Бош саҳифа / Жамият / Мангузар ўгайми?..

Мангузар ўгайми?..

ёхуд транспорт қатновини ташкил этувчи
мутасадди раҳбарлар диққатига!

Халқимизда: “Йўл азоби – гўр азоби” деган мақол бор.
Ҳа, азизлар! Бизнинг Мангузар бугунги кунда ўз бошидан айнан ана шу ташвишни кечирмоқда.

Мангузар географик жиҳатдан шундай муҳим ҳалқаки, Термиз шаҳрининг бирорта ҳам нуқтасини усиз тасаввур эта олмайсиз.

Термиз–Душанбе–Бишкек, Термиз–Хайратон халқаро йўли, Термиз–Денов йўли шу ердан ўтади, бошқа жойлардан ҳаво йўли орқали Термиз аэропортига келиб тушган барча йўловчилар Мангузар орқали Термизга келишади.

Хуллас, Мангузар ниҳоятда серқатнов, гавжум гўша. У Термиз шаҳрининг турли бурчакларида ишловчи кишилар, Термиз шаҳридаги барча олий ўқув юртларида ўқийдиган минглаб талабалар, шаҳар ва вилоятнинг барча ташкилотлари, муассасаларига юмуш билан келувчилар, кундалик турмуш ташвиши билан юрганларнинг маскани.

Мана, бир неча ойдирки, Мангузар ўта ғамгин, ташвишли ҳолатда. Бу айрим боқибеғам кимсаларнинг эътиборсизлиги оқибатидир.

Тўғри, ҳудудга элтувчи бир ярим километрли йўл янгитдан қурилди. Аммо бу иш тугалланиб бўлган. Шу боис, баҳонага ўрин йўқ.

Илгари транспорт қатновида ҳавас қиларли тизим ва тартиб бор эди. Ҳаётдан ҳамма мамнун эди.

210–“Дамас” маршрути “Термиз (марказий деҳқон бозори)– Мангузар–Янгиариқ–Полигон– Жайронхона” йўналиши бўйлаб ўтарди. Жайронхона, Янгиариқда даволанувчилар, бозорчилар, Мангузардаги масжидга келувчилар, И.Каримов номли Тошкент техника университети Термиз филиали, Низомий номли Тошкент педагогика университети Термиз филиали, Тошкент тиббиёт академияси Термиз филиали, Термиз давлат университети, бир қанча мактаб ва коллеж талабалари ҳамда ўқувчиларининг йўл ташвиши йўқ эди. Сурхондарё вилоят туғруқхонаси, вилоят юқумли касалликлар шифохонаси, вилоят кўп тармоқли марказий шифохонаси, Термиз шаҳар марказий деҳқон бозори, марказий савдо маркази, вилоят божхонаси, иқтисодий ишлар бўйича вилоят суди, ЖИБ вилоят суди, вилоят адлия бошқармаси, Термиз шаҳар ИИБ, ЖИБ Термиз шаҳар суди, ФИБ Термиз туманлараро суди, вилоят тарихи ва маданияти давлат музейи ва бошқа нуфузли жойларга иши тушиб келувчилар учун ташвиш йўқ эди. Ҳамма хотиржам эди.

300–“Дамас” маршрути эса юқорида номи зикр этилган манзилларни Термиз аэропорти билан боғлаб, ортиқча оворагарчиликка ўрин қолдирмасди.

224–“Дамас” маршрути “Термиз (Юбилейний)–Мангузар– Янги ариқ–Жайронхона” йўналиши бўйлаб ҳаракат қилиб, 5–микрорайон орқали минг–минглаб кишиларни ортиқча ташвишдан халос этган эди.

305–“Дамас” маршрути Мангузар–5 микрорайон–Янги шоҳбекат;

2–“Дамас” маршрути Мангузардан то Янги шоҳбекатга қадар одамларнинг беминнат хизматида эди.

Ҳ О З И Р Ч И? …

Мангузарда “арининг уйи бузилган”. Одамларнинг хуноби чиққан. Ҳамма аросатда, сарсон–саргардон. Шоир Фурқат ибораси билан айтганда, “одамлар қаён борғусини билолмасдан, овора бўлиб юришибди.

Юқорида қайд этилган ва йўловчиларга манзур бўлган маршрутлар кимларнингдир ўйламай қилган иши туфайли чеклаб қўйилиб, унинг ўрнига 2, 4, 7, 15 – рақамли қўйилган автобуслар фақатгина “Янги бозоргача қатнамоқда, холос. “Янги бозордан четга эса “Дамас” қўйилиб, шу тариқа харажат икки карра, шунга яраша ташвиш ўн каррага ошган. Мангузар эса, ўгай кўз билан қаралиб, тўғридан–тўғри маршрутдан маҳрум бўлган.

Ҳаш–паш дегунча кузги–қишки мавсум бошланади. Кунлар қисқаради. Минг–минглаб кишиларнинг, айниқса, талабалар, ўқувчиларнинг ташвишини ўйлаш фурсати келди. Айниқса, иккинчи сменада мусиқа ва санъат мактабига қатновчи ўқувчилар ўқишдан маҳрум бўлмоқда.

Бу ташвишларни бартараф этиш учун зудлик билан ёки “Дамас” ёки автобус қўйиш билан олдинги, 2–, 210–, 224–, 300–, 305–маршрутлар қатновини қайта тикланишини сўраймиз.

Шомат САМАТОВ,
фалсафа фанлари
доктори, профессор

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Тавсиялар берилди

Саноат хавфсизлигини таъминлаш давлат қўмитаси вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан “Сурхондарёдонмаҳсулотлари” акционерлик жамияти тасарруфидаги корхоналарда навбатдаги …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE