Бош саҳифа / Жамият / Мавсум ва масъулият

Мавсум ва масъулият

ёхуд қозонхоналарда нима гап?

Маълумки, Президентимизнинг қарори билан барча соҳалар ва тармоқларни 2017-2018 йилда кузқиш мавсумида барқарор ишлашга тайёрлашни таъминлаш чоратадбирлари тасдиқланиб, давлат органлари раҳбарларига шахсий масъулият юкланганди.

Шунга мувофиқ, Вазирлар Маҳкамаси томонидан Бош вазир ўринбосарлари раҳбарлигида учта ишчи гуруҳ тузилиб, кўп хонадонли уйларни мавсумга тайёрлаш, иссиқлик ва сув таъминотини, ижтимоий соҳа, иқтисодиёт тармоқлари объектларини ва аҳолини ёқилғи-энергетика манбалари билан ўз вақтида ва етарлича таъминлаш ишларини ташкиллаштириш, электр, газ таъминоти объектларини мавсумга ўз вақтида ва сифатли бажарилиши юзасидан бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилди.

Хўш, Термиз шаҳридаги хонадонлар, кўп қаватли уйлар ва муассасаларни иссиқлик манбаи билан таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар бугунги кунда қанчалик ўзини оқлаяпти? Ушбу саволларга жавоб топиш мақсадида вилоят “Иссиқлиқ манбаи” ишлаб чиқариш корхонасида бўлдик. Мазкур корхона томонидан мавсум режасига асосан Термиз шаҳар 5-кичик даҳа мавзесидаги қозонхона мукаммал таъмирланиб, 200 метр масофага янги қувур тортилиб, 600 метр қувурларда изоляция ишлари амалга оширилган. 2018-2022 йилларга мўлжалланган манзилли дастурга асосан  Термиз шаҳридаги “Ўзбекистон” маҳалласида жойлашган РК-6, ва РК-5 қозонхоналарини қайта реконструкция қилиш ва барча мавжуд қозонхоналарни энергия кам сарфлайдиган янги қозонларга алмаштириш режалаштирилган.

— Корхона тасарруфида жами вилоят бўйича 10 та қозонхона бор. Биргина Термиз шаҳридаги РК-6 қозонхонамиз 14 та кўп қаватли уйга ва иккита таълим масканига иссиқлик манбаини етказиб беради. Бошқа қозонхоналаримиз ҳам тубдан таъмирланган ва мунтазам ишламоқда, — дейди корхона раҳбари Эркин Шаметов.

Суҳбатимиз асносида бу соҳада ечимини кутаётган оғриқли масалаларга ҳам эътиборимизни қаратдик.

— Аслида вилоятимиз марказида 10 та қозонхонамиз бор эди. Шулардан 5 таси бугунги замон талабига жавоб бермаслиги, яъни энергия ва ёқилғини кўп сарфлаши, биноларнинг таъмирталаб ва узатиш қувурларининг  яроқсиз аҳволга келиб қолганлиги боис фаолияти тўхтатилди, — дейди корхона раҳбари.

Дарҳақиқат, замон шиддат билан кечиб, аҳолининг турмуш шароити янада яхшиланиб бораётган бир вақтда хонадонларни иситиш эҳтиёжидан келиб чиқиб, замонавий мосламалар бозор расталарини эгалламоқда. Кўпчилик хонадонларнинг марказлашган иссиқлик тармоқлари хизматига эҳтиёж қолмади. Бора-бора бу корхона хизмати таназзулга юз тутиб, мавжуд 27 нафар иш ўрни ҳам ўз-ўзидан йўқотиладими, деган оғриқли савол туғилиши табиий.

Бозор иқтисодиёти рақобатни талаб қилади. Мижоз ҳамиша ҳақ. Истеъмолчи хизмат сифатидан қониқмаяпдими, эҳтиёжини қондиришнинг мақбул йўлини излайди. Шу боис бу тизимда хизматлар сифати ва қулайлигини таъминлаш борасида муайян ишлар қилинмаса, ўз ўрнида корхонани ва иш ўринларини сақлаб қолиш, шу соҳа ходимларининг даромад манбаини ошириш ва турмуш шароитларини яхшилаш муаммога айланади.

Аҳолига ана шу коммунал хизмат кўрсатиш даражасини янада ошириш, сув таъминоти, канализация ва иссиқлик таъминоти тизимларини ривожлантириш ҳамда модернизация қилиш чора-тадбирларини янада барқарорлаштириш, уй-жой коммунал соҳасидаги мавжуд муаммоларни бартараф этишга қаратилган.

Президентимизнинг 2017 йил 18 ноябрдаги «Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш тизимини бошқаришни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони ва «Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори  соҳани муаммолар гирдобидан олиб чиқишда айни муддао бўлди, десак адашмаймиз. Унда айнан аҳолини сифатли ичимлик суви ва марказлаштирилган иссиқлик таъминоти билан таъминлаш ҳам талаб даражасида эмаслиги қайд этилган. Яқин истиқболда уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш тизимига ресурс ва энергия тежайдиган технология ҳамда ускуналарни жорий этиш, жумладан, уй-жой коммунал хўжалик объектларини замонавий ҳисобга олиш-ўлчаш асбоблари билан таъминлаш, қурилиш-монтаж ишлари таннархини камайтириш ва соҳани тубдан ислоҳ қилиш назарда тутилган.

Айни кунларда вилоятимиз маркази ва Қумқўрғон, Денов, Узун туманларида фаолият юритаётган “Иссиқлиқ манбаи” ишлаб чиқариш корхонаси ходимлари истеъмолчиларга етказиб берилаётган иссиқ сувлардан самарали фойдаланишлари, таъминот тўловлари масаласига ва қиш мавсумида юзага келадиган камчилик ва муаммоларни ечишга ва юқорида қайд этилган соҳани тубдан модернизация қилишга қаратилган муҳим ҳужжатлар мазмун моҳияти тарғиботига ҳам алоҳида эътибор қаратишган.

А. РАЖАБОВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Жарима тўлади

Бугунги кунда юртимизда тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган шахсларга ҳамма қулайликлар яратилган. Жумладан, кўпчилик шахсий …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE