Бош саҳифа / Жамият / Матбуот котиблари аттестациядан ўтказилади

Матбуот котиблари аттестациядан ўтказилади

Бундан бир неча ой олдин устоз-журналистлар томонидан матбуот хизматлари фаолиятидаги сусткашликлар борасида танқидий-таҳлилий руҳдаги мақолалар оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган эди.

Бироз вақт ўтиб, ушбу масала юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Админстрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги масъуллари томонидан янги лойиҳа ишлаб чиқилиб, барча давлат ва маҳаллий ҳокимият органларида матбуот хизматини самарали йўлга қўйиш ҳамда матбуот котибларининг мавқеини ошириш бўйича таклифи билдирилди. Бунинг натижаси ўлароқ, давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган “Оммавий ахборот воситалари мустақиллигини таъминлаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари фаолиятини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор имзоланди.

Мазкур қарорда белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, эндиликда давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти ҳақида оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар, давлат органлари ва ташкилотларининг расмий веб-сайтлари, шунингдек, бошқа ахборот ресурслари орқали, шу жумладан, матбуот анжуманлари, брифинглар, медиатурлар ташкил этиш йўли билан аҳолига мунтазам, тўлиқ ва тезкор равишда ахборот тақдим этиб борилади. Илгари ҳам бундай ахборотлар берилган. Аммо энди бунинг қамрови ва кўлами янада кенгаяди. Аҳолининг мазкур ташкилотлар ва уларнинг раҳбарлари томонидан чиқарилаётган қарорлардан бохабарлиги ортади.

Матбуот хизмати ходимлари ўзи ишлаётган давлат органи ёки ташкилот ҳақида ахборот бериб бориш орқали унинг ўзига хос имиджини ҳам яратади. Ҳатто аҳоли орасида ижтимоий сўровлар ўтказиб, жамоатчиликнинг фикрини билиш орқали ташкилот ва корхоналарнинг фаолиятига, яъни ўз-ўзига баҳо беради. Шунга қараб, вазифалар белгилайди, режалар тузади. Ахир кўпчиликнинг фикри орқали йўл қўйилаётган камчиликларни тузатиш имкони пайдо бўлади.

Бундан ташқари, қарорга мувофиқ давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот хизматлари ходимлари устувор равишда журналистика соҳасида олий маълумотга эга бўлган шахслар орасидан лавозимга тайинланади. Шунингдек, давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари раҳбарлари бир вақтнинг ўзида давлат органи ва ташкилоти раҳбарининг матбуот котиби ҳисобланиб, ахборот сиёсати масалалари бўйича раҳбарнинг маслаҳатчиси мақомига эга бўлади ҳамда меҳнатга ҳақ тўлаш, тиббий ва транспорт хизмати кўрсатиш шартларига кўра давлат органи ва ташкилоти раҳбарининг ўринбосарига тенглаштирилади. Бу матбуот котибининг мав қеини оширади. Демак, ўз мавқеига эга ва молиявий жиҳатдан ҳам яхши ҳақ олган матбуот котиби, табиийки, эркин ва зиммасидаги вазифани сидқидилдан бажаришга киришади.

Яна бир гап. Матбуот котиблари Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ёки унинг ҳудудий бўлинмалари хулосасини ҳисобга олган ҳолда лавозимга тайинланади ва ҳар уч йилда аттестациядан ўтказилади. Бу ҳам матбуот котибларининг ўз устида доимий ишлаб, изланишлари, журналист сифатида жамиятдаги воқеа-ҳодисалардан ҳам воқиф бўлиб боришларини тақозо этади.

Феруза РАҲМОНҚУЛОВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Конференция бўлиб ўтди

Қизил ярим ой жамияти узоқ йиллик тарихга эга. Ушбу ташкилот табиий ва техноген тусдаги фавқулодда …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE