Бош саҳифа / Жамият / Маънавий қувват манбаи

Маънавий қувват манбаи

Давлатимиз раҳбари Ш. Мирзиёевнинг жорий йил 13 сентябрдаги “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарорини хурсандчилик билан ўқидим.

Негаки, ушбу қарор халқимиз маънавий дун- ёсини бойитишга, маданиятини юксалтиришга, бир сўз билан айтганда, мамлакат тараққиётига  хизмат қилиши билан аҳамиятлидир. Фикримча, бу қарорни барча зиё лилар, шоир ва ёзувчилар, ёшлар ва кенг жамоатчилик вакиллари мамнуният билан қабул қилди. Қарорда белгилаб берилган вазифалар ушбу соҳадаги камчиликларни бартараф этиб, аҳолининг китобхонлик маданиятини, китоб мутолаасига бўлган қизиқишлари юксалишида муҳим дастуриламал бўлади.

Мазкур қарорда мазмунан саёз, миллий маънавият ва қадриятларимизга, ахлоқ меъёрларига мос келмайдиган, ёшлар тарбиясига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган адабиётларни тайёрлаш, босиб чиқариш ва тарқатишнинг олдини олиш чораларини кўриш  вазифаси белгиланганлиги  айни муддао бўлди.

Жисмоний жиҳатдан танимиз соғлом бўлиши учун дорихоналаримиз қанчалик кўп бўлса, руҳимиз ҳам маънавий жиҳатдан соғлом бўлиши учун китоб дўконларимиз шунчалик кўп бўлиши шарт. Қишлоқ жойларда китоб дўконлари етарли эмаслиги ёки умуман йўқлиги ҳеч кимга сир эмас. Дастурда мутасаддилар зиммасига қишлоқ жойларда ҳам кутубхона хизмати ва китоб дўконлари фаолиятини йўлга қўйиш, борасида тадбирлар лойиҳаси тайёрлаш юклатилганлиги диққатга сазовор. Яна бир оғриқли нуқталаримиздан бири таълим муассасаларидаги маънавият хоналарининг моддий техник-базаси яхши эмаслигидир. Дастурда бу борадаги ишлар самараси хусусида ҳам аниқ вазифалар белгилаб қўйилган.

Ижтимоий аҳамиятга эга бўлган китобларни, айниқса, болаларга мўлжалланган адабиётларни чоп этиш  давлат томонидан қўллаб-қувватланиши халқимизнинг китобхонлик даражаси юксалишига муҳим қадамдир.

Яна бир қувонарли жиҳати, лотин ёзувига асосланган, янги ўзбек алифбосидаги адабиётларнинг кўпайишидир.

Мухтасар қилиб айтганда, ушбу қарор замирида ўзбек халқи маънавиятига дахлдор масалаларга ечим топилган.

Бобуржон ХИДИРОВ,
ТерДУ талабаси

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Газетанинг янги сонини ўқинг!

“Сурхон тонги” газетасининг 2020 йил 5 августдаги сонида сиз кутган мақолалар нашр этилган: — “Тез …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan