Бош саҳифа / Жамият / Математик асосланган келажак

Математик асосланган келажак

Дунё тажрибасидан аёнки, болалар таълим-тарбияси учун сарфланган сармоя энг яхши ва энг фойдалисидир. Чунки, у жамиятга бир кун келиб ўн, керак бўлса, 100 баробаргача фойда келтиради.

Боланинг тоза фитратига қуйилган ҳар қандай билим эса тошга ўйилган нақшдек муҳрланибгина қолмай, уни янги кашфиётлар қилишга, уйқуда ётган истеъдодини уйғотиб, янги қирраларини намоён этишга замин ҳозирлайди. Ваҳоланки, бу гапларни йилларки, олган тажрибамга асосланиб айтаяпман.

Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга қилган мурожаатномасида Ўзбекистонда ҳам айнан бола туғилганидан бошлаб, 30 ёшгача бўлган даврда уни ҳар томонлама қўллаб-қувватлайдиган, ҳаётда муносиб ўрин топиши учун кўмак берадиган, яхлит ва узлуксиз тизим яратилишига алоҳида урғу берилди. Тўғри, бизда таълимга, айниқса, мактаб таълимини яхшилаш борасида ислоҳотлар олиб борилмоқда. Бироқ, бу соҳада ҳали қилинажак ишларимиз анчагина. Ана шу жиҳатни яхши англаган Президент мактаб таълимини тубдан яхшилаш, сифатини ошириш, шу билан бирга муаллимларга  ҳам муносиб шароит яратиш борасидаги ислоҳотлар жадал давом эттирилишини билдирди.

Ислоҳотларнинг амалий кўринишлари эса қуйидагича изоҳланди. Яъни, бу йил 30 та янги мактаб қуриш, 320 та мактабни таъмирлаш ва моддий-техник базасини яхшилаш мақсадида бюджетдан 2 триллион сўм ажратилиши айтилди. Бу маблағлар шароитсиз бир аҳволда фаолият юритаётган, хоналар етишмаслигидан уч сменалаб алмашлаб дарс ўтишаётган мактаблар учун жуда катта ёрдам бўлади.

Таълимда сифатга эришиш учун, энг аввало, дарсликлар мукаммал ва ўқувчига тушунарли бўлиши лозим. Ислоҳотлар жабҳасида айни шу жиҳат ҳам эътибордан четда қолмайди, албатта. Жорий йилда ўқув дастурлари, ўқитувчи ва домлалар учун методик қўлланмалар илғор халқаро мезонларга мослаштирилади. Болаларнинг таҳлилий ва креатив фикрлаш қобилиятини ривожлантириш учун уларга сермазмун ва тушунарли дарсликлар яратиш мақсадида янги ўқув йилида бошланғич синфларда давлат таълим стандарти ўрнига, илғор хорижий тажриба асосида, болага ортиқча юклама бермайдиган “Миллий ўқув дастури” жорий этилади.

Давлат раҳбари таълим сифати нафақат барча имкониятлар мавжуд бўлган пойтахтдаги таълим муассасаларида, балки чекка ҳудудлар, қишлоқ мактабларида ҳам бир хил шакллантирилиши кераклигига тўхталганида ҳақ гапни айтди. Ахир қишлоқ мактабида ҳам халқнинг, бизнинг фарзандларимиз таҳсил олишади. Уларнинг ҳам сифатли таълим олишга, замонавий технологияларни ўрганишга, чекка ҳудудларда ҳам электрон таълим тизими жорий этилишига уларнинг ҳақлари бор. Мурожаатномага кўра бунинг учун чекка ҳудудларда мактабларни малакали кадрлар билан таъминлаш, таълим сифатини яхшилаш бўйича алоҳида дастур амалга оширилади. Жумладан, бошқа тумандаги олис мактабга бориб, дарс берадиган ўқитувчилар ойлигига 50 фоиз, бошқа вилоятга бориб ишласа – 100 фоиз устама ҳақ тўланади. Шунингдек, ҳудудларда хусусий мактаблар фаолиятини рағбатлантириш учун бюджетдан субсидиялар ажратилади.

Яна бир қувонарли янгилик, 2021 йилда юртимизда 10 та Президент мактаби, кимё-биология, математика, ахборот технологияларига ихтисослашган 197 та мактаб ўз фаолиятини бошлайди. Президент мактаби вилоятларда ҳам иш бошлагач, у ердаги иқтидорли болалар учун имконият яратилади.

Аниқ фанларга, ахборот технологияларига ихтисослашган мактабларда эса фарзандларимиз чуқурлаштирилган билимларни олишади. Жадал  ўзгариб бораётган дунёда ҳар бир мамлакат ўз келажагини математик асослаб қуриши жуда ҳам зарур. Чунки, бугунги кунда инсоният олдида чегара билмас муаммолар турибди. Жумладан, кибер таҳдид, ахборот хавфсизлиги каби хавфлар кучайди. Бу замонавий муаммоларни ечишда информацион технологиялар, дастурлаш, математик моделлаштириш ва кимё-биология каби соҳаларни ривожлантириш жуда муҳим. Юқоридаги каби 197 та махсус ихтисослашган мактабларнинг ишга тушиши эса ушбу йўналишдаги кадрларни етиштиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Шоҳида ХОЛЛИЕВА,

Амударё болаларни соғлаштириш оромгоҳи директори

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Ёмон гумон омад йўлимизни боғлайди

Толҳа ибн Абдурроҳман ибн Авф ўз замонасида Қурайшнинг энг саховатли кишиси эди. Бир куни унга …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan