Бош саҳифа / Жамият / Мардлик ва садоқат онти

Мардлик ва садоқат онти

Ҳарбий қасамёд — эр йигитларнинг ўз Ватани ва халқига бўлган меҳру муҳаббати, садоқати ифодасидир. Ҳарбий хизматчи ҳарбий қасамёд қабул қила туриб, Ватан шаъни, унинг озодлиги ва мустақиллигини, халқнинг тинч ва осойишта ҳаётини, бунёдкорлик меҳнатини ҳимоя қилишга онт ичади.

Шу боис ҳам бу кун эр йигитларимиз учун бир умр ёдда қоладиган воқеа саналади.

Яқинда Термиз шаҳридаги Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Сурхондарё вилоят бошқармасига қарашли ҳарбий қисмда бўлиб ўтган муддатли ҳарбий хизматчиларнинг ҳарбий ҳамда Миллий гвардия сафига кириш қасамёди маросими ҳам елкасига қурол тақиб, виқор билан турган ўғлонларимиз ва уларнинг яқинлари хотирасида ана шундай унутилмас кун бўлиб муҳрланди.

Тадбирда ҳарбий қисм хизматчилари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши, “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими вакиллари, ота-оналар иштирок этишди.

—    Ўғлим Сарваржон мана уч йилдан буён муддатли ҳарбий хизмат имтиҳонларига тайёрланарди, — дейди Тошкент вилояти Пискент туманидан келган Муҳаррам Мисирова. — Ниҳоят, бу йил унинг орзуси ушалди. Эгнига ҳарбий либос кийиб, йигитлик бурчини ўташга киришяпти. Бу онларни биз ҳам узоқ кутгандик. Шукурки, бугун бунинг шоҳиди бўлиш, фарзандимнинг мардлик ва садоқат онтини эшитишдек бахтга мушарраф бўлдик. Энди ўғлим ва унинг сафдошлари миллий армиямиз сафида муддатли ҳарбий хизматни ўташ давомида ўз билими, одоби, жасурлиги билан биз ота-оналарнинг ишончини оқлайди.

Юрт корига ярашга ошиққан мард ўғлонларнинг ору номусини ўртага қўйиб, ўз зиммасидаги шарафли бурчни адо этишга ваъда бериб, қилган тантанали қасам- ёди, Миллий гвардия қўшинлари таркибида хизмат қилаётган ҳарбийларнинг чиқишлари, ажойиб куй ва рақслар йиғилганларнинг юрагида ғурур, фахр туйғуларини уйғотди. Бизнинг осойишта ҳаётимиз мана шундай танти ўғлонларимиз ҳимоясида эканлигига яна бир бор амин бўлдик.

Феруза РАҲМОНҚУЛОВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Ўзимизни қачон топамиз?…

Эл нетиб топгай мениким, Мен ўзимни топмасам.А.Навоий Мавзуни бежиз Навоий ҳазратларининг ҳикматли иборасидан бошламадим. Хўш, …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE