Бош саҳифа / Жамият / Машҳур Сополлитепа

Машҳур Сополлитепа

қум барханларига айланиб бормоқда. Мутасаддилар эса яна жим.

Тўрт минг йиллик тарихга эга Музработ туманидаги Сополлитепа ёдгорлиги йўқолиб кетиш арафасида. Ўзбекистон ҳудудидаги энг қадимий шаҳар — Жарқўтон аҳолисининг янги ерларни ўзлаштириши ва сувли ҳудудли жойга оммавий кўчиши натижасида бундан тахминан тўрт ярим минг йил муқаддам янги Сополлитепа аҳоли манзилгоҳи юзага келганди. Археологлар Сополлитепа ёдгорлигини қазиб ўрганишганида бу ерда бронза даврига доир кўплаб ноёб экспонатлар топилган.

Бугунги кунда машҳур Сополлитепа ёдгорлиги қум барханларига айланиб қолаётир. “Сополлитепа” маҳалласи котиби Музроб Исанқуловнинг айтишича, “Бу ерга қадимий Сополлитепанинг довруғини эшитиб келганлар ёдгорликка аввало йўл излаб қийналади. Кейинига эса ўнқир-чўнқир жойни кўриб, кўзига ишонмайди. Бир неча йиллардан буён уни таъмирлаш ҳақида гап-сўзлар юради, лекин бирор бир амалий натижа йўқ”.

Атрофи девор билан муҳофазаланмаганлиги учун бу манзил ёзнинг жазирамасидан ҳамда қишнинг изғиринидан қочган дайди итларга, шу атрофдаги қўйчивонларнинг чорва молларига қўнимгоҳлик вазифасини ўтамоқда. Ёдгорликни турли табиат ҳодисаларидан, офатларидан сақлаш, табиий шўрланишдан муҳофазалаш учун ёпиқ дренаж ҳам қилинмаган. Сополлитепага олиб борувчи йўл йўқ. Дала оралаб борувчи кичик йўл эса ёзда тиззабўйи чанг, қишда эса лой билан қопланади.

Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш давлат инспекциясининг вилоятдаги масъули Шоҳиста Ма-матқулова билан гаплашилганда, бу ташкилотнинг тарихий обидаларни асраш борасидаги имконияти ҳаминқадарлиги аёнлашди. 2019 йилги давлат дастури режасига кўплаб ёдгорликларни таъмирлаш қаторида бу ёдгорликнинг ҳам жиддий муҳофазага олиш бўйича ўз таклифимизни ҳам берганмиз. Энди…ҳар йили шундай қилинади. Лекин айнан Сополлитепанинг режага киритилиш киритилмаслигининг аниғини билмадим”, — деган жавоб олинди.

“Миллий тикланиш” партияси Сурхондарё вилояти Кенгаши раҳбари Баҳодир Худойқулов берган маълумотга кўра, партия шу кунларда ҳудудда 507 та маданий меърос объектларини ўрганган. Шундан 20-25 фоиз қисмигина бугунги кун талабига қисман жавоб беради, қолган қисми эса қаровсиз ҳолда. Жойларда ёдгорликка олиб борувчи йўл белгилари қўйилмаган, тарихий обида ҳақида афишалар ва маълумотлар жойлаштирилмаган. Шу боис, келган сайёҳ, балки маҳаллий аҳоли учун ҳам бу манзиллар аҳамиятсиз туюлади.

Бугунги кундаги “Сополлитепа” маҳалласи ҳудудида бундан беш минг-тўрт минг йиллар аввал машҳур Сополлитепа маданияти юксак даражада ривожланган. Ёдгорлик ўтган асрнинг 50 йилларидан бошлаб маҳаллий ва хорижий археологлар томонидан ўрганилиб келинмоқда. Қадимшунослар бу ердан пахса иморат, сопол буюмлар, бронзадан ясалган меҳнат қуроллари ва зеб-зийнатлар ясаладиган устахона қолдиқлари, шунингдек, йирик хумларда сақланган буғдой ва арпа донлари топган.

— Воҳада маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш орқали ҳудуднинг туризм салоҳиятини кўтариш мумкин. Ҳар гал йил бошида ҳудудлар кесимида туризмни ривожлантириш бўйича махсус дастурлар қабул қилинади. Жойлардаги таклифлар туман ҳокимликларидан олинади. Музработдан Сополлитепада туризм инфратузилмасини яратиш бўйича таклиф бўлмаган, — дейди туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси вилоят ҳудудий бошқармаси мутахассиси, археолог Зебо Алмардонова.

Музработ туман ҳокимлиги ва вилоят маданият бошқармасидан эса ёдгорликнинг кейинги тақдири ҳақида маълумот олиб бўлмади.

Вилоятдаги матбуот нашрларида тез-тез маданий мерос объектларининг бугунги ачинарли ҳолати ҳақида материаллар тайёрланиб, нашр этиб борилади. Хусусан, шу йилнинг ўзида Сополлитепа ҳамда бир нечта бошқа ёдгорликлар ҳақида журналистларнинг “Тарихий ёдгорликлар “қоғоз”да асралади…ми?”, “Зараутсой эътиборга муҳтож”, “Ёдгорликлар ўрнида молхона” номли мақолалар ҳам чоп этилган бўлсада, мутасаддилар сукут сақлашган.

Маълумот учун, Сурхондарё тарих туризми, зиёрат ва экотуризм йўналишида беқиёс имкониятга эга. Бу ерда машҳур тарихий, маданий, санъат, меъморий обидалар, ноёб археологик ёдгорликлар, қадамжолар, бетакрор табиат мавжуд.

Вилоят ҳокимлигидан олинган маълумотга кўра,сайёҳлик бирозгина жонланган ўтган йилда воҳага 8 мингдан ортиқ хорижлик сайёҳ ва 40 мингга яқин маҳаллий сайёҳ келган.

Сарвар ТЎРАЕВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Тадбир ўтказилди

Кўнгилсизликнинг олдини олиш мақсадида ходимларимиз Собир Термизий номидаги вилоят ахборот кутубхона маркази ишчи ходимлари билан …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan