Бош саҳифа / Қишлоқ хўжалиги / Мавсумни талафотсиз якунлайлик!

Мавсумни талафотсиз якунлайлик!

Вилоятимизнинг жанубий туманларида ғалла ўрими тугаган бўлса-да, шимолий тоғ олди ҳудудларида энди ўрим бошланди. Халқимизнинг ризқи-рўзи бўлган ғаллани талафотларсиз йиғиштириб олиш азал-азалдан муҳим ҳисобланади. Шу кунларда туманимиздаги фермер хўжаликларида ўз меҳнатлари самараси бўлган ғаллани ўриб-йиғиб олиш ишларига тайёргарлик кўрилмоқда.

Ғаллани ўриб-йиғиб олишда нобудгарчиликка, талон-торожга йўл қўймаслик билан бир қаторда ғалла майдонлари атрофидаги вақтинчалик бостирмалар ёки кўчма вагонларда ҳам ёнғин хавфсизлигига риоя қилиш муҳим ўрин тутади. Буни эътиборга олган ҳолда ходимларимиз мониторинг асосида туман дон қабул қилиш корхонаси ва ғалла ўримида қатнашадиган транспорт воситаларининг ёнғинга қарши ҳолатини ўрганиб чиқиб, ишчилар ва ҳайдовчиларга керакли йўриқнома ва тавсиялар беришди.

Туман дон қабул қилиш шохобчалари ва ғалла ўрим комбайнларида ёнғин хавфсизлигини таъминлаш борасида ижобий ишлар амалга оширилган бўлса-да, “Термиз Агротехсервис” МЧЖга қарашли комбайнлардаги ёнғин ўчириш воситалари яроқсиз ҳолга келганлиги аниқланиб, тавсиялар берилди.

Ўрим комбайнлари ҳамда ғалла майдонларида содир бўлиши мумкин бўлган нохуш ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида тегишли ташкилотларга ёзма огоҳлантириш хатлари киритилди. Туманлардаги фермер хўжаликлари раислари ва ғалла ўримида қатнашаётган отрядлар раҳбар ва ишчилари, ғалла ташувчи техника ҳайдовчилари билан суҳбатлар ўтказилиб, тилхатлар олинди.

Азиз воҳадошлар! Ғалла хирмонлари ва майдонлари атрофида очиқ олов ёқманг. Бундай жойларда ёш болаларнинг ўйнашига йўл қўйманг. Ғалла қабул қилиш корхоналари, омборлари, ўрим комбайнлари ва ғалла ташувчи транспорт воситалари бирламчи ёнғин ўчириш воситалари билан тўлиқ таъминланган бўлиши лозим. Ғалла майдонлари атрофида чекиш, очиқ олов ёқиш мумкин эмас. 100 метр узоқликда таом тайёрлаш, транспорт воситаларини таъмирлашга рухсат этилади. Ғалла майдонларини ўришдан олдин четлари 4 метр кенгликда ўриб олиб, шудгор қилиниши лозим. Шунингдек, ғалладан бўшаган майдонларни ёқиш тақиқланади.

Дон омборлари ҳудудига двигателидан мой оқиб турган, учқун сўндиргичи бўлмаган транспорт воситалари кириши ҳам тақиқланади.

Юқорида кўрсатилган оддий ёнғин хавфсизлиги қонун-қоидаларига риоя қилсак, ғалла ўрим-йиғимини талафотсиз ва кўнгилдагидек якунлаймиз.

Фаррух ШАЙМАРДАНОВ,
вилояти ЁХБ тарғибот маркази бошлиғи
Раҳматулло МАТАНОВ,
Олтинсой тумани ЁХБ бошлиғи, подполковник

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Хирмон тўлиб тўкилди дон…

Воҳамиз ғаллакорлари давлатга ғалла сотиш шартномавий режасини ошириб бажаришди. Қабул масканларига бугунгача 289,9 минг ўрнига …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE