Бош саҳифа / Жамият / Мактабдаги иссиқхона

Мактабдаги иссиқхона

Исомиддин Сайфуллаев — ёш мутахассис, Тошкент ахборот технологиялари университетини битирган. Жарқўрғоннинг “Сурхон” СИУ ҳудудида вояга етган.

Айни пайтда тақдир тақозоси билан Термиз туманининг “Солиобод” маҳалласида оиласи билан яшаб турибди. Исомиддин ёшликдан ишга ўрганган, шунинг учун қора меҳнатдан қочмайди, университетни битирганман, деб осмонга қараб хаёл суриб ётмайди. Озгина вақти бўлса ҳам меҳнат қилай, яратай деб тиришади.

Ўтган йилнинг ноябрь ойлари эди. “Солиобод” қишлоғи марказидаги  6-умумтаълим мактаби ҳудудига ўтди. Меҳнат қилиб ўрганган Исомиддин мактаб атрофидаги ер анча обод қилинганини кўриб хурсанд бўлди. Мевали дарахтлар экилган, гул кўчатлари ўтқазилган, бир парча бўш жойга тол қаламчалари суқиб чиқилган.

Мактаб ҳудудида нотаниш йигитнинг айланиб юрганидан хабар топган директор Умид Холиёров  келиб қолди. Танишдилар. Гапдан гап чиқиб Исомиддин директордан қарийб 50 сотихча келадиган мактаб тажриба участкасидан қанча даромад олинаётганини сўраб қолди.

— Ҳеч қанча даромад йўқ, — деди директор. — Ер бўш турмаслиги ва ободонлаштириш мақсадида  ҳар йили ўқувчиларга дарсдан бўш вақтлари ҳамда меҳнат таълими дарсида ағдартирамиз, техник ходимлар ҳам ишлашади. Мактаб атрофи чиройли бўлиб туриши учун ҳар йили гул ўстирамиз. Мевали дарахтлар бор, остини пойбеллаймиз, ҳосилини ғўралигидаёқ болалар териб тугатади — ҳеч қандай фойда йўқ.

— Эътибор бердим, бир чеккада 1,5 сотих жой бўш турибди, шу ер ихтиёрини менга берсангиз, иссиқхона қурсак, фойдаси ярми менга, ярми мактабга, — дея таклиф қилди Исомиддин Сайфуллаев.

Мактаб директори Умид Холиёровнинг кулгуси келди, лекин сездирмади, нотаниш йигитнинг ташаббусини бўғгиси келмади.

—     Хўш, биздан нима ёрдам керак?

— Ер мактабники, — деди Исомиддин. — Шу жойда қуриладиган иссиқхонага кўчатни мен топаман, ўзим экиб, ўзим парваришлайман. Фақат иссиқхона барпо этиш учун зарур арматура, сим, цемент, плёнка учун  маблағни мактаб жамоаси топса бас. Мен нари борса бу жойда уч-тўрт ой ишлаб, сизларга эртачи экин етиштириш ва бир парча ердан ҳам мўмай даромад топиш қандай бўлишини кўрсатаман. Иссиқхона қурсак, анча вақтгача мактабга даромад келтириб туради.

Шу таклифдан кейин мактаб директори билан Исомиддин Сайфуллаев ўртасида шартнома тузилди.

Илм даргоҳи раҳбари Умид Холиёров мактабнинг, жамоанинг жонкуяри экан. Педагоглар билан фикрлашиб, икки кун орасида 2 сотих майдонда иссиқхона барпо этиш учун нимаики талаб қилинса, ҳаммасини муҳайё қилди. Арматура, плёнка, сим, цемент, қум тайёр бўлгач, Исомиддинни чақириб келишди. Шу тарзда ўтган йилнинг декабрь ойида мактаб ҳовлисида ихчамгина иссиқхона бунёд этилди. Кўчат топиш, экиш ва парваришлашни Исомиддиннинг ўзи уддалади. Иссиқхонада болгар қалампири ўстирдилар. Исомиддин бўш вақти бўлдими, мактабга ўтади, иссиқхонани шамоллатиб, кўчатларнинг остини юмшатади, ўғитлайди, суғоради.

Умид Холиёров ҳам пухта экан. Қоровулга ва меҳнат таълими ўқитувчиларига тайинлаб қўйибди — Исомиддин иссиқхона эшигини очиши билан бир неча болани олиб келишади. Болалар ҳам  ўрганди, ҳам Исомиддинга кўмаклашишди.

Бугун мактаб ҳовлисидаги иссиқхонада парваришланган  1100 туп булғор қалампири шиғил-шиғил ҳосил туккан. Ҳар уч кунда ҳосил терилиб, бозорда сотилаяпти.

Тадбиркорлар бозорда булғор қалампирининг килоси 15 минг сўм бўлган пайтда сота бошлашганди. Ҳозир ҳам бу маҳсулотнинг бозори чаққон. Табиийки, фойда Исомиддин ва Умид Холиёров  ўртасидаги   битимга асосан тенг бўлинади.

Гап фойдада ҳам эмас. Исомиддиннинг мактабда қурган иссиқхонаси овозасидан ҳам кўра, ўқувчиларнинг деҳқончилик, айниқса, эртачи маҳсулот етиштириш сирини ўрганганликларининг ўзи катта бойликдир.

Дилнавоз ДЕВОНОВА,
биология фани ўқитувчиси

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

“Аёл ва замон” марказида янги лойиҳа

Воҳамиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳам ўз ўрни бор. Бу борада “Аёл ва замон” …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan