Бош саҳифа / Таълим / Мактаб ярмаркалари қандай ўтказилди?

Мактаб ярмаркалари қандай ўтказилди?

Жорий йилнинг 10 августидан — 10 сентябрига қадар бутун республикамизда бўлгани каби вилоятимиздаги бозорлар, йирик савдо мажмуалари ҳамда таълим муассасаларида мактаб ярмаркалари   ташкил этилган. Ярмаркаларда  маҳаллий шароитда ишлаб чиқарилган 26  турдаги  китоб  ва  канцелярия маҳсулотлари, ўқувчилар  пойабзаллари  сотилиши   белгилаб  қўйилди. Маҳаллий ҳокимият вакиллари, давлат солиқ хизмати ва бошқа мутасаддилар зиммасига мактаб  ярмаркаларини намунали ўтказиш вазифаси юклатилди.

— Вилоятимизда  94 та  мактаб  ярмаркаси  фаолият  юритиб, уларга  603 та таълим муассасаси ва 306 минг 955 нафар  ўқувчи-ёшлар  бириктирилди,— дейди вилоят халқ таълими бошқармаси вакили Бозор Раҳимназаров. — Жумладан, Термиз шаҳрида 2 та, Ангор туманида 5 та, Сариосиёда  8 та, Жарқўрғонда 9та, Олтинсой туманида 8 та, Термиз туманида 9 та, Деновда 7 та, Қумқўрғонда  9 та, Шўрчи туманида 7 та, Шерободда 6 та, Узун туманида 6 та, Қизириқ туманида 5 та, Музработда 7 та, Бойсунда 5 та мактаб ярмаркалари  фаолият  олиб бормоқда.

Бироқ, мактаб бозорлари фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида  олиб борилган ишлар вилоятнинг барча жойларида талаб даражасида деб бўлмайди. Кўпгина ярмаркалар кўзбўямачилик  асосида  фаолият  кўрсатганлигини  кузатиш мумкин. Шўрчи ва Музработ  туманларида  бўлиб, кузатувлар жараёнида мактаб ярмаркалари  номигагина ташкил этилганлигини англадик. Музработ  агросервис касб-ҳунар  коллежида ташкил этилган  мактаб  ярмаркаси  икки-уч дона дафтар, қалам ва  ручка билан  тўлдирилган.

— Мактаб ярмаркаларида сотилаётган маҳсулотлар сифати, нархи, ўқув қуролларидаги сурат ва бошқа воситаларнинг маънавиятимизга мослиги назоратга олиниши  керак, – дейди шўрчилик Бекзод Йўлдошев. — Жиянларимга дафтар, ручка ва бошқа ўқув қуроллари олиб бермоқчи эдим. Мактаб ярмаркаларида ўқув қуроллари бошқа жойлардагидан арзон ва сифатли дейишганди. Бироқ ўша фарқни кўрмадим.

Термиз  шаҳридаги иккита таълим муассасасида мактаб ярмаркаси ташкил  этилган. Шаҳардаги 9-ўрта таълим мактабидаги мактаб ярмаркасини намунали тарзда  дейиш мумкин.

— Мактаб бозори ташкил этилгани биз учун яхши бўлди. Узоққа бориб ўтирмаймиз, деярли барча ўқув-қуролларини  шу  ернинг  ўзидан оламиз, —  дейди  ярмарка иштирокчиси Дилноза Аллаёрова.

Бироқ, 15-ўрта таълим  мактабида  эса  нархлар тофовути ҳамда ва терминал қўйилмаганлигига гувоҳ бўлдик.  Сотувчининг айтишича, терминалнинг қуввати тугаганлиги боис  уйга олиб кетилган экан.

Вилоят  марказидаги  мактаб ярмаркасининг аҳволи бундай бўлганидан кейин чекка ҳудудларда  ташкил этилган мактаб бозорлари қандай кўриниш олган экан?

Хўш, жойларда бу масала юзасидан маҳаллий ҳокимият ва давлат солиқ қўмитаcи ҳамкорлигида  ишчи гуруҳ ташкил этилдими?

Улар томонидан мактаб ярмаркаларида нархларнинг сунъий оширилишига  қарши чора-тадбирлар белгиландими?

Саволлар кўп.

Бу борада мутасаддилардан  амалий  иш  ва  асосли жавоб кутиб қоламиз.

Сарвар ТЎРАЕВ,
“Сурхон тонги” мухбири

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Маънавият сабоғи

Жойларда ислоҳотлар самарадорлигини таъминлаш, ўқитувчиларнинг касбий маҳоратини ошириш, таълим сифати назоратини кучайтириш ҳамда тарбия соҳасида …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan