Бош саҳифа / Таълим / Маърифат ўчоғида бир чўғ

Маърифат ўчоғида бир чўғ

Дарс олдидан ўқувчилар тўпланишиб, физика фанидан қандай янгилик тайёрлаб келишганини бир-бирига айтиб мақтанишарди:

— Мен майизни газланган сув ичига солганда қандай физик ҳодиса содир бўлишини билиб келдим.

— Мен эса бу йил физика йўналиши бўйича қайси олим Нобель мукофоти лауреати бўлганини аниқладим.

— Хом ва қайнатилган тухумни айлантирганда уларни тўхтатиб кўрганмисиз? Бири тўхтаса, иккинчисини тўхтатиб бўлмайди. Бунинг қандай содир бўлишини ва қандай физик ҳодиса эканлигини айтиб бермоқчиман.

Шу пайт мактабда кириш қўнғироғи чалинди. Ўқувчилар гурр этиб физика хонасига киришди. Ўқитувчи ўқувчилар билан саломлашгандан сўнг, уларнинг бугунги дарсга тайёрлаб келган янгиликларини айтишларига рухсат берди. Янги хабарини айтишга шошаётган ўқувчилар бирин-кетин сўзлай кетишди.

Термиз шаҳридаги Давлат 4-ихтисослаштирилган мактаб интернати физика фани ўқитувчиси Бахтиёр Игамовнинг дарсини ўқувчилар ана шундай қизиқиш ва иштиёқ билан кутади. Чунки топқир ўқитувчининг ҳар гал берган бир-биридан қизиқарли топшириғи уларни бу фанга янада меҳр қўйишга ундайди.

— Аслида ҳаётимизнинг ўзи физик ҳодисалардан иборат, — дейди Бахтиёр Игамов. — Оддий юришимиздан тортиб, овқатланишимизу сўзлашимизгача бўлган жараёнларнинг бари физика ҳодисалари, қонунларига асосланади. Ҳатто, атрофимиздаги бизни ўраб турган дунёнинг қандай тузилганини билиш учун ҳам, аввало, унинг асослари бўлган — физика қонунларини ўрганишимиз керак. Физика — бу фақат мураккаб формулалардангина иборат эмаслигини тушунишимиз лозим. У ҳар биримизга жуда яқин ва айнан кўз олдимизда.

Физик қоидалару ҳодисаларнинг моҳиятини ўқувчиларига ҳам ана шундай содда қилиб тушунтира оладиган устоз ўқувчиларига анча талабчан. У синфдаги ҳар бир ўқувчининг мавзуларни яхши ўзлаштириши учун астойдил ҳаракат қилади. Бирорта ўқувчиси орқада қолгудек бўлса ҳам дарҳол дарсдан кейинги тўгаракка жалб қилади. Бирга масалалар ечиб, мавзуларни эринмасдан тушунтиради.

— Мактабимиз физика, математика фанларига ихтисослаштирилгани учун бу фан ўқувчиларга махсус дарсликлар асосида чуқурлаштирилган ҳолда ўтилади, — дейди Б.Игамов. — Дарсларни уч йўналишда олиб борамиз. Аввал, бирор-бир мавзу юзасидан ўқувчиларга назарий билим берилиб, мисол ва масалалар орқали мустаҳкамланиб борилади. Ниҳоят, учинчи босқичда амалий-лаборатория машғулотларида барчаси аниқ ва равшан қилиб тушунтирилади. Ўқувчи шундагина мавзунинг моҳиятини, у ўрганаётган нарса ҳаётда нима учун асқотишини англайди.

Қаҳрамонимиз 1992—1997 йилларда Термиз давлат университетининг физика-математика факультетини тамомлаб, шу даргоҳда аввал тўгарак раҳбари, сўнг физика фани ўқитувчиси сифатида 21 йилдан буён ўқувчиларга сабоқ бериб келмоқда.

Дарс машғулотлари давомида 45 дақиқа болани бир жойда ўтирғизиб, мавзуни тушунтириш, унга билим беришнинг ўзи бир маҳорат. Аммо бола-бола-да, дарсда шовқин қилиши, берилган топшириқни вақтида бажармаслиги мумкин. Шундай кезларда устознинг зийраклиги, тажрибакорлиги иш беради. Бахтиёр Игамов эса бундай ҳолларда ўқувчиларига қаттиқ гапириб ўтирмайди, ўзининг тили билан айтганда “уларга жазо сифатида физик қонунларни қўллайди”. Уларни кўпроқ мисол ва масалалар, топшириқлар билан кўмиб ташлайди.

Ҳа аслида халқнинг фарзандига илм ўргатиш, игна билан қудуқ қазишдек машаққатли иш. Аммо Б.Игамов ўз касбидан фахрланади. Бу машаққатлар бир кун келиб мева беришига, ўқитувчининг меҳнати муносиб баҳоланишига ишонади.

Қаҳрамонимизнинг шогирдлари нафақат вилоят, республикада, балки халқаро фан олимпиадаларида ҳам иштирок этган. Энг муҳими, уларнинг аксарияти олий ўқув юртларида ўқигач, ўз йўлини топишган. Устозни ана шу қувонтиради.

Албатта, шогирдлар ютуғи ўқитувчи учун энг катта мукофот. Бироқ муносиб рағбат ҳам устозларнинг кўксини бир қадар баланд кўтаришга, юрагининг бир четида Ватанига, иккинчи уйига айланган ўқув даргоҳига, борингки, касбига бўлган муҳаббат чўғини алангалатишга сабаб бўлади. 2017 йил 27 сентябрь куни Б.Игамов Президентимизнинг фармонига кўра “Шуҳрат” медали билан тақдирланганида ана шундай ҳиссиётни бошидан ўтказди.

— Ўша куни директоримиз қўнғироқ қилиб, хушхабарни етказганида ишонмагандим, — деб эслайди устоз. — Эртасига мактабга келгач, ҳамма мени табриклашганда юрагим алланечук орзиқиб кетди. Вилоят ҳокимлигида кўксимга медаль тақишганда эса отамнинг “Ўқитувчилик фахрланса арзийдиган ажойиб касб” деган сўзлари ўтди хаёлимдан. Ва бу ўзимга бўлган ишончни, касбимга бўлган муҳаббатни янада мустаҳкамлади.

Биз кўпинча санъаткорлар, шоирлар ёки машҳур рассомлар ҳақида керагича эшитганмиз, ўқиганмиз. Балки бунга уларнинг доимо халқ ичидалиги, имкониятининг кенглиги сабабдир. Аммо кўримсизгина мактабда келгусида машҳур кишилар бўлиш эҳтимоли бор ўқувчиларга биринчи ҳарф ни ўргатадиган муаллим билан керагича қизиқиб, суҳбатлашиб кўринг-да. У қандай ҳаёт кечираётгани, нималар ташвишлантираётганини билиш учун юрагига қўл солсангиз, унинг қанчалар камтарлиги, улуғлиги, бағрикенглигини ҳис қиласиз. Асли улар халқ ичида, барчага бирдек нафи тегаётганига амин бўласиз.

Феруза РАҲМОНҚУЛОВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Унутилмас учрашув

Анъанага айланиб келаётган “Устоз ва шогирдлар учрашуви” бу йил ҳар қачонгидан ҳам ўзгача руҳда ўтди. …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan