Бош саҳифа / Маданият / Маънавий дид қандай шаклланади?

Маънавий дид қандай шаклланади?

Дарҳақиқат, нон неъматлар ичра энг улуғи, суюмлилиги ва афзалидир!  Альберт Энштейнга инсониятнинг энг буюк ихтироси нима, деб савол берилганда у зот бир муддат ўйланиб туриб, нон дея жавоб берган экан.

Аммо шу билан бирга,  инсониятнинг икки мингинчи йиллари ичра яна бир буюк яратиғи бор-ки, биз нонсиз ҳаётимизни тасаввур қила олмаганимиз каби бу неъматсиз ҳам ҳаётимизни тасаввур қила олмаймиз.

Бу буюк неъмат — китоб- дир! Нон бизга ҳаёт бағишласа, китоб ҳаёт йўлимизни ёритгувчи машъаладир! Ҳақли савол туғилади, нон билан тенг ўринда кўрилувчи буюк неъмат –китоб бугун ҳам ҳузуримизда нон каби қадрлими?

Уруғнинг ерга қадалиб, қўлимизга нон сифатида етиб келишига қадар бўлган захмати-машаққати бирларимизга маълум, биримизга эса йўқдир, аммо захмат-машаққати, уволи нонникидан кам бўлмаган битта китобнинг яратилиши тарихидан хабардормизми?

Башарият келажаги, маънавияти камолотида муҳим ўрин тутадиган асар ёхуд рисола ёзувчи (яратувчи)ларни  (биз, оддий одамлар бутун умримиз давомида ҳатто бир донасини ҳам топа олмай ўтадиганимиз) ҳадсиз риёзат ва машаққатлар эвазига эришган, ҳаётнинг асл  ҳақиқати, моҳияти  ҳисобланмиш энг сара  “дур-марварид” ларни  тизувчи зотлар қиёфасида кўраман.

Бундан ўзга қараш ботил ҳисобланган китоб яратилишидаги ягона ҳикмат мана шу ҳақиқатга асослангандир!

Ўқувчилик давримдан, китоб ёзган инсонлар мен учун “Осмон одамлари” сирасига кирарди. Оғриқли савол туғилади, бугун-чи?.. Бугун ҳам ўша, ўтмишдаги ҳақиқатим эътиқодидаманми?..

А.Навоий, Бобур, Л.Н.Толстой, Оноре де Бальзак, А.Дьюма, Ч.Айтматов, Чехов, А.Қодирий, А. Қаҳҳор, Эрнест Хэмингуэй, Шукур Холмирзаев, Достаевский, Эмиль Золя, Тоғай Мурод, Гёте, М. Булгаков ва шу каби яна ўнлаб буюк ёзувчи-шоирларнинг асарларини севиб ўқийман. Уларнинг асарларини ўн марталаб  ўқиган бўлсам, яна ўқисам ҳам худди биринчи маротоба ўқиётгандек ҳайратларга тўлиб тошаман!

Мен… Жамилани кўрганман! Улуғ ёзувчи Чингиз Айтматовнинг “Жамила”сини ўқир эканман, шом қоронғусида менга ўгирилиб қараган кулча юзли гўзал қирғиз қизини кўрганман! Толстойнинг Анна Каренинасининг ортидан вокзалгача эргашиб бориб, кутилмаганда ўзини поезд тагига ташлаганининг гувоҳи бўлганман! Ўшанда ёмғир ёғаётган эди, қайдам, балки бу Лев Николаевичнинг кўз ёшлари бўлгандир!? Қодирий Кумушини кундошига заҳарлаб ўлдиртириб, ачиниб кўз ёш тўкаётганида ҳам ёнида эдим. Чингиз Айтматовнинг “Асирга татигулик куни”да Эдигей Бўроннинг хотираларидаги “тўзон”  ҳам, Бальзакнинг “Ғойиб бўлган дурдонаси”даги телба ошиқ ва буюк мусаввир, ўзнинг илоҳий ижод маҳсули- гўзал Неузазаси тасвирини бошқалар нигоҳидан қизғониб, ақлдан озган ва суратни қучганича  ўзига ўт қўйиб юборган Френхофернинг ҳам ёнида эдим…

Бу каби ҳар бир буюк асар мутолаасидан сўнг мутлақо бошқа қиёфада, бошқа-бошқа одам бўлиб дунёга қарардим!

“Мана, ҳақиқий асар қандай бўлиши керак!”

Демоқчиманки, ўқиётганинг  сени “ўз ўқингдан” чиқара олмас экан, демак,  у асар эмас-ботил!

Бизнинг кимлигимиз, яшашдан мақсадимиз ўқиётган китобларимиздан маълум бўлади. Шу маънода, “бозор адабиёти” ҳисобланмиш, айни вақтда китоб дўконлари-ю, расталарни тутиб кетган енгил-елпи, “воқеашунос асарлар  туркуми” ҳам рамзий маънода инсонни мақсаддан, асл ҳақиқатдан чалғитиш, фикрий, тафаккурий жиҳатдан эса “сувни лойқалатиш”дан бошқа нарса эмас!

Янги оқим, “изм”лар асосидаги адабиёт ҳақида тўхталадиган бўлсам, бу фақат тафаккур маҳсули бўлиб, унда қалб иштирок этмайди ва шу боис ҳам ҳароратсиз! Бугунги кунда модернизм, посмодернизм, сюреализм, натурализм, импрессионизм соцарт ва концептуализм каби кўплаб йўналишлар мавжуд.

Бадиий асарда экспозиция, пейсаж, портрет, сюжет, мақсад, конфликт, перепития, пафос, композиция, тугун, ечим ва кулиминация умумийлиги ва узвийлиги, яъни муштараклиги ижодкор диққат марказида тутиладиган асосий мувофиқликдир. Бунда мазмун, шакл муаллиф ва персонажлар тилининг алоҳидалиги муҳим аҳамият касб этади.

“Изм“лар адабиётида улардан айнан бирига урғу берилиб, бўрттирилса, “бозор адабиёти”, яъни “сариқ матбуот”га хос “асар”ларда уларнинг ҳеч бирига риоя қилинмайди!

Табобатда, “Нимани истеъмол қилсанг, ўшасан!”, деган ақидадан келиб чиқадиган бўлсак, шуни унутманг-ки, биз қандай китобни ўқиётган бўлсак, ўша муаллифнинг ҳақиқатига ёки муаллифлик даъвосидаги бошқа бирининг “пул-чақа” жамғарилувчи сопол қўғирчоғига айлана борамиз.

Чунки, ҳақиқий асарга ғоя Онгда туғилмайди, унга қалб орқали “ҳомиладор” бўлинади. Онг билан эса асарнинг бадиий мукаммаллигига эришиш учун сайқал берилади. Шу боисидан ҳам фақат қалб- да туғилган ғояга асосланган асарлар қалбга етиб бора олади. Онгда туғилган ғояга асосланган асарлар (“изм”лар) эса онг билан кифояланади. Бу каби асарлар қалб оладиган  манавий ҳузурдан йироқ бўлади. Гапнинг индаллосини айт ганда, “изм”лар адабиёти қалбсиз, аммо бирмунча идрокли “машина”ларнинг, “бозор адабиёти” эса жоҳил “манқурт”ларнинг шакл ланишига хизмат қилади!

Энди, танланг! Бизнинг танловимиз ўз келажагимиз ва фарзандларимиз тақдирида акс этишини унутмайлик!

Эркин Норсафар

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Қизиқарли дастурлар

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг ёшлар маънавиятини юксалтириш ва уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan