Мактаблар янги ўқув йилига шай

0
93

Анчадан бери Сариосиё тумани мактабларида дарслар тугаши билан илм масканларини янги ўқув йилига тез ва сифатли тайёрлаш, бино ва синфхоналарни барвақт таъмирлашга катта эътибор бериб келинаяпти.

Жорий йилда ҳам июнь ойи ўртасига келиб мавжуд 80 та умумтаълим мактаби ва “Баркамол авлод” маркази бинолари, синфхоналар, парталар, стол-стуллар, қўшимча хоналар таъмири якунланди. Туман халқ таълими бўлими раҳбарлари таъкидлаганидек, ҳозир юқоридан дарс бошлашга буйруқ берилса бас, шу соатнинг ўзида илм даргоҳлари ўғил-қизларни бағрига чорлашга тайёр.

Эътиборли жиҳат шуки, ҳар бир мактаб педагоглар жамоаси таъмирлаш учун маҳаллий бюджетдан ажратиладиган маблағга ёки ҳомийлар кўмагига кўпам кўз тикишмаяпти. Охирги уч йил орасида ўқувчиларнинг ота-онасидан таъмир учун маблағ йиғишга чек қўйилган.

— Аслида мактабларни жорий таъмирлаш учун маҳаллий бюджетдан озми кўпми маблағ ажратилиши белгиланган. Аммо айни таъмир даврида бу маблағни бериш муддати чўзилади, — дейди туман халқ таълими бўлими мудири А. Бобоев. — Бюджет маблағига кўз тикиб тураверсак, вақт  ўтиб кетади, таъмирлаш ишлари кечикади. Шунинг учун ҳар бир мактаб жамоаси ички имкониятлардан фойдаланаяпти. Масалан, 11 та умумтаълим мактабида иссиқхона барпо этилган бўлиб, эртачи помидор, бодринг, лимон етиштирилмоқда, 44 та мактабда парранда, 13 та мактабда асалари парваришланади. Бундан ташқари, ҳар бир мактабнинг 1-1,5 гектарлик экин майдонида мевали дарахтлар экилган. Шунингдек, бўш жойларда картошка, пиёз етиштирилаяпти. Ана шу соҳалар даромадидан мактаб бинолари таъмирланаяпти, синфхоналар безатилмоқда, кутубхона фонди янги китоблар билан бойитилмоқда, ўқув қуроллари харид қилинаяпти. Айрим илм масканларида олинган фойдадан кам таъминланган оилалар ўқувчиларига моддий ёрдам кўрсатилаяпти, аълочи ўқувчилар учун стипендия жорий қилинаяпти…

58-умумтаълим мактаби ҳовлисига кирган киши саранжом-саришталик, тозалик, озодаликни кўриб ҳаваси келади. Илм маскани чор атрофи мевали ва манзарали дарахтлар билан қопланган. 35 туп гилос ҳосилидан жамоа 7 миллион сўм, шотут мевасидан 2 миллион сўм даромад қилишибди. “Маржон” маҳалласи ҳудудидаги адирликка туташ мактаб ер майдонида ҳар бири қучоққа сиғмайдиган 500 туп терак ўсиб турибди. Ўқитувчилар ҳар йил ана шу теракларни кесиб, уй, ошхона, молхона қуриш ташвишида юрган қишлоқ аҳлига сотиб, 10 миллион сўмгача даромад қилишаяпти. 20 туп олманинг шиғил-шиғил ҳосили ҳам мактаб корига ярамоқда. 15 сотих майдонда экилган пиёз ҳали қазилгани йўқ. Қисқаси, жамоа ҳар йили 25 миллион сўмгача даромад топиб, бу маблағни таъмирлаш ишларига сарфлашаяпти.

Қайси синфхонага кирманг, келиннинг уйидек безатилган. Пол ва даҳлизларга гиламлар тўшалган. Мактаб жамоаси бу мавсум яна бир тажрибани жорий этишибди. Аввал таъмирланган синфхоналарга  чанг кирмаслиги ва қуёш нуридан асраш учун деразаларга эски газеталар қоқиларди. Энди синфхоналар деразаларининг ички ва ташқи томони ҳам бўз билан қопланибди. Бу ҳам жамоанинг мактабга худди ўз уйларидек муносабатда бўлишаётганидан даракдир.

Айниқса, ўқитувчилар хонасига кирган киши ҳайратга тушади. Мебеллар, стол-стуллар, жавонлар, диванларнинг ҳаммаси янги.

— Мактабни яшаб турган уйимиздан кам кўрмаймиз. Ҳар йилги даромадимизнинг таъмирдан ортган қисмини гилам, ўқув қуроллари, янги китоблар харид қилишга сарфлаяпмиз, — дейди 28 йилдан бери директор бўлиб ишлаётган тажрибали педагог, халқ таълими аълочиси Рўзигул Ёрова. — Чунки кунимизнинг 12 соатдан кўпроғи мактабда ўтади. Шунинг учун таълим-тарбияни сифат жиҳатдан ўзгартириш билан бирга, илм даргоҳини, хусусан, синфхоналарни озода сақлаш ва безатишга маблағни аямаяпмиз…

Бошқа мактабларда ҳам таъмирлашга катта эътибор берилаяпти. Ёш педагог Турдали Бекматов раҳбарлик қилаётган 74-умумтаълим мактабининг 14 нафар ўқувчиси 2017-2018 ўқув йилида фан олимпиадасининг туман босқичида ғолиб бўлди, уларнинг тўрт нафари фан олимпиадаси вилоят босқичида фахр- ли ўринларни эгаллашди. Бугун мактаб биноси, барча синфхоналар, парта, доска, стол-стуллар сифатли таъмирдан чиқарилиб, янги ўқув йилига тайёр ҳолга келди.  То директор бизни синфхоналар таъмири билан таништиргунича боғбон бир патнисни тўлдириб, қип-қизил олмалар келтирди. Таъмирлаш учун сарфланган 20 миллион сўм мактаб ҳовлисидаги гилос, олхўри, олма, шафтоли каби мевали дарахтлар ҳосили ва 50 сотихга экилган пиёз, картошка даромади ҳисобига келганлигини айтишди.

Хуллас, тумандаги қайси мактабга кирманг, ички имкониятдан фойдаланиб, синфхоналарни таъмирлаш жадал давом эттирилаётганининг гувоҳи бўласиз. Туман мактаблари жамоаларининг бу тажрибаси мақтовга лойиқ ва бошқа туманларда оммалаштиришга арзийди.

Усмонали НОРМАТОВ

ЖАВОБ ҚОЛДИРИНГ:

Илтимос изоҳингизни киритинг
Илтимос исмингизни шуерга киритинг