Бош саҳифа / Жамият / Масъулият оширилиши лозим

Масъулият оширилиши лозим

Президентимиз ташаббуси билан ҳудудларда ташкилот ва идоралар, сектор раҳбарлари томонидан халқни эшитиш, муаммоларини ўрганиш, аҳолининг талаб ва истакларини рўёбга чиқариш бугуннинг долзаб масалаларидан биридир.

Шу мақсадида режа асосида ҳудудларда ўтказилиб келинаётган сайёр қабуллар натижасида аҳолининг кўплаб муаммолари ижобий ечим топмоқда.

Буни Қизириқ тумани “Етимқум” маҳалласида Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси ўринбосари А.Усманов бошчилигида ўтказилган сайёр қабул мисолида ҳам кўриш мумкин. Ушбу қабулда 152 нафар фуқаронинг турли масалаларга оид 199 та мурожаати қабул қилинди ва уларнинг аксарияти шу куннинг ўзида ҳал этилди. Қўшимча муддат талаб этилган мурожаатлар назоратга олиниб, муаммоларни ҳал этиш юзасидан мутасадди ташкилот раҳбарлари ҳамда масъул ходимларига топшириқлар берилди.

— Ачинарлиси, аксарият мурожаатларда, айнан туманда бартараф этиш имконияти бўлган масалалар кўтарилган. Бу эса вилоятимизнинг чекка қишлоқларида айрим соҳа вакилларининг етарлича тарғибот-ташвиқот олиб бормаганликларини кўрсатади,— дейдиЎзбекистон Республикаси Президентининг Сурхондарё вилоятидаги Халқ қабулхонаси мудири Абдулҳаким Эшмуратов.

Ҳақиқатдан, туманнинг “Бағрикенг” маҳалласида яшовчи Камола Шобердиева ва турмуш ўртоғи Баҳодир Сапаровлар расмий никоҳдан ўтмаганлиги сабабли 2008 йилдан буён 3 нафар фарзандига туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаларни олишмаган. Наҳотки, бу масала ечими 11 йиллик муддатни талаб қилса. Бу мурожаат туман ФХДЁ бўлими билан бирга ўрганилди ва уларга расмий никоҳи қайд этилиб, фарзандларига туғилганлик ҳақидаги гувоҳномалари сайёр қабул жараёнида топширилди. “Кармаки” маҳалласида яшовчи Мақсуда Ўрозова ҳам йиллар давомида “Микрокредитбанк”нинг туман филиалига янги иш ўринларини яратиш мақсадида тикувчиликни ривожлантириш учун кредит ажратишларини сўраб, ёзма мурожат қилиб келган, аммо, унинг мурожаати қаноатлантирилмаган. Бу мурожаат ҳам қабул жараёнида атрофлича ўрганилиб, Микрокредитбанк туман филиали томонидан фуқаро Ўрозова Мақсудага қонуний тартибда 7 млн. сўм кредит маблағи ажратиладиган бўлди. Шу ерда ҳақли савол туғилади, аксарият мурожаатлар ечими йиллар давомида пайсалга солиб келинаётганининг сабаби нимада? Ана шу ҳақли савол мутасаддиларнинг ҳаловатини бузса, ҳар бир раҳбар ўз вазифасига масъулият билан ёндошсагина, муаммоларни ўз вақтида ҳал этишга ва аҳолининг эртанги кунга бўлган умидини оширишга хизмат қилади. Зеро, Юртбошимиз таъкидлаганидек, аввало халқнинг муаммоларини ечиш, уларни ҳаётдан рози қилиш давлатимизнинг энг муҳим устивор вазифаларидан.

Алиёр РАЖАБОВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Тадбир ўтказилди

Кўнгилсизликнинг олдини олиш мақсадида ходимларимиз Собир Термизий номидаги вилоят ахборот кутубхона маркази ишчи ходимлари билан …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan