Бош саҳифа / Жамият / Матонатли инсон

Матонатли инсон

Жовли домла оиласида ўғил фарзанд туғилди. Аммо, ота-она қувончига бир оз изтироб оралади. Чақалоқнинг кўзлари ожиз эди. Жовли домла аёли Жумагул опага далда берди:
— Бу ҳам Худонинг ишида, хотин. Кўп қайғураверма. Дунёда кўзи ожиз бўла туриб, кўзи очиқларга ибрат бўлганлар қанча. Фақат, фарзандимизнинг тарбиясига эътибор қаратайлик, — деди.

Худди шундай бўлди ҳам. Алламурод улғайган сари, зеҳни ўткирлиги, илм-ҳунарга қизиқиши ва бошқа иқтидорини намоён эта бошлади. Қизириқ туманидаги 34-умумтаълим мактабида таълим олиб, ўқишни аъло баҳоларга тамомлади. Ундан сўнг Тошкентдаги махсус касб-ҳунар коллежида, Тошкент давлат педагогика университетининг тарих факультетида ўқиб, имтиёзли диплом билан тамомлади. Ўқиш жараёнида университет раҳбарлари томонидан унинг ота-онаси ҳамда 34-умумтаълим мактаби ўқитувчиларига ташаккурномалар келганида ота-онасининг севинчи ичига сиғмасди.

Алламурод Тожиев 2013  йилдан ҳозирги кунга қадар ўзи ўқиган 34-умумтаълим мактабида тарих фанидан ўқувчиларга дарс бериб келмоқда. Китобга меҳр қўйган устоз имконияти чекланган бўлишига қарамай, бадиий, тарихий-илмий  асарларни тинимсиз мутолаа қилади. Улардаги турли ривояту ҳикоятлар, тарихий воқеалар ҳақида ўқувчиларга ҳам сўзлаб бериб, уларни ҳам китобхонликка ошно бўлишга ундайди. Шунингдек, дарсларни ноанъанавий интеллектуал ўйинлар, турли машғулотлар билан бойитиб, ўқувчиларни зериктирмайди. Мактабда тарих фанига қизиқувчан ўқувчилар учун тўгарак ҳам ташкил этган, унда ҳафтада 3 марта машғулотлар олиб боради. Устознинг кўплаб шогирдлари бор, уларнинг аксарияти ҳозирда нуфузли олий ўқув юртларида таҳсил олишаяпти.

Тиниб-тинчимайдиган бу инсон бўш вақтларида тўй-тантаналари учун таклифнома, фотоальбом, фотосуратларга ишлов бериш билан бирга томорқада ишлашни канда қилмайди. Яқинда ҳовлиси ёнидан иссиқхона қурди. У ерда эрта пишиб етиладиган помидор, бодринг, булғор қалампири етиштирмоқчи. Иссиқхонадан яхши фойда олиб, паррандачилик билан шуғулланишни режалаштираяпти.

— Тадбиркорлик қилиш учун кимдандир қарз олиб ёки банкдан кредит олиш керак эмас, — дейди Алламурод Тожиев. — Бунга мустаҳкам ирода, кучли меҳнат, энг асосийси, яхши бизнес ғоя бўлса бас. Маблағга келадиган бўлсак, чиқим қилмасанг кирим ҳам бўлмайди. Зеро, тинимсиз меҳнат бойликнинг асл калитидир.

Алламурод домлани ҳеч ким жисмоний имконияти чекланган ёки кўзлари ожиз демайди. Чунки, у киши билимдон, чинакам зиёлиларга хос маданият ва юксак маънавият эгаси бўлганлиги боис, одамлар домланинг олийжаноб фазилатларидан ибрат олишга интилади.

Лобар ОТАМУРОДОВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Газетанинг янги сонини ўқинг!

“Сурхон тонги” газетасининг 2020 йил 5 августдаги сонида сиз кутган мақолалар нашр этилган: — “Тез …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan