Маънавият кунлари

0
26

Энди ҳарбийлар учун ҳам ташкил этилди

Маълумки, жорий йилнинг май ойида Президентимиз, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев Андижон вилоятига қилган ташрифи давомида ҳарбийлар ҳузурида бўлган эди.

Мулоқот чоғида уларга яратилган шарт-шароитлар билан танишган давлатимиз раҳбари ҳарбий хизматчиларнинг жисмонан бақувват, маънан юксак, билимли, Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди каби буюк саркардаларимизга муносиб бўлиши, шу билан бирга ҳар куни китоб ўқиши, чет тилларини ўрганиши, дунёқарашини кенгайтириши муҳим эканлигини таъкидлаганди. Ҳарбий қисм хизматчиларининг маънавиятини юксалтириш учун дам олиш кунлари бу ерда олимлар ва санъаткорлар билан учрашувлар ўтказиш, спектакллар намойиш этиш зарурлиги тилга олинганди. Бир сўз билан айтганда, шахсий таркибнинг маънавий-руҳий тайёргарлигини ошириш учун зиёлилар, маънавият ходимлари билан ҳамкорликни кучайтириш муҳимлиги эътироф қилинган эди.

Ўшанда Президентимиз Андижон вилояти мисолида ҳарбий хизматчиларнинг маънавий-руҳий тайёргарлигини оширишга доир қарор ишлаб чиқиш таклифини ҳам ўртага ташлаганди. Куни кеча юртбошимизнинг “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчиларининг маънавий-маърифий са виясини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори қабул қилиниб, унда юқоридаги вазифаларни бажариш механизмлари белгилаб берилди. 6 август куни Мудофаа вазирлиги томонидан ўтказилган видеоселекторда сўзга чиққан Мудофаа вазири Абдусалом Азизов, республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Абдусалом Қодиров қарор ва унинг асосида қабул қилинган концепциянинг мазмун-моҳияти ҳақида сўз юритди. Истиқболда ҳамкорликни янада кучайтириш, армиямизнинг маънавий салоҳиятини юксалтириш учун ҳарбий қисмларда маънавият кунлари ташкил этилиши, у ердаги кутубхоналар фондининг кенгайтирилиши юзасидан фикр-мулоҳазалар алмашилди.

Баҳром НОРМУРОДОВ

ЖАВОБ ҚОЛДИРИНГ:

Илтимос изоҳингизни киритинг
Илтимос исмингизни шуерга киритинг