Бош саҳифа / Жамият / Матбуот худди дарслик кабидир

Матбуот худди дарслик кабидир

Президентимиз Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида қалбимиздаги оғриқли нуқталардан бири, яъни босма нашрларга эътиборсизлик масаласига ҳам алоҳида тўхталиб ўтдилар.

Давлатимиз раҳбари кейинги йилларда «мажбурий обуна» баҳонасида ихтиёрий обунани ҳам йўқ бўлгани, бунинг натижасида мактаб ва олийгоҳларнинг ўқитувчилари ўзлари учун зарур бўлган газета ва журналлардан ажралиб қолганини алоҳида таъкидлади. Тўғриси, бу ҳаётий ҳақиқат гаплардир.

Илгари мактабларда дарс бошланишидан аввал беш дақиқалик «сиёсий ахборот», яъни газеталар шарҳи ўтказиларди. Ота-оналаримиз ҳам ишдан уйга қайтишида қўлларида бир нечта газета билан қайтар, кечки оқшом ота-оналаримиз билан биз фарзандлар ҳам талашиб-тортишиб газеталарни ўқиш билан машғул бўлар эдик. Ҳозирги кундаги катта авлоднинг сиёсий етуклигига шу ҳам сабаб бўлгандир балки. Бугунга келиб эса кўпчилик газета ўқимай қолди. Одамлар ишга кетишда ёки қандайдир юмушдан сал ортганда ижтимоий тармоқлар орқали йўл-йўлакай ахборот олишга ўрганиб қолди. Бу билан кишининг фикрлаши, дунёқараши кенгайиб қолмайди ахир. Биз буни тўғри тушунишимиз керак. Қуруқ ахборот билан онгни ўстириб бўлмайди.

Айнан матбуот нафақат бугунги кун панорамасини тўлиқ кўриш ва кузатиш, балки келгусидаги истиқболни ҳам яққол тасаввур қилишга ёрдам беради. Матбуот худди дарслик сингари барча мавзуларни, мамлакатнинг бутун тарихий йилномасини қамраб олади. Ундаги мақола — эртагаёқ эсдан чиқиб кетадиган узуқ-юлуқ фактнинг ўзигина эмас, унда мулоҳаза бор, шарҳ бор. Мақолага ҳар доим қайтиш мумкин.

         Яна бир муҳим жиҳати матбуотдаги материалда масъулият бўлади, жавобгарлик бўлади. Шошма-шошарлик билан материал эълон қилиб, ёлғон факт кетиб қолса, уни тезда ўзгартириш ёки ўчириб ташлаш имкони бўлмайди. Шунинг учун ҳам газетага материал тайёрлашда кўпроқ манбаларга мурожаат қилинади, кўп ўрганилади. Бу ўқувчи учун ҳам фойдали. Керак бўлганда, яна бошдан мулоҳаза қиласан, муҳим жойларини белгилаб, ўқиганларни кейинчалик фойдаланиш учун сақлаб қўйиш ва дарс жараёнларида фойдаланиш мумкин.

Янгидан қабул қилинган Таълим тўғрисидаги қонун ҳамда кадрлар тайёрлаш миллий дастури ўқув-тарбия жараёнларини жаҳон стандартлари даражасига кўтариш, таълим, замонавий педагогика ва ахборот технологиялари, босма нашрлар ютуқларини амалда уйғун қўллашни тақозо этади.

Президентимиз бугунги кунда босма нашрларни таълим муассасаларига, ўқитувчи-профессорларга етказиб бериш ҳам жиддий муаммога айланган. Чунки бу борада матбуот тарқатиш ва почта тизимининг фаолияти мутлақо талабга жавоб бермайди, дея танқидий баҳо берди. Бу албатта, матбуотни ривожлантириш билан боғлиқ масала, бу газеталарни ўқувчиларга етказиб бериш тизимини ислоҳ қилиш зарур деганидир. Чунки чоп этилаётган матбуот нашрлари истеъмолчига ўз вақтида етиб бормаслиги натижасида, мақолаларнинг долзарблиги, вақт нуқтаи назаридан қиймати камаймоқда.

         Айни кунларда юртимизда босма нашрлар, газета ва журналларга обуна бошланди. Янги йилнинг илк куниданоқ ишончли ва қизиқарли янгиликлар билан танишиш, уларни ёшларимизга етказиш учун ҳам обуна жараёнларига мажбурий эмас, ихтиёрий равишда ёндашишимиз даркор. Зеро, матбуот — ҳаёт кўзгуси. Яъни, у воқеалар жараёнини авлодлардан авлодларга етказувчи манба. Матбуотни ўқиш одамни китобга йўналтиради, бу эса теран фикрлашга, кенг дунёқараш эгаси бўлишга йўл очади.

Дилбар МАМАДЖАНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Сариосиёдаги олис тоғли ҳудуд — “Чош”ликлар ҳаётидан ҳикоя

Сариосиё туманининг олис тоғли ҳудудида жойлашган “Чош” маҳалласида 399 та хўжаликда 1610 нафар фуқаро истиқомат …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan