Бош саҳифа / Иқтисодиёт / Матолар жилоси

Матолар жилоси

Баҳор фаслини жуда яхши кўраман. Сабаби, унинг бошқа фаслларга қараганда таровати ўзгача. Бу фаслдан илҳом оламан. Ҳар бир тўқиётган гиламим, тикаётган либосларимдаги ранглар ва нақшларни унинг ҳуснидан нусха олиб бойитаман. Шунинг учунми, мен тўқиган гиламлар, замонавий сумкалар ва либосларнинг харидори кўп.

Фақат республикамизнинг турли вилоятларида эмас, қўшни давлатларда ҳам маҳсулотларимни иккиланмай сотиб олишади.

Бу ҳунар бизга оилавий мерос. 10 ёшимдан бери бу анъанавий ҳунарга меҳрим тушган. Илк устозим эса онам бўлган. 2012 йилданоқ якка тадбиркор сифатида ўз бизнесимни йўлга қўйдим. Шу кунга қадар 30 нафар шогирд тайёрладим. Уларнинг 6 нафари якка тартибда тадбиркор бўлиб фаолият юритаётган бўлса, 5 нафари эса қўл остимда ишлаяпти.

Шу ҳунарим орқали республикамизда ўтказиладиган кўплаб танловларда, кўргазмаларда иштирок этиб келаман. 2013 йилдан буён қўшни Тожикистон ҳамда Қирғизистон давлатларида ташкил этиладиган “Диёри ҳусн”, “Оймо” халқаро фестивалларида қатнашиб, мастер-класслар ўтказиб, миллий ҳунаримизни тарғиб этиб келаяпман. 2018 йилда мен тиккан, тўқиган маҳсулотлар ЮНЕСКО томонидан бериладиган “сифат белгиси”га муносиб кўрилди. Эндиликда ушбу белги орқали АҚШда бўлиб ўтадиган халқаро кўргазмада иштирок этаман.

Энг қувонарлиси, яқинда менга Бойсун туман ҳокимлиги томонидан “Оби” маҳалласидан 1 сотих ер майдони ажратилди. У ерда “Ёш ҳунармандлар” мактабини йўлга қўймоқчиман. Мактаб биносини қуриш ишларини эса аллақачон бошлаб юборганмиз.

Наврўз байрами арафасида хотин-қизларимиз ва йигитларимизнинг эгнида замонавий дизайн асосида миллий матоларимиздан тикилган либосларни кўриб, кўзимиз қувнайди. Чунки улар нафақат ранг-баранглиги, балки ўзига хос сифати билан ҳам қадрлидир. Аммо ҳаммасидан ҳам муҳими, улар қадим анъаналаримизни эслатиб туради. Ва ҳамиша интиқиб кутиб, ўзгача руҳ билан нишонлайдиган байрамимиз — Наврўз каби ҳеч қачон ўлмайди, яшашда, янгиланишда давом этаверади.

Мафтуна АЗИЗОВА,

ҳунарманд, “Шуҳрат” медали соҳибаси,Бойсун тумани

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Бойсун – ҳамиша эътиборда

Тоғлар бағридаги сўлим Бойсун воҳамизнинг маданий, ижтимоий-иқтисодий ҳаётида муҳим аҳамиятга эга ҳудуд саналади. Айниқса, кейинги …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan