Бош саҳифа / Таълим / Мактаб учун уч янгилик

Мактаб учун уч янгилик

Мамлакатимизда ёш авлод таълим-тарбиясига алоҳида эътибор қаратилаяпти. Деярли барча мактаблар учун янги бинолар қурилди. Олис тоғ қишлоқларида ўтган асрнинг олтмишинчи йилларида гувала ва пахса деворлардан тикланган пастқам иморатлар ўрнида замонавий кенг ва ёруғ синфхоналардан  иборат бинолар қад ростлади.

Ҳар бир синфхона миллион-миллион сўмлик парта, ёзув тахтаси,  стол, стуллар, китоб жавонлари, кўргазмали қуроллар, компьютер жамланмалари билан  жиҳозланган. Дарсликлар, услубий қўлланмалар, лаборатория жиҳозлари етарли. Мактабларда ҳар бир фан бўйича маҳоратли ва тажрибали муаллимлар меҳнат қилишаяпти, уларнинг малакаси ошириб борилаяпти. Маориф тизимида меҳнат қилаётган тажрибали услубчилар ўқитувчиларга мунтазам равишда кўмак бериб, уларни соҳадаги янгиликлар, янги педагогик технологиялардан воқиф этиб, услубий қўлланмалар билан таъминлаб келишаяпти. Илғор ўқитувчиларнинг тажрибаси оммалаштирилмоқда, айниқса, устоз-шогирд анъанасига асосан ёш педагогларга  ҳар томонлама амалий ёрдам кўрсатилаётир. Бугуннинг талаби таълим-тарбия жараёнида сифат ва самарадорликка эришишдан иборат.

2017-2018 ўқув йилининг муҳим янгилиги — Президентимиз ташаббуси билан умумтаълим мактабларида 10-11 синф- ларнинг қайта жорий этилишдир. Бу раҳбарларнинг, халқнинг мактабга бўлган катта ишончи. Албатта, таълим тизимини ислоҳ қилиш, ҳар томонлама етук ва баркамол ёшларни тарбиялашга қаратилган 12  (9+3) йиллик мажбурий таълим тизими мамлакат тараққиётининг маълум босқичида ўзига юклатилган вазифаларни бажарди. Лекин ҳозирги замон иқтисодиётининг шиддат билан ривожланиши шароитида унга қўйилаётган талаблардан келиб чиққан ҳолда таълим тизимига маълум ўзгартиришлар киритилишини тақозо этмоқда. Яъни, ўқувчи ёшларнинг ҳаммасини ҳам уч йил давомида касб-ҳунар коллежларида мажбурий ўқитиш кутилган самарани бермаяпти. Мактабларнинг 9-синфини битирганлар болаликдан ўсмирликка ўтиш даврида тўққиз йил ўрганган жамоасидан ажралиб, турли ҳудудлардан келган ҳар хил феълли  ўқувчилардан шаклланган жамоага мослашиши қийин кечмоқда. Бундан ташқари, тўққизинчи синфни битирганлар дилида: “биз энди катта бўлдик, хоҳлаган ишимизни қилишимиз мумкин” деган тушунча пайдо бўлиб, айримлари асосий вазифалари ҳисобланган билим сирларини мукаммал ўзлаштиришни ҳам анча сусайтириб юборишди. Чунки аввало ота-она, сўнгра қадрдон устозлар назоратидан ҳам узоқлашишди.

Касб-ҳунар коллежларининг  тарқоқ жойлашганлиги сабабли ўқувчиларнинг аксарияти коллежларга бориб келиш учун ҳар куни  йўл юриши ва бунга ҳамиша ҳам ота-оналар йўл кира топиб беришга қийналганлиги туфайли давоматнинг тўлиқ бўлмаслиги оқибатида ўқувчиларда “коллежга борсам ҳам бўлади, бормасам ҳам”  деган дунёқараш шаклланди. Бу ҳам ёшларнинг билим олишга бўлган интилишини, қизиқишини сусайтирди. Энг ёмони, тўққизинчи  синфгача фанларни яхши ва аъло баҳоларга ўзлаштириб, билимлар беллашуви, фанлар олимпиадаси ва бошқа синовларда юқори ўринларга даъвогар бўлган ўғил-қизлар коллежларда  фанлар олимпиадасида паст ўринларни эгаллашгани туфайли коллеж ўқитувчилари айбни мактабдагиларга, мактаб ўқитувчилари эса коллежларда тўлиқ дарс ўтилмаслигини рўкач қиладиган бўлиб қолишди. Нима бўлганда ҳам энди қаерда ўқишни давом эттириш битирувчининг ихтиёрида. Хоҳласа мактабда ўқисин, истаса касб-ҳунар коллежи ва академик лицейларнинг эшиги улар учун очиқ.

Биргина бизнинг туман мактабларини битирган 90 фоиз ўқувчи ўқишни 10-11 синфларда давом эттиришни истаб мактабларга қайтишди. Бу ота-она учун ҳам, ўқувчи учун ҳам ҳар томонлама манфаатли. Чунки ўқувчи ўрта мактабни битирса касб-ҳунар коллежига нисбатан бир йил илгари етуклик аттестатини олади, ундан кейин хоҳласа олий ўқув юртида ўқийди, истаса бирор касбни эгаллаб ишлайди. Мактабларимизда 10-11 синфларнинг ташкил этилишига ҳар томонлама пухта тайёргарлик кўраяпмиз. Юқори синфларда дарс ўтадиган ўқитувчилар малакаси оширилди, аксарияти қисқа муддатли қайта тайёрловдан ўтишди, дарсликлар, услубий қўлланмалар билан таъминланмоқда.

Шу ўринда мактаблар, хусусан, ўқитувчилар учун яна бир қулайлик яратилганини айтишга тўғри келади. Аёнки, мактабларимизда меҳнат қилаётган ўқитувчиларнинг, асосан бошланғич синф ўқитувчиларининг аксарияти ўрта махсус маълумотга эга. Улар тажрибали, баъзилари 15-20 йиллаб ишлаган. Лекин орада ўрта маълумотлиларни мактабларда ишлатмаслик ҳақидаги кўргазмалар кела бошлади. Кейинги йилларда коллежларнинг педагогик йўналишини битирганларга дарс берилмади. Олис қишлоқларимиздаги мактабларда ўқитувчи етишмаслигидан ноилож 10-15 йил ишлаб қўйган муаллимлар билими, имкониятидан фойдаланиб келдик. Маҳоратли, бироқ ўрта маълумотли устозларни “Эртага иш беришмаса нима қиламиз” деганга ўхшаш ҳадик ўйлантираётганди. Яқинда таълим соҳасига оид республика миқёсидаги йиғилишда  вилоятимиз ҳокими Эркинжон Турдимов мактаблардаги ана шу оғриқли масалани  кўтариб, Президентимизга ҳақиқий аҳволни айтгач, педагогика йўналишидаги олийгоҳларда махсус сиртқи бўлимларнинг  ташкил этилиши ҳақидаги қарор қабул қилингани ўрта маълумотли устозларни қувонтирди ва улар олий маълумот олиши учун имконият туғилди.

Муаллимларни пахта йиғим-теримига жалб этмаслик тўғрисидаги таъқиқ ҳам мактаб ва фарзандлар таълим-тарбиясига нисбатан ғамхўрлик ифодасидир. Энди ўқитувчи ўзининг вазифасини бажаради, устозларнинг ойлаб пахтазорда юриши ва ўқувчиларнинг бўш қолиши барҳам топади.

Аҳмаджон БОБОЕВ,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган халқ таълими ходими

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Ҳарбийлар-ёшлар даврасида

“Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарорига асосан мамлакатимизда …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE