Бош саҳифа / Жамият / Масъулиятсизликнинг охири борми?

Масъулиятсизликнинг охири борми?

Ёхуд ангорликларнинг  муаммолари  хусусида

Вилоят ҳокимлиги томонидан ташкил этилган 3-жамоатчилик назорати ишчи гуруҳи Ангор туман ҳокимлиги томонидан тузилган секторлар  фаолиятини ҳам кузатувдан ўтказди.

Туманнинг 1-сектор фаолияти ўрганилганда кўпчилик мурожаатлар эътиборсиз қолиб кетганлиги аёнлашди. Мисол учун  “Гиламбоп” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Бозор Алланазаров, Назар Ҳакимов, Матлуба Исломова, Соат Хўжаназаровларнинг ижтимоий ёрдам сўраб қилган мурожаати қондирилмаган. 10-мактабгача таълим муассасаси биноси таъмирталаб аҳволда. Боғча атрофи ҳимоя девори билан ўралмаган.

“Хомкон” МФЙда яшовчи Каромат Валиеванинг  уйи эса таъмирталаб, турмуш ўртоғи билан оилавий низо келиб чиққан. Бироқ маҳалла фаолларининг парвойига ҳам келмайди. Пардахол Абдуғаниева эса ногиронлик аравачасига муҳтож. Уйи зах, таъмирталаб.

Туманнинг 2-секторида олиб борилган ишлар ўрганилганида, пешлавҳа илинмаганлиги,  секторнинг қарорлари, баённома ва далолатномаларини рўйхатга олиш журнали мунтазам юритилмаганлиги аёнлашди. Сектор аъзоси Улуғбек Бойировнинг 2017 йил 6 декабрда бира тўла 40 та, 13 декабрда 51 хонадонга кириб чиққанлигига ишониш қийин бўлса, яна бир аъзо Рамазон Сатторов билан суҳбатлашганимизда биронта ҳам хонадонга кирмаганлигини тан олди.

Бугунги кунда айнан “Зартепа” ва “Занг Гиламбоб” маҳаллалари ҳудудида айрим муаммолар йиғилиб қолган. Қишлоқ орасидан ўтган зовур 5 йилдан бери қазилмаганлиги сабаб, аҳоли томорқаси, уйлари захлаган.

ТЎРТ ОЙДА АТИГИ
13 ТА МУРОЖААТ…

Тумандаги   3-сектор штаби Ангор политехника коллежида жойлашган. Бино кўрсатмага мувофиқ жиҳозланган. Фуқаролар  мурожаатларининг кўпчилиги ўз ечимини топсада, бироқ улар орасида якунига етказилмаган масалалар ҳам бор.

Жумладан, “Деҳқон иттифоқ” маҳалласида яшовчи фуқаро Б.Бўронов ҳамда унинг турмуш ўртоғи Қ.Чориевалар бетоб эканлиги, уларни даволаш учун кўмаклашиш бўйича сектор раҳбари туман тиббиёт бирлашмасига хат билан мурожаат қилган. Аммо, ушбу мурожаатга ҳеч қандай жавоб хати келмаган. Ҳудуддаги 11-мактабгача таълим муассасасида қиш мавсуми учун олиб келинган кўмирнинг сифати ёмонлигидан туман мактабгача таълим бўлими хабардор бўла туриб, муаммони бартараф этиш юзасидан амалий чоралар кўрмаган. 37-умумтаълим мактабида қўшимча 8 та синфхона етишмайди, компьютер жамланмаси йўқ, чиқиндилар учун пул тўлансада, олиб чиқиб кетилмаяпти.

“Қўштегирмон” маҳалласида рўйхатдан ўтган, аммо “Каттақум” маҳалласи ҳудудига кўчган Назира Бектошева билан қилган суҳбатимизда турмуш ўртоғи Россия Федерациясига 3 йил аввал кетгани, шундан буён хабар йўқлиги, моддий таъминоти ночорлиги, электр сим устунлари қўлбола, омонат ўрнатилгани оқибатида электр чироғисиз ўтирганини, газ баллонга эҳтиёжи борлигини айтди.

Хўш, савол туғилади фуқароларнинг бу  каби  мурожаатлари сони ортиб борганлигига сектор раҳбарлари нега лоқайд  қарашган?

