Бош саҳифа / Жамият / Мангу машъала

Мангу машъала

Мустақил Ўзбекистон давлатининг асосчиси, дунёда “Ўзбек модели”ни тан олдирган, буюк давлат ва сиёсат арбоби И. Каримов тарихда ўчмас ва ёрқин из қолдирди. Айниқса, бу инсоннинг собиқ Иттифоқ даврида “Ўзбеклар иши”, деган тамғани “Кремль ишига” айлантириб, халқини дунё олдида оқлагани ҳеч қачон ёдимиздан чиқмайди.

Бир сўз билан айтганда, энг оғир вазиятда И. Каримов сиёсат майдонига чиқиб келди. Нафақат Ўзбекистонни қолаверса, Марказий Осиёдаги вазиятни дипломатик йўл билан сақлаб қолишда катта ҳисса қўшди. Тожикистон, Қирғизистондаги фуқаролик урушларига барҳам беришда  узоқни кўра оладиган доно сиёсатчи эканлигини кўрсатди.

Унинг ташаббуси билан унутилган қадриятларимиз тикланди. Муқаддас ислом динининг ўнлаб буюк алломалари мақбаралари обод этилди.

Мустақиллик учун жонини фидо этган У. Носир, Чўлпон, Фитрат, А. Авлоний, А. Қодирий, Беҳбудийлар каби ватандошларимизнинг номлари абадийлаштирилди. Буюк давлат арбоби ва саркарда соҳибқирон Амир Темур сиймосига катта ҳурмат кўрсатилиб, Тошкент шаҳрининг шукуҳли хиёбони соҳибқирон номи билан аталди ва салобатли ҳайкал қўйилди. У кишининг халқ, Ватан йўлидаги эзгу ишлари ҳақида ўнлаб китоблар ёзиш мумкин.

Давлатимиз раҳбари Ш. Мирзиёевнинг Биринчи Президентимиз номини абадийлаштириш борасидаги ишлари таҳсинга сазовордир. Бу борада қабул қилинган қарор туфайли Тошкент давлат техника университетига, Асака шаҳридаги автомобиль заводига, Тошкент халқаро аэропортига, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлардаги марказий кўчаларга И. Каримов номи берилди. Шунингдек, Тошкент, Самарқанд ва Қарши шаҳарларида  И. Каримовнинг муҳташам ҳайкаллари бунёд этилди. Пойтахтдаги Оқсарой қароргоҳида И. Каримовнинг ҳаёти ва фаолиятига бағишланган музей ташкил этилди.

Чорак аср давомида олий ва халқ таълими, соғлиқни сақлаш, маҳалла институти, суд, прокуратура, ички ишлар, божхона, солиқ, миллий армиямиз, давлат органлари тизимидаги ислоҳотлар ҳуқуқий демократик давлат асосларини яратиш, юқори ва қуйи қонунчилик палаталарининг ташкил этилиши асрга тенг бўлган туб бурилиш мўъжизаларидир. Биринчи Президентимиз Ислом Каримовни халқимиз ҳурмат ва эҳтиром билан “Ота” деб аташарди. Миллат отасига айланиш ҳар кимга ҳам насиб этавермайди. Биз Ватанни севишни Биринчи Президентимиздан ўргандик. “Халқим, юртим деб ёниб яшаш керак”  деган даъватлари том маънода у кишининг ҳаёти ва фаолияти мазмун-моҳиятига айланганди.

Муҳтарам Президентимиз Ш. Мирзиёев таъкидлаганидек, халқимизнинг чексиз муҳаббатини қозонган, мустақил мамлакатимизнинг биринчи Президенти И. Каримов қалбларимизда абадий қолади ва келажак авлодлар хотирасида тинчлик, барқарорлик, тараққиёт раҳнамоси ва машъаласи сифатида мангу яшайди.

Матлуба ТУРДИЕВА,
коллеж ўқитувчиси

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

“Аёл ва замон” марказида янги лойиҳа

Воҳамиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳам ўз ўрни бор. Бу борада “Аёл ва замон” …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan