Мажбурий меҳнатга йўл йўқ

0
35

Муҳтарам Президентимиз мактаб ўқувчилари, талабалар ва ўқитувчиларни мавсумий ишларга ҳамда пахта йиғим-теримига жалб қилмаслик ҳақида ўтган йили қатъий кўрсатма берган эди. Шунингдек, ўқувчилар ва вояга етмаганларни мажбурий меҳнатга жалб этмаслик борасида мамлакатимизда ҳуқуқий асослар ҳам яратилди.

Шунга қарамасдан, ўқувчиларни ҳашарга олиб чиқиш, тозалик, ободонлаштириш ишларига жалб этиш ҳоллари айрим жойларда учраб турганлигидан кўз юмиб бўлмайди.

Бош вазир ўринбосарлари, тегишли вазирликлар, хотин-қизлар қўмитаси, сенаторлар, Қорақалпоғистон республикаси ва барча вилоятлар ҳокимликлари, касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмалари, фермер хўжаликлари уюшмалари, ОАВ вакиллари иштирок этган видеоселекторда пахта йиғим-теримига тайёргарлик кўриш, теримда мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик, халқ таълими, олий таълим, соғлиқни сақлаш тизимидаги ўқувчи, талаба ва ходимларни пахта теримига мутлақо жалб қилмаслик ҳақида кўрсатмалар берилди. Шунингдек, вояга етмаган болалар ва ўсмирларни мажбурий меҳнатга жалб этиш мавжуд қонун талабларига тўғри келмаслиги таъкидлаб ўтилди.

Фермерлар уюшмаси ҳамда фермер хўжаликлари мавсумда терим отрядлари ва бригадалар ташкил этиши, теримчилар учун барча шароитни муҳайё қилиши, махсус кийимбош, пойабзал ажратилиши, теримчиларнинг соғлигини муҳофаза қилиш, уларни далага олиб бориб, олиб келишда техника хавфсизлигига жиддий эътибор бериш лозимлиги уқтирилди. Шунингдек, одам савдосининг ҳар қандай янгича кўринишига қарши қонун йўли билан курашиш лозимлиги тегишли вазирликлар, ҳокимликлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларининг бурчи эканлиги эслатиб ўтилди.

Селектор йиғилишидан сўнг вилоят ҳокими ўринбосари, вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси М. Қобулова бугунги кун талаб даражасидан келиб чиқиб, жойларда пахта йиғим-теримига тайёргарлик кўриш ва мавсумни кўнгилдагидек ўтказиш хусусида тегишли бошқарма, ташкилот ва корхоналар раҳбарларига кўрсатмалар берди.

Сафар ОМОН

ЖАВОБ ҚОЛДИРИНГ:

Илтимос изоҳингизни киритинг
Илтимос исмингизни шуерга киритинг