Бош саҳифа / Маданият / Маънавиятнинг қадди тикланди

Маънавиятнинг қадди тикланди

Президентимиз Шавкат Мирзиёев давлат бошқарувига киришган илк кунларданоқ кенг кўламли ислоҳотлар бошланди. Иқтисод, қишлоқ хўжалиги, саноат ривожидаги ўзгаришларга ҳар бир юртдошимизнинг ўзи бевосита гувоҳ. Инсонларнинг ҳуқуқларини тиклаш, манфаатларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилган ишлардан ҳам халқимиз мамнун. Ҳатто, турли халқаро ташкилотлар ҳам юртимизда бу борадаги ўзгаришларни олқишламоқда. Шулар қаторида маънавият, илм-фан соҳасига муносабат ҳам тубдан ўзгарди.

Жорий йилнинг январь ойида Президентимизнинг китобхонлик маданиятини ривожлантириш бўйича махсус фармойиши эълон қилинганди. Фармойиш юзасидан қатор ижобий ишлар амалга оширилди ва яна кўрилиши лозим бўлган чора-тадбирлар ҳам бисёр. Албатта, “ўқинг” деган билан одамлар китобхон бўлиб қолмаслиги тайин. Лекин, кузатувимиз шуни кўрсатмоқдаки, китобнинг, газета-журналларнинг “жонлантириш бўлими”да беҳуш ётган қадри қайта оёққа тургандек. Бунга сабаб нима? Аввало Президентнинг ўзи катта бир давлатни бошқаришдек ишдан ортиб, китоб ўқийди. Буни турли учрашувлардаги суҳбати орқали билиб турибмиз. Лозим топган жойида ўзи ўқиган аксарият китоблар ҳақида гапириб ўтмоқда ёки уларнинг мавзуга тегишли қисмларидан иқтибос келтирмоқда ва бошқа катта-кичик раҳбарларни, умуман ҳаммани китобхонликка ундамоқда.

Хабарингиз бор, бир неча ойдан буён вилоят телеканали орқали “Биттагина китоб олинг” деб номланган ролик ҳар куни эфирга узатилади. У шу кунгача бошқа роликларга ўхшаб томошабинларни зериктириб қўйгани йўқ. Балки ҳозир ҳам кўча-кўйда ундаги сўзларни такрорлаб юрган кишиларни учратамиз. Эшитдикки, айни шу роликдаги чорлов юрагида акс-садо бериб, китоб сотиб олган воҳадошларимиз ҳам бўлибди.

Яхши биласиз, роликда вилоят ҳокими ҳам иштирок этган ва шеър ўқиган. Ноодатий ҳол-а? Роликни илк бор экранда кўрганда мен ҳам ҳайрон қолганман. Умуман уни илк бор томоша қилган кўпчиликни бир мартага таажжуб қуршаган ва суюнган. Ростини айтиш керакки, роликнинг қиммати ҳам унда ҳокимнинг иштирок этганида.

Мен аҳоли орасида бир хислат одат тусига кирганига ачинаман ва шундан қутулишини жуда-жуда истайман. Эрта бир кун ишлатадими-йўқми, сандиқда пул йиғишдан бахтиёрлар етарлича топилади орамизда. Ҳар қандай хайр-у саховатдан кечиб мисқоллаб йиға бошлайди. Халқ тилида айтганда “кўмма”сига озгина қўшилса ҳам юзида шундай кулги балқийдики, қўрқиб кетасан киши. Шундоққина ёнингда бир “юҳо” етишаётганини кўрасан. У кимнидир чув тушириб, зиғирдек фойда қилганидан ҳам хурсанд бўлади ва буни ўз тоифасидаги одамларга ҳатто мақтаниб сўзлайди.

Маънавиятли одам ҳам маънавий хазинаси тўлишиб боргани сари чеҳрасида табассум бал- қийди. Фарқли томони, унинг юзига боқиб кўнглинг ёришади, суҳбати дарди-дунёнгни аритиб юборади…

Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими “Оилаларга маърифат улашиб” шиори остида жойлардаги кам таъминланган оилаларга китоб улашди. Жуда хайрли иш бўлди. Жараёндан муҳрланган суратларни кўрдим. Самимий қувонч билан қабул қилинди китоблар. Айни ўрнига тушди, китоблар қайта-қайта ўқилишига шубҳам йўқ.

Ҳа, бугунги ислоҳотларнинг шу бугун мева берадигани ва йиллар оша энг лазиз мевалар билан сийлайдиганлари бор. Хусусан, маънавиятнинг қаддини тиклаш борасида қилинаётган ишларнинг хайридан бугун ҳам, келажакда ҳам баҳраманд бўламиз. Сурхондарёда маънавият қаддини тиклашга улгуриб, кучга кираётганини эса аҳвол билан танишган барча эътироф этиб турибди.

Сирожиддин ИБРОҲИМ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Ноанъанавий сабоқ

Милоддан аввалги II асрда Юнон-Бақтрия подшолиги чегара ҳудуди қандай ҳимоя қилинганини биласизми? Оғир ва енгил …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan