Бош саҳифа / Маданият / Маънавий хазина

Маънавий хазина

“Алпомиш” достони ўзбек халқ оғзаки ижодининг гул-тожи сифатида аждодларимиз томонидан бизга қолдирилган бебаҳо бадиий мерос ҳисобланади.

Манбаларда қайд этилишича, олтой, қозоқ, қорақалпоқ, ўғиз, бошқирд халқлари орасида ҳам “Алпомиш”нинг қирқ дан ортиқ варианти мавжуд. Аммо бадиий ва ғоявий баркамоллиги жиҳатидан улардан биронтаси ўзимизнинг қўнғирот талқини билан баҳс бойлаша олмайди.

“Алпомиш” достони нафақат бизнинг заминимиздагина қадр-қиммат топган, балки бутун дунё халқларининг беқиёс меҳр-муҳаббатига сазовор бўлган.

Юртимизнинг ҳар бир бахшиси “Алпомиш”ни куйлашни ўзи учун катта шараф деб билган. Бироқ замона зайли билан Фозил Йўлдош ўғлидан ёзиб олиниб, китоб ҳолида чоп этилган варианти кўпроқ машҳурдир.

 “Алпомиш”нинг оммалашуви ва янада сайқал топишида Сурхон воҳаси бахшиларининг ҳиссаси ғоятда катта. Қўлига дўмбира олган бахши борки, бу достонни ўзгача бир завқ-шавқ билан куйлайди. Уни қумқўрғонлик Зулхумор бахши ҳам суйиб-суйиб айтади.

Кейинги даврларда “Алпомиш”ни, айниқса, Чорша бахши, Хушбоқ бахши ҳамда ака-ука Қора ва Чори бахшилар зўр маҳорат билан куйлашди. Уларнинг ҳар бири асарнинг мукаммал ва пухта-пишиқ вариантини яратишга муваффақ бўлишган. Дарвоқе, Хушбоқ Мардонқул ўғлидан ёзиб олинган талқини “Ёзувчи” нашриёти томонидан чоп қилиниб, кенг жамоатчиликка тақдим этилди. Достоннинг Чорша бахши ва Қора бахши варианти ҳам қоғозга туширилган.

Сурхон бахшиларининг “Алпомиш”га бу қадар улкан меҳру муҳаббат билан қарашларининг ўзига хос сабаблари бор, албатта. Улар асарда куйланган воқеалар айнан шу диёрда бўлиб ўтганлигига ишонишади. Бунинг устига, достоннинг худди шу воҳада яратилганига сира шубҳа қилишмайди. Бунга кўплаб далил-исботлар келтирилади. Достонда тилга олинган аксарият жуғрофий жой ва уруғларнинг номлари, урф-одатлар ҳозир ҳам сақланиб қолган. Тили ғоят ҳамоҳанг.

Алпомиш “Мени билсанг, қўнғиротларнинг оғаси, бошимда бор эди зардан жиғаси. Ёз бўлса, яйловим Аму ёқаси, Мен бўламан Бойсун-Қўнғирот тўраси,” деган. Бойчибор ва Кўкдўнан бир-биридан ўзиш учун талашган дашт Кўҳитангтоғ ва Амударё оралиғида ястаниб ётибди. Уни Таллашқон (талашган) дейишади.            

Чори бахши Кўҳитангтоғ этагидаги бир чўққини кўрсатиб, шундай деган: “Мана шу дўнгнинг отини Тиловтўпа дейдилар. Ана шу тўбага чиқиб, Ойбарчин Алпомишнинг оти Бойчиборга тилов қилган. “Қурайт-а, қурайт, тўрамнинг оти!” дея бўзлаган.                         Истасангиз, сизга Арпаликўл ва Чилбир чўлини кўрсатишади. Ҳовдаккўли… бор ва ҳозир ҳам айнан шундай номдадир. Кўпчилик Бобохон тоғини Боботоғ деб тасаввур қилади. Билағонларнинг айтишича, Кўкқамиш ва Кўктўқай Бойсуннинг Сариқамиш қишлоғида. Достонда “Қалдирғочнинг эри Бектемир тортувли қўнғиротнинг, Алпомиш қонжиғали қўнғиротнинг беги эди,” дейилган. Сурхондарёда қўнғиротнинг асосан шу уруғлари истиқомат қилишади. Эътибор берсангиз, достонда яна “Қалмоқ билан Бойсун ораси олти ойлик йўл. Ўртада тўқсон тоғ бор,” дейилган. Бу ерда ҳам гўё тоғли Бойсун назарда тутилгандек.      

Хабарингиз бор, 1999 йилда “Алпомиш” достонининг 1000 йиллик тўйи нишонланганлиги муносабати билан вилоятда кўплаб хайрли ишлар амалга оширилган эди. Орадан қарийб 20 йилдан сўнг ушбу тадбирнинг давоми сифатида жорий йилнинг 5-10 апрель кунлари воҳамизда Халқаро бахшичилик санъати фестивалининг ўтаётганлиги қувончли, албатта.

“Алпомиш” достонини сел-себар бўлиб куйлаётган Чорша бахшига қулоқ тутинг: “…Алқисса, ака-ука Бойбўри билан Бойсарининг мол-дунёдан, емак-ичмак, киймакдан кам-кўсти йўқ эди. Ҳамма нарса бор эди. Бироқ, уларнинг фарзанди йўқ эди. Бу дунёда қоладиган изи, зурриёди йўқ эди. Биров-ярим ўзини билмаган нокасларнинг таъналари юрак-бағрини эзиб эди. Кунларнинг бирида Бойбўри ёруғ, умидли туш кўрди. Таъбири не экан деб, кўп ўйларга ботди. Сўнг бир маслаҳат қилайин деб укаси Бойсарини чақиртирди. Ва деди:

Неча баҳор, ёз, тирама,  қиш кўрдим,
Оғир-енгил, машаққатли  иш кўрдим,
Тоғ бағрида қўш қанотли  қуш кўрдим,
Саҳар вақти бир табаррук  туш кўрдим,
Ишларимиз келармикан  ўнгидан!
Жала ёғса, сойлар  тўлиб сел бўлди,
Тақир жойлар ҳалқа-ҳалқа кўл бўлди,
Карвон юрса, бузуқ  жойлар йўл бўлди,
Қайга борсам, давра  тўлиб, эл бўлди,
Ишларимиз келармикан  ўнгидан!”

“Алпомиш”да халқимизнинг олижаноб қалби уриб турибди. Бепоён ва беғубор хаёлот олами жилоланмоқда. Шавкатли ўтмишимиз, урф-одатларимиз, бой тилимиз ўз ифодасини топган. Аждодларимизнинг орзу-умидлари, қувонч-у шодликлари, қайғу ҳасратлари мужассам. Бас, шундай экан, у қаерда яратилган бўлишидан қатъий назар, она халқимизнинг, ҳатто бутун туркийларнинг бебаҳо хазинасидир.

“Алпомиш”га ошно бўлган қалбларда мардлик, эзгулик, муҳаббат уруғлари ниш уражак.

Қурбон ЖЎРАНАЗАРОВ,
Ўзбекистон Журналистлари
ижодий уюшмаси аъзоси

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Мард ўғлонлар хотираси қалбимизда

Жанубий оператив қўмондонлик ҳарбий хизматчилари қўмондонлик бошлиғи, полковник Қодиржон Турсунов бошчилигида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan