Масъулиятни унутманг!

0
55

Ҳушёрлик ҳеч қачон инсонга зарар келтирмаган. Ҳушёрлик шубҳасиз, ҳаётий меъёр ва тириклик мезонларидан биридир, десак асло янглишмаймиз.

Аммо бугунги кунда оммавий ахборот воситалари орқали қилинаётган тарғибот-ташвиқот ишларига қарамасдан, ширакайф ҳолатда транспорт воситаларини бошқараётган воҳадошларимиз, афсуски, учраб турибди.

Денов туман маъмурий суди 2018 йил 9 апрелдаги қарорига кўра, Шерзод исмли шахс (исми шарифи ўзгартирилган)нинг транспорт воситасини маст ҳолда бошқарганлиги юзасидан суд ишини кўриб чиқди. Жумладан, 2018 йил 24 март куни кечки пайт Шерзод Маҳкамов   Денов туман “Бобур” СИУ ҳудудида бошқарувидаги “Ласетти” русумли автомашинада келаётганда ЙҲХБ ходимлари томонидан спиртли ичимлик истеъмол қилганликда гумонланиб тўхтатилганда, ҳақиқатдан ҳам маст ҳолда транспорт бошқараётганлиги аниқланган.

Суд ҳуқуқбузарга жазо тайинлашда, транспорт воситасини алкоголли ичимлик таъсирида маст ҳолда бошқарганлик натижасида оғир оқибатларга олиб келиши мумкинлигини инобатга олиб, тегишли моддаларга асосан, 1 йилу 6 ой муддатга барча турдаги транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиш жазосини тайинлаган.

Ҳуқуқбузар томонидан суд қароридан норози бўлиб, вилоят кассация инстанция судига  шикоят келтиргани учун 2018 йил июль ойида маъмурий суд томонидан кассация тартибида кўриб чиқилди. Аммо ҳуқуқбузарнинг шикояти асоссизлиги туфайли суд қарори ўзгаришсиз қолдирилди.

Ўзбекистон Республикаси “Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги кодексда ҳайдовчиларнинг транспорт воситаларини алкоголли ичимлик, гиёҳванд модда таъсирида ёки ўзгача тарзда маст ҳолда бошқарганда 1 йилу 6 ойдан 3 йилгача транспорт воситасини  бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган. Худди шундай ҳуқуқбузарлик транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқи бўлмаган шахс томонидан содир этилса, энг кам иш ҳақининг 30 баравари миқдорида жарима солишга ёки 15 суткагача  маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлиши кўрсатилган.

Сўнгги  пайтларда воҳамизда содир бўлаётган турли хил кўнгилсиз воқеалар, жумладан, йўл ҳаракати ҳодисаларига ўзингиз гувоҳ бўлиб турибсиз. Бунинг натижасида, бир қатор аянчли оқибатлар юзага келаётгани баробарида, кўплаб бегуноҳ фуқаролар жабр кўриб қолишаётганлиги, айрим ҳолатларда бу фожиали ўлим билан якун топаётгани афсуски, бор гап. Шундай экан, ўз ҳаётимиз қаторида ўзгаларнинг-да ширин ҳаётини асрайлик! Бу барча транспорт эгаларининг муқаддас бурчидир.

С. ХОЛМАТОВ,
вилоят маъмурий судининг судьяси

ЖАВОБ ҚОЛДИРИНГ:

Илтимос изоҳингизни киритинг
Илтимос исмингизни шуерга киритинг