Секторда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини қайд этиш дафтари 2017 йилнинг ноябрь ойидан юритилган, жами шу кунгача 13 та мурожаат қайд этилганини эса қандай изоҳлаш мумкин? Шундан 9 тасининг бажарилганлиги тўғрисида қайдлар йўқ.  Сўровимиздан сўнг дафтарга ёзила бошланди. Низом талабларига кўра секторнинг уйма-уй юриш дафтари у фаолият бошлаган санадан юритилиши лозим эди, аммо негадир у 2018 йилнинг февраль ойидан бошлаб юритилган.

Бутун бошли сектор ҳудудидан биргина “Фаровон” маҳалласида яшовчи Ч.Мўминовнинг тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиши учун тижорат банкидан  7,5 миллион сўм кредит олганлигидан бўлак маълумот топмадик.

ТАНАСИ БОШҚА ДАРД
БИЛМАС

Тумандаги  4-сектор фаолияти ҳам атрофлича кўриб чиқилди ва ишлар қониқарли   эмаслиги  аёнлашди. Жумладан, “Навбаҳор”  маҳалласидаги  12  та  мурожаат  юзасидан ўрганишлар олиб борилди. Уй-жойини таъмирлаш юзасидан мурожаат қилган Тўлабой Бозоров, Баҳодир Очилов, Мамараим Турдиев, ҳар томонлама ҳимояга муҳтож  Пардахол Абраевага сектор вакиллари томонидан на ёрдам, на атрофлича  тушунтириш  берилган.  Шунингдек, эътиборга муҳтож, кам таъминланган  88 ёшли Тожинор Паттиева, шу кунларда фарзанди вафот этган Ҳайитгул Шодиеваларнинг ҳолидан  сектор вакиллари хабар олмаган.

Баҳодир Очилов ва Фарида Турдиеваларнинг оиласи эса тубсиз жарлик бўсағасида. Баҳодир Очилов 2-гуруҳ ногирони, ичкиликка рўжу қўйган. Аёли Фарида Турдиева эса бунга “аччиқ” қилиб, моддий эҳтиёж юзасидан ҳам кўчадан елим идишлар теради.  Уларнинг бир  ҳамда уч яшар  фарзандлари эса бир хонали, нураш арафасидаги, совуқ ва зах хонада ҳатто кун давомида  оч-наҳор  ва ёлғиз ўтиради. Аёл бир неча бор фарзандларини кераксиз билиб, кўчада ҳам ташлаб кетган.  Бу борада туман хотин-қизлар қўмитасининг хабари бўлсада, масала таранглигича қолган. Сектор вакиллари, маҳалла ва профилактика нозири ҳам бунга бефарқлигини эса қандай баҳолашга эса ҳайронмиз. Маҳаллада кўчаларнинг санитария ҳолати ҳам талабга жавоб бермайди.

11-, 73-, 76- кўпқаватли  уйларнинг томидан чакки ўтиши, умумий ҳожатхоналарнинг яроқсиз ҳолатга келганлиги, баъзи уйларда эса янгиси қурилган бўлсада, эскилари  бузилмаганлиги, ҳовлиларнинг  бетартиблиги дилни  хуфтон  қилади. 4- сектордаги қайси ҳудудга борманг, сув  муаммоси,  албатта, таъкидланади. “Навбаҳор” маҳалласидаги  73-кўпқаватли  уйнинг ортидан  ўтган зовурда икки опахон сув  олаётганлиги  эътиборимизни  тортди.  Қамишзор, каналнинг  чиқинди  суви  ичидан сув шлангини  кўтариб, идишлар  тўлдирилди. Сув  қувуридан  оқиб келувчи  тоза  ичимлик  суви  зовурнинг нотоза  сувига  қўшилиб, яроқсиз ҳолга келаётир. Мутасаддилар ҳамда  аҳоли  туман марказини сув билан таъминлаш учун катта сармоя тикилишини давлатдан сўраб, кўз тикиб тургунча, сувнинг борини исроф қилмасликни ўрганишса, мақсадга мувофиқ бўларди.

“Ўзбекистон”   маҳалласида  2, 35-умумтаълим мактаблари  жойлашган  бўлиб, улардаги  таълим  сифатини  кўнгилдагидек,  деб бўлмайди. Синфхоналар  ҳам  антисанитария ҳолатида. Сектор ҳудудидаги қайси  таълим  масканига бормайлик, маҳалла раиси ва профилактика нозирининг ота-оналар билан суҳбатлашиш хонаси бўлсада, бу  шунчаки  кўзбўямачилик учун ташкил этилганлигини, аслида бу ерда суҳбат  ўтказилмаганини фаҳмлаш қийин эмас.

“Наврўз”  маҳалла  фуқаролар  йиғини  ҳудудида истиқомат қилувчи фуқароларнинг муаммолари асосан,  кўпчилиги  иш  билан  таъминлаш, кредит олиш, тиббий  ёрдам  олиш, МИБ  томонидан  нореал қарздорлик чиқарилганлиги борасидадир. Иш  масаласида мурожаат қилган Сарвигул  Жайшиева, Жамила  Сафароваларнинг мурожаатлари ҳал этилди.    Фуқаро  Барно Зиёеванинг туман газ бўлими ва МИБ туман бўлими томонидан  нореал келтириб чиқарилган 412 минг сўм қарздорлиги  юзасидан  мурожаати  ҳал  этилмаган, натижада мутасадди ташкилотлар билан  муаммо  ўрганилиб қарздорлик  олиб ташланди.

БАХТИЁР БЎЛСА ЗАМОН,
НОШУКР БЎЛМА — ЁМОН

Баъзи ўринларда фуқароларнинг ҳам бўлар-бўлмасга атрофга аюҳаннос солаётганлиги, давлат томонидан кўрсатилаётган эътиборни суистеъмол  қилаётганликлари  ҳам  айни  ҳақиқат.   “Наврўз” маҳалласида истиқомат қилувчи Умид Шайманов ишсизлиги  ҳамда  оиласига моддий ёрдам сўраб мурожаат қилган. Суҳбатлашганимизда  у  анчагина  юқори  маошли, доимо  курсида  ўтирадиган, мўмай даромадли, кунлик ишлар чиққанида  ишхонадан албатта рухсат бериладиган бирор бир иш сўради.  Табиийки, у сўраган ишни мутассаддилар топиб бера олмади. Унинг оиласига моддий ёрдам тариқасида, пишириқлар тайёрлаб сотиши учун  замонавий  маиший техника  берилган. Бироқ, фуқаро уни арзон-гаровга  сотиб  юборган.  Ахир, шунга  айтишса керакда, “Бели оғримаган бел бўлмас, бировнинг  хизматин  билмас”, деб.

КЎП  БИРИКСА,
ЭЛ БЎЛАР

Ўрганишлардан сўнг, 3-жамоатчилик назорати ишчи гуруҳи саъй-ҳаракати билан туманда кўплаб амалий ишларга ҳам қўл урилди. 750 та суюлтирилган газ баллони ижтимоий кўмакка муҳтож оилаларга берилди.   Ишчи гуруҳ  ва  туман прокуратураси ташаббуси билан ҳомийлар ёрдамида  10 қоп ун ва 10 та 5 литрлик ўсимлик ёғи кам таъминланган оилаларга тарқатилди.

Вилоят молия бўлими билан ҳамкорликда “Ўзбекистон” МФЙ ҳудудидаги 2-, 7 – сонли МТМларга 1 мартидан бошлаб қўшимча  60 нафар ёш болаларни қабул қилиш учун 200 комплект чойшаблар ва ошхона жиҳозлари учун  маблағлар  йўналтирилди.  1-гуруҳ  ногиронлиги мавжуд фуқаро   Абдихолиқ   Шомуродов  ногиронлик  аравачаси  билан таъминланишини сўраб қилган мурожаатига кўра  унинг  талаби   ҳам қондирилди. Туманда шу каби кўплаб масала, муаммоларга  ечим  топилди, ҳуқуқий маслаҳатлар берилди. Бу эса юртдошларимиз  кўнглида шу юрт фуқароси эканликларидан яна бир бор  фахр-ифтихор  туйишларига хизмат қилади.

И.АМИРҚУЛОВ
олган сурат

Р.РАҲИМОВА,
вилоят ҳокимлигининг жамоатчилик
назорати 3-ишчи гуруҳи раҳбари

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Битирувчилар МИБда ишлаши мумкинми?

Бу саволга талабалар Термиз давлат университетида Маж-бурий ижро бюроси Сурхондарё вилоят бошқармаси вакиллари билан ўтказилган …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan