Бош саҳифа / Жамият / Маънавиятимизга дахлдор ҳодиса

Маънавиятимизга дахлдор ҳодиса

ёхуд кучга кирган янги қонун ҳақида биласизми?

Инсон табиатан янги хабар, маълумот олишга интилади, уни тафаккурида мушоҳада этиб, зарурат бўлганда ундан фойдаланади.

Соддароқ қилиб айтганда, ахборот олишга бўлган интилиш аслида болаликдан бошланади.

Улғайиш қай манзилдан? Умримизга дахлдор бўлган бу тушунча атрофида баҳслар кўп, мушоҳада, муқоясалар ҳам бисёр. Шууримиздаги энг жиддий саволлардан бири ҳам шудир, эҳтимол. Улғаймоқ айтишга баландпарвоз, жўнроқ изоҳга муҳтожлиги йўқ ҳодиса. Шиддаткор, тезкор жараёнлар ичра башар фарзандининг ҳозир бу ҳақда ўйлашга  фурсати, ҳафсаласи йўқдай гўё. Аммо, бугунги жараёнлар ўша “қимматли“  вақтни топишга, бу тўғрида ўйлаб кўришга ҳамма ҳаммамизни даъват этаётгани айни ҳақиқат…

*****

Шу ўйлар аслида кўпнинг дилидаги гапларга ўхшаб туюлди менга. Тўғри, ота-оналарнинг бусиз ҳам бошида кўп ўйлар бор. Аммо, бизнинг дунёга келганимиз, инсонийлик номимизга соя соладиган, очиқроқ айтсак, уятга қўядиган ҳолатларга олдиндан барҳам бермоғимиз учун айтилаётган мулоҳазалар бу аслида. Ҳадису шарифларда айтилганидек, инсон бу дунёда фарзандига гўзал тарбиядан ўзгасини мерос қолдира олмаслиги айни муддаомизни ифода этади. Яхши ва гўзал хулқ ота-онадан фарзандга, авлодларга  улуғ меросдир.

*****

Жорий йилнинг 1 мартидан кучга кирган “Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни асрий қадриятларимизни замонавий дунёда ҳимоя қилишдаги тарихий аҳамиятга эга ҳужжат бўлди. Мазкур қонун ижросининг илк нишоналари оммавий ахборот воситаларида, аниқроғи телевидение экранларида пайдо бўлган 0+, 7+, 12+, 16+,  18+ каби эслатмаларда намоён бўлаётир. Зукко томошабин эса бунинг сабабини пайқаб улгурди. Аммо, бу нима белгилар эканлигини кўпчилик билмаслиги ҳам мумкин.

Дарҳақиқат, мазкур қонун 6 боб, 27 моддадан иборат. Қонуннинг 8-моддасида Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги болаларни уларнинг соғлигига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш соҳасидаги махсус ваколатли давлат органи эканлиги қайд этилиб, қатор муҳим вазифалар, шу асосдаги ваколатлар ҳам белгиланган.

Болаларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотни таснифлаш ҳамда ахборот маҳсулотининг ёшга доир таснифи қонуннинг 3-бобида батафсил ёритилган. Жумладан, болалар ўртасида тарқатилиши тақиқланган ахборот маҳсулоти жумласига ўз жонига қасд қилиш, болаларда алкоголли ва тамаки маҳсулотларини, гиёҳвандлик воситаларини истеъмол қилиш, қимор ўйинларида, оммавий тартибсизликларда иштирок этиш, фоҳишалик, дарбадарлик, тиланчилик ёки ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга майл уйғотадиган, одамларга ёхуд ҳайвонларга зўравонлик қилишга ундайдиган, оилавий қадриятларни инкор этадиган, жамиятда бузғунчилик ғояларини тарғиб этишга чақирадиган, уятли сўзларни  ўз ичига олган, порнография хусусиятига эга бўлган, ғайриқонуний ҳаракатлар натижасида жабрланган болалар тўғрисидаги ахборотни ўз ичига олган ахборот маҳсулотлари киради.

­— Бу қонун маънавиятимизни, фарзандларимизнинг келажагини ўйлаб чиқарилгани билан ниҳоятда аҳамиятли,­ — дейди Қизириқ туманидаги 21-мактаб ўқитувчиси Шерзод Турдиқулов.­ — Эндиги вазифа қонун талабларининг ҳаётий ижросини таъминлашдир. Бунда кенг жамоатчиликнинг фаол иштироки ва эътибори зарур.

Баҳром НОРМУРОДОВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Ҳидоят деб залолатга кетманг!

Юртимизда барча соҳаларда бўлгани каби диний соҳада ҳам катта ўзгаришлар кузатилаяпти. Муқаддас динимизга қаратилган эътибор …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE