Бош саҳифа / Жамият / Мангуликка дахлдорлар

Мангуликка дахлдорлар

Бобомурод Омонов нафақат Сурхон воҳасида, балки республикамизда ўз даврининг ардоқли ва довруқли инсонларидан бири эди. Меҳнат Қаҳрамони, Ўзбекис- тонда хизмат кўрсатган пахтакор, саккиз бор Ўзбекистон Олий Совети депутати, ўнлаб орден ва медаллар соҳиби, уруш ва меҳнат фахрийси Б. Омонов ўзининг ҳалол меҳнати, тиришқоқлиги, тадбиркорлиги, моҳирона раҳбарлиги билан юртдошлари қалбидан чуқур жой эгаллаган инсон эди.

Яқинда Узун туман маданият ва истироҳат боғида қаҳрамон туғилган куннинг 100 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Унда Б. Омонов билан бирга ишлаган инсонлар Тошкент шаҳри ва қўшни вилоятлардан ташриф буюришди. Йиғилганларга қаҳрамоннинг таржимаи ҳоли ўқиб берилди. Шундан сўнг у киши билан елкадош бўлган А. Номозов, Д. Қодиров, сенатор О. Хидиров, Ражаб Неъматий, Қ. Эгамбердиева, Ҳ. Ҳасановлар сўзга чиқишиб марҳум ҳақида унутилмас хотираларни сўзлаб бердилар.

Бобомурод Омонов 1917 йил Узун туманида таваллуд топган. У киши тўлиқсиз мактабни тугатгач, Бухорода ҳисобчилар тайёрлаш курсини хатм қилгач, меҳнат фаолиятини Телпакчинор қишлоғида ҳисобчи ва котибликдан бошлайди. 1939 йилда пахтачилик звеносини бошқариб, юқори ҳосилдорликка эришади. Шу йили ҳарбий хизматга чақирилган Б. Омонов 1946 йилда Иккинчи жаҳон уруши жангоҳларидан бир қатор жанговар орден ва медаллар билан она қишлоғига қайтади. Жангдан қайтган ёш аскарни туман ижроия қўмитаси бўлим мудирлигига тайинлашади. Енгил ишни ўзига эп билмаган Б. Омонов ўша пайтдаги “Чкалов” номли колхозга ҳосилот раиси, партия ташкилоти котиби вазифаларида ишлайди. У колхоз раҳбарлари тайёрлаш курсини битириб келгач, шу колхоз раислигига сайланади. Хўжаликни қисқа вақтда миллионер колхоз даражасига кўтаради. 1979 йилдан 1986 йилгача Сурхон воҳасида энг йирик бўлган “Коммунизм” совхозига директорлик қилади.

Бу даврда бевосита Б. Омонов саъй-ҳаракати билан хўжаликда 10 та мактаб, 12 та болалар боғчаси, 550 турар-жой, 250 ўринли шифохона, маданият саройи, шон-шуҳрат музейи, стадион, истироҳат боғи, чорвачилик комплекслари ва бошқа иншоотлар барпо этилади. Бу инсон “Хонжиза”, “Боботоғ” совхозларига асфальт йўл олиб боради.

Пахта иши баҳонаси билан 1986 йил ҳибсга олинган Б. Омонов 1987 йил 23 октябрда қамоқда бандаликни бажо келтирди. Ҳақиқат эгилади, лекин синмайди. Вафотидан кейин Б. Омонов бутунлай оқланди ва ўзи раҳбарлик қилган хўжаликка унинг номи берилди.

Шуни айтиш керакки, Б. Омонов Шароф Рашидов билан жуда яқин маслакдош инсон бўлган. У киши депутат, йирик хўжалик раҳбари бўлиш билан бирга, 1970 йилдан Ўзбекистон КП Марказий Қўмитаси аъзоси эди. Элнинг меҳнаткаш ва ардоқли фарзанди Б. Омонов амалга оширган қутлуғ ишлари, эзгу фазилатлари юрт ва халқ хотирасида мангу сақланади.

Сафар ОМОН

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

“Аёл ва замон” марказида янги лойиҳа

Воҳамиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳам ўз ўрни бор. Бу борада “Аёл ва замон” …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan