Бош саҳифа / Жамият / Меҳнат – икки кўзингдек иссиқ

Меҳнат – икки кўзингдек иссиқ

Бугунги кунда юртимизда амалда бўлган “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонунда белгилаб берилган вазифалардан келиб чиқиб, корхона ва ташкилотларда хавфсизлик ҳамда гигиена талабларига жавоб бера оладиган муносиб меҳнат шароитини яратиб бериш ҳар бир иш берувчининг биринчи галдаги мажбурияти ҳисобланади.

Иш берувчи меҳнат шартномасини тузиш ва бошқа ишга ўтказишда ходимни меҳнат шароитлари тўғрисида, шу жумладан, касб касалликлари ва бошқа касалликларга чалиниш эҳтимоли билан боғлиқ ҳолда унга бериладиган имтиёз ва компенцациялар, шунингдек, шахсий ҳимоя воситалари ҳақида хабардор қилиши керак.

Иш берувчи иш жойига мослаб иш шароити бўйича тартиб, қоида ва йўриқномалар ишлаб чиқади. Ушбу ишлаб чиқилган меъёрий ҳужжатлар меҳнат муҳофазаси, биринчи галда ходимларнинг соғлигини асраш, уларнинг доимий меҳнат қобилиятларини сақлаб қолиш мақсадида белгиланган шароит талабларига мунтазам равишда зарур ўзгартиришларни киритиб бориш мажбуриятини олади.

Ишга янги қабул қилинаётган ҳар бир ходим малака ва иш стажидан қатъий назар, иш кўлами, тегишли йўриқномалари билан таништирилиши ва хавфсизлик қоидаларига ўқитилиши шарт.

Барча соҳаларда бўлгани сингари меҳнат қонунчилигида ҳам туб ислоҳотларга эҳтиёж сезилди. Жумладан, “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги”ги қонуннинг янги таҳрирининг афзалликлари шундаки, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари ва нормаларини, меҳнатни муҳофаза қилиш ва меҳнат хавфсизлиги соҳасидаги Халқаро меҳнат ташкилоти конвенциялари ва тавсиялари, 20 дан зиёд чет эл, жумладан, Европа Иттифоқи мамлакатлари, Япония, Жанубий Корея ва бошқа давлатларнинг тажрибасини инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилди.

Қонун нормалари янги қабул қилинган қонунлар ва меъёрий актлар талабларига мувофиқлаштирилди, тузилмаси янгиланди, юридик техника юзасидан қайта кўриб чиқилиб, мақсади белгиланди ва асосий тушунчалар киритилди.

Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириб келаётган субъектлар ушбу соҳада: ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича ишларни ташкил қилиш, меҳнат шароитлари ва асбоб-ускуналардан етадиган жароҳатларнинг хавфлилик даражаси бўйича иш жойларни аттестациядан ўтказиш, мутахассислар тайёрлаш ва малакасини ошириш, аудит ўтказиш бўйича хизматларни (шартнома асосида) кўрсатишлари белгиланди.

Янги таҳрирга кўра, биринчидан, меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳуқуқий асослар такомиллашди; иккинчидан, меҳнатни муҳофаза қилишни республика, тармоқ ва ҳудуд даражасида тўғри ташкил қилишни таъминлайди; учинчидан, меҳнатни муҳофаза қилиш талабларини бажаришга иш берувчи билан бирга ходимнинг ҳам масъулиятини оширади; тўртинчидан, меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида давлат назорат органларининг аралашувисиз, меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги тадбирларни тўғри ташкил қилишда иш берувчининг қизиқишини оширади; касб касалликларининг ва ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларнинг олди олиниши ва камайтирилиши ташкилот иқтисодий ҳолатининг ўсишига сабаб бўладиган ҳамда ходимларнинг, шу жумладан, вояга етмаганлар ижтимоий ҳимоясининг мустаҳкамланишига ҳисса қўшади.

Албатта, ўтказилаётган бундай тадбирларнинг самарадорлиги иш берувчиларнинг хавфсизлик маданияти даражаси, шунингдек, улар томонидан корхонанинг ишлаб чиқариш фаолияти натижаларига нисбатан ходимнинг ҳаёти ва соғлиги устуворлигини белгиловчи, меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий принциплари моҳиятини қай даражада англаб етганликларига боғлиқдир.

Бошқармамиз томонидан олиб борилаётган ишлар натижасида вилоятдаги мавжуд ишлаб чиқариш объектларида содир бўлиб турадиган бахтсиз ҳодисалар сони йилдан-йилга камайиб бормоқда.

Хулоса сифатида иш берувчиларга қуйидаги тавсияларни бериш ўринли деб ўйлаймиз: корхонангиздаги барча ходимларингиз билан лозим даражада меҳнат муносабатлари ўрнатилиши, соғлом ва хавфсиз иш шароитларида фаолият юритишлари учун қулайликлар яратилганлиги нафақат қўл остингизда фаолият юритаётган фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилади, балки ишлаб чиқариш унумдорлигини ошириш, шунингдек, иш берувчи сифатида сизнинг ҳам ҳуқуқ ва манфаатларингизни ҳимоялайди.

Ё. ЧОРИЕВ, Т. РАЖАБОВ, Н. РАҲИМОВ,
вилоят бандлик бошқармаси инспекторлари

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Одам савдоси – халқаро муаммо

Бугунги кунда одам савдосига қарши кураш нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг, балки кенг жамоатчиликнинг ҳам …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE