Бош саҳифа / Маданият / Мардлар асрагайдир Ватанни, орни

Мардлар асрагайдир Ватанни, орни

Кўксида ғурур, қалбида ифтихор, юрагида ҳаяжон жўш ураётган Ватан ҳимоячилари ҳар қачон эъзозда ва ардоқда. Уларнинг ҳар он сергаклиги, сарҳадларимиз дахлсизлигида шайлиги, Ватанга қалқонлиги учун ҳам тинчлигимиз мустаҳкам, турмушимиз янада фаровондир.

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 29 йиллиги ва “14-январь — Ватан ҳимоячилари куни” муносабати билан эрта тонгдан Термиз шаҳридаги “Хотира” хиёбонига ҳарбийлар, жамоат ташкилотлари, корхона ва ташкилотлар раҳбарлари ҳамда ўқувчи-ёшлар жам бўлишди. Ушбу қутлуғ айём том маънодаги умумхалқ байрамига, азалдан халқимизга хос бўлган ватанпарварлик, мардлик ва жасурлик каби юксак фазилатлар тимсолига айланиб бормоқда.

Мусиқа садолари остида ҳарбий оркестр жўрлигида Мотамсаро она ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйилди.  Шундан сўнг, “Ким Ватанга содиқ бўлса, мендурман ўша!” шиори остида ҳарбий парад ташкил этилди. Унда воҳамиздаги аскар ва зобитлар, ички ишлар органлари, мудофаа ва фавқулодда вазиятлар бошқармалари, Миллий гвардия ходимлари, ҳарбий техникалар юришлари тадбирга ўзгача руҳ бағишлади. Парад шаҳар кўчалари бўйлаб давом этди.

Термиз шаридаги муҳташам Санъат саройида ватанимиз сарҳадларини кўз қорачиғидек асрашга бел боғлаган ҳарбий хизматчиларни муносиб табриклаш мақсадида тантанали тадбир ташкил этилди. Унда сўз олган вилоят ҳокими Тўра Боболов, муҳтарам Юртбошимизнинг ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ходимларига йўллаган табригини ўқиб эшиттирди.

Тадбир давомида мамлакатимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, унинг мудофаа қудратини ва ҳарбий-техник салоҳиятини юксалтириш, давлат хавфсизлигини таъминлаш, профессионал миллий армияни шакллантиришда муносиб ҳисса қўшиб келаётган бир гуруҳ ҳарбий хизматчилар тақдирланди. Жумладан, вилоят ички ишлар бошқармаси Транспортда хавфсизликни таъминлаш бошқармаси инспектори Ҳусниддин Янгибоев ҳамда вилоят божхона бошқармаси “Сариосиё” чегара божхона пости катта инспектори Жамшидбек Каримовлар “Жасорат” медали билан тақдирланган бўлса, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг “Маънавий-маърифий ишлар аълочиси” кўкрак нишони ҳам ўз эгаларига топширилди. Шунингдек, сана муносабати билан йигирмадан ортиқ ҳарбий хизматчилар вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиғи ва эсдалик совғалари топширилди.

—  Ватан муқаддас, уни асраш эса шу диёрда туғилиб ўсган ҳар бир йигитнинг бурчидир, — дейди “Жасорат” медали соҳиби, Ҳусниддин Янгибоев. — Камтарона меҳнатларим эвазига ушбу мукофотга муносиб кўришганидан бошим осмонга етди. Менга билдирилган бундай ишонч мени дадилликка, фидойи бўлишга ундайди.

Ватан ҳимоячиларига байрамона кайфият бахш этиш мақсадида ташкил этилган концерт дастури тадбир иштирокчиларига янада кўтаринки руҳ бағишлади. Айниқса, “Шуҳрат” медали соҳиби, Баҳтиёр бахши Сафаровнинг ҳарбийларга қарата айтган “Бахшиёна”си ҳарбийларни тўлқинлантириб юборди.

Адолат МЎМИНОВА  

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Ijodkor o‘qituvchilar nazmi

“Surxon nashr” nashriyotida chop etilgan “Ustoz va shogird” kitobining mualliflari — mutaxassisligi bo‘yicha fizika-matematika fani …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan