Бош саҳифа / Таълим / Мактабларда ҳарбийлаштирилган синфлар

Мактабларда ҳарбийлаштирилган синфлар

“Темурбеклар мактаби”да ўқишни истайдиганлар борми? Бунинг учун қандай мезонларга жавоб бера олиш, мактабда ўқиш учун қандай тайёргарлик кўриш кераклиги ҳақида биласизми? Вилоятимиздаги Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Сурхондарё вилояти бўйича бошқармасига бириктирилган 4 та мактабда очилган ҳарбийлаштирилган синфларда бу ҳақида тўлиқроқ тушунча олишингиз мумкин.

— Ҳудудий бошқармамизга вилоятдаги 4 та мактаб бириктирилган бўлиб, уларда ҳарбийлаштирилган синфлар ташкил этилган, — дейди Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси ходими, майор Алишер Абдуллаев. — Улар Узун, Музработ, Олтинсой туманларида ҳамда Термиз шаҳрида жойлашган. Мазкур таълим муассасаларида очилган бундай синфларга ўқувчилар имтиҳон асосида қабул қилинган. Улар учун давлат таълим стандарти бўйича ўтиладиган дарслардан ташқари, қўшимча саф тайёргарлиги ва бошқа ҳарбий йўналишдаги сабоқлар ҳам бериб борилади. Шунингдек, мазкур муассасаларда спортнинг енгил атлетика, қўл жанги, шахмат, футбол, волейбол, баскетбол каби турлари бўйича тўгаракалар ҳам ташкил этилди. 

         Ватанпарварлик йўналишидаги синфларда таҳсил оладиган ўғил-қизлар спортга қизиқтирилиб, шуғулланишлари учун мактабда шароит яратилмоқда. Тўгараклар фаолиятини узлуксиз йўлга қўйиш учун эса алоҳида мураббийлар ҳам бириктирилди. Қолаверса, ўқувчилар билан ҳарбий хизматчилар ўртасида тез-тез учрашувлар, давра суҳбатлари ҳам ўтказилаётирки, шу тариқа ҳам руҳан, ҳам маънан, ҳам жисмонан чиниққан ўқувчилар “Темурбеклар мактаби”да ўқиш учун тайёргарлик кўриб боришмоқда. Кейинроқ эса улар Миллий гвардия ҳарбий-техник институти курсанти бўлишга тайёрланишади.

— Мактабимизда ҳам 7-, 8- ҳамда 9-синфларда биттадан ҳарбийлаштирилган синфлар очилган, унда 82 нафар ўқувчи таълим олмоқда, — дейди Олтинсой туманидаги 2-айрим фанлар чуқурлаштириб ўргатиладиган умумтаълим мактабининг волейбол бўйича мураббийси Искандар Маҳмудов. — Синфларда ўғил болалар билан бирга имтиҳонларни аълога топширган қизлар ҳам ўқийди. Улар ҳам келажакда ҳарбий бўлиш нияти бор. Бундан ташқари, ҳарбийлаштирилган синфлар ўртасида ташкил этилган мусобақаларда ҳам фаол иштирок этиб келаяпмиз. Ўтган йили мусобақанинг вилоят босқичида мактабимиз ўқувчилари 2-ўринни қўлга киритишди.

Мактабда яна волейбол ҳамда енгил атлетика бўйича спорт тўгараклари ҳам ишлаб турибди. Унда ўқувчилар билан ҳафтада 2 кун давомида машғулотлар олиб борилади. Бу йилдан қўл жанги бўйича ўтказиладиган машғулотлар эса Миллий гвардия ходимлари томонидан олиб борилиши режалаштирилган. Муҳими, ўқувчилар спорт тўгаракларида қизиқиш, иштиёқ билан қатнашмоқда.

         Дарвоқе, “Ватанпарварлик ойлиги” доирасида айни пайтда ушбу мактабларда беллашувлар, қувноқ стартлар ҳам ташкил этилаётгани ўқувчилар учун айни муддао бўлмоқда.

Ана шундай тадбир Олтинсой туманидаги 13-умумтаълим мактабида ҳам бўлиб ўтди. Унда 9-11 синфлар ўртасида ўтган эстафета баҳсларида ғолиб бўлган жамоаларга бир донадан компьютер жамланмаси совға қилинди.

Феруза Раҳмонқулова

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Отахон талаба бўлса…

Интернет тармоғида 79 ёшли отахон Маматқул Бердиевнинг университетга топширганлиги ҳақидаги хабарлар тарқалганлиги кўпчиликнинг эътиборини тортди. …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan