг катта мукофотдир. Бир сўз билан айтганда,  Жарқўрғон спорт коллежи мамлакатимиз миллий терма жамоаларига муносиб аъзолар ва жаҳон ҳамда Осиё чемпионлари етказиб беришда, маҳоратли спортчилар тайёрлашда республикамизда ўз ўрнига эга бўлган билим даргоҳларидан биридир.

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Маънавият сабоғи

Жойларда ислоҳотлар самарадорлигини таъминлаш, ўқитувчиларнинг касбий маҳоратини ошириш, таълим сифати назоратини кучайтириш ҳамда тарбия соҳасида …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan