Малакали кадрларга замин ҳозирланмоқда

0
40

Бу йилги олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларидаги ўзгаришлар, янгича ёндашув, айниқса, тест синовларининг очиқ ва шаффоф ўтказилиши кўпчиликнинг кўнглидаги иш бўлди.

Вилоятимизда ҳам тест синовлари кўтаринки руҳда, янгича тартибда ўтказилмоқда. Имтиҳонлар ўтказилаётган 9 та бинода, яъни Термиз олимпия заҳиралари коллежида 780 ўринга мўлжалланган учта бино, “Сурхон” спорт мажмуасидаги ҳар бири 450 ўринли иккита бино, ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернатидаги 120 ўринли иккита ҳамда 150 нафар абитуриент га мўлжалланган битта бинода 200 дан ортиқ назоратчилар жараённи кузатиб боришмоқда.

Тест ўтказиладиган биноларда ўрнатилган видеокузатув мосламалари орқали тест жараёнларининг барчаси онлайн трансляция орқали ота-оналарга кўрсатилаётир. Айниқса, www.test2018.uz веб саҳифасида тест жараёнларини интернет орқали онлайн кузатиб бориш имконияти яратилгани узоқ ҳудуддан келган абитуриентларнинг яқинлари учун яна бир қулайлик яратди.

Тест синовларига киритиш чоғида топиб олинган ҳар қандай “шпаргалка”, телефон, “bluetooth” ва шу каби тақиқланган нарсалар абитуриентнинг дарҳол тестдан четлатилишига сабаб бўлмоқда. Белгиланган вақтдан 1 дақиқа кечиккан абитуриентлар эса тест синовларига киритилмаяпти. Мисол учун, 1-5 август кунлари икки сменада ўтказилган тест синовларига 21 538 нафар абитуриент кириши режалаштирилган бўлса, уларнинг 388 нафари тест синовларига келмади, 41 нафари тест жараёнидан четлаштирилди. Шунингдек, яна 4 нафар гуруҳ назоратчилари ҳам тест жараёнидан четлаштирилди.

Беш кун давомида ўтказилган тест синовлари жараёнларини кузатадиган бўлсак, тест жараёнлари очиқ, ошкора, шаффоф тарзда ўтказилди. Тест натижалари эса тест ўтказилган куннинг эртаси куни, куннинг иккинчи ярмида эълон қилиб борилмоқда. Энг муҳими, бундан ота-оналар, абитуриентлар мамнун.

Албатта, тест синови жараёнларининг адолатли ўтиши биринчи навбатда таълим сифатига ижобий таъсир кўрсатади. Жамиятимиз эса келажакда малакали мутахассисларга эга бўлади.

Алламурат БЕКҚУЛОВ, таълм сифатини
назорат қилиш давлат инспекцияси вилоят
ҳудудий бўлими етакчи мутахассиси

ЖАВОБ ҚОЛДИРИНГ:

Илтимос изоҳингизни киритинг
Илтимос исмингизни шуерга киритинг