Бош саҳифа / Жамият / Мақсадли бўлган йўл топар

Мақсадли бўлган йўл топар

Жарқўрғон туманидаги 3-сектор таркибига кирувчи 24 та маҳаллада жами 81 минг 73 нафар аҳоли истиқомат қилади. Ушбу аҳолининг 19 минг 855 нафари 18-30 ёшгача бўлган йигит-қизлар бўлиб, уларнинг 1489 нафари “Ёшлар дафтари”га киритилган.

Хўш, дафтарга киритилган ёшларни нима ўйлантираяпти? Уларнинг қандай режалари, таклифлари ва ёки муаммолари мавжуд?

Ана шу саволларга жавоб топиш мақсадида ИИВ Сурхондарё академик лицейида Сурхондарё вилоятидаги 4 та сектор раҳбарларининг “Ёшлар дафтари”га киритилган жарқўрғонлик йигит-қизлар билан учрашуви ташкил этилди. Бу ҳақида вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Унда туманнинг 3-сектори ҳудудида истиқомат қилувчи “Ёшлар дафтари”га киритилган 250 нафардан ортиқ йигит-қиз ўзларини қийнаётган муаммолар ва таклифларини эркин мулоқот жараёнида айтиш имконига эга бўлишди.

Учрашувда вилоят секторлари раҳбарлари ёшларни ўйлантираётган масалаларни тинглаб, ҳеч бир мурожаатни эътиборсиз қолдирмасдан барчасига тегишли тартибда ижобий ечим топдилар.

Хусусан, О.Жумаева, Н.Маматқулова, Б.Нурбоев, Қ.Ортиқова, Ў.Худоёров, А.Ибодулаев, А.Хушбоқов, Ж.Худойбердиева сингари ўнлаб ёшларнинг доимий иш билан бандлиги таъминланадиган, олий таълим муассасаларида тўлов-шартнома асосида ўқийдиган Ш.Тўрабоев, Ю.Қурбонов, Қ.Ортиқовага, шунингдек, О.Умарованинг фарзандларига 50 фоиз шартнома пуллари тўлаб бериладиган бўлди.

  •  “Полвонлар юрти” маҳалласида яшайман, — дейди Севара

Хўжақулова. — Маҳалламиздаги 2 километр масофадаги ички йўл таъмирга муҳтож. Шу йўлдан ҳар куни ўтиб-қайтамиз, таъмирталаблиги учун ҳам одамларга ноқулайлик туғдираяпти. Бу бўйича мен ҳам мурожаат қилгандим, илтмосимни рад этишмади. Икки кун ичида йўлсозлар 2 километр масофадаги ички йўлни таъмирлаб беришадиган бўлишди.

Тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун С.Ўрозова, У.Олломуродов, С.Каримова, Ш.Мамашукуров, А.Худойбердев, О.Шотўраева, А.Ҳайитовага банк кредитлари ажратиш, Ш.Раҳматуллаев, Г.Боймуродова, У.Исканов, М.Холмуродов, Ф.Мансуров, Ф.Хўжамқуловга ер олишга кўмаклашиш юзасидан мутасаддиларга кўрсатмалар берилди.

Мулоқотга келган ёшларнинг аксари иш беринг, ер беринг, тадбиркорлигимга кўмаклашиб юборинг, деган мурожаатлар билан келишган. Ҳарҳолда, уларнинг ўй-хаёлида ўзлари меҳнат қилиб, йўлини топиш истаги бор. Демак, ниятга яраша ҳаракат бўлса, қўллаб-қувватлов ҳам бўлади.

Феруза Раҳмонқулова

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Тандир гўшт сайлию от минишда ким маҳоратли?

15-17 июнь кунлари Термиз шаҳридаги Санъат саройида Ёшлар фестивали бўлиб ўтади. Унда бешта муҳим ташаббус …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan