Ўқувчиларнинг кийиниш маданияти ва тартиб-интизомга амал қилиш кўникмаларини мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 15 августда “Давлат умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчиларини замонавий ягона мактаб формаси билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Қарор билан бирга ягона мактаб формасининг шакллари ҳамда уни жорий этиш тартиби тўғрисидаги низом ҳам тасдиқланди.
Вилоят ҳокимлиги “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси билан биргаликда мактаб формаси савдосини ташкил этиш мақсадида ҳар бир туман ва шаҳар марказида аҳолига қулай жойларда савдо шахобчаларини ташкил этади ва уларнинг манзили оммавий ахборот воситалари орқали эълон қилинади.
Кўпвариантлилик асосида замонавий мактаб формалари жорий этилиб, ўқувчиларнинг ёши, баҳор-куз ва қиш мавсумлари инобатга олинаётир. Ўқувчилар учун тасдиқланган мактаб формаси шаклини уч ўқув йили давомида ўзгартиришга йўл қўйилмайди.
Шу билан бирга мактаб формалари бичими ўта тор ёки ўта кенг бўлмаслиги, қизлар учун юбканинг тиззадан юқори бўлмаслиги, оёқ кийимлар пошнасининг 3 сантиметрдан баланд бўлмаслиги, кийимлар дазмолланган ва тоза бўлиб, ўқувчилар мактаб формасини кийиш тартибига риоя қилишлари шарт. Акс ҳолда, ўқувчи таълим муассасасининг ички тартиб-қоидаларини бузган ҳисобланиб, огоҳлантириш, кундалигига қайд этиш, ота-онасини хабардор қилиш каби тушунтириш ишлари олиб борилади. Мактабда маҳалла фаоллари ва ота-оналар йиғилиши ташкил этилиб, мактаб формасида келиш масаласи муҳокама қилинади. Ўқувчиларнинг сурункали тарзда мактаб формасида келмасликлари ота-оналарнинг вояга етмаган фарзандларини тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларини бажармаслик деб баҳоланади ва уларга нисбатан қонун ҳужжатларида белгиланган жазо чоралари қўлланилади.
Аммо жорий ўқув йилида ўқувчиларнинг белгиланган мактаб формаларида келишлари ихтиёрий бўлганлиги сабабли, вилоятимизда мазкур формаларнинг сотуви йўлга қўйилганича йўқ. Сотув йўлга қўйилгандан кейингина нарх маълум бўлади. Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, ота-оналарга белгиланган мактаб формаларини харид қилишда қийинчилик туғдирмаслик учун тижорат банкларидан Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаштириш ставкасидан ошмайдиган фоиз ставкаси бўйича қисқа муддатли (олти ойдан кам бўлмайдиган) истеъмол кредитлари берилади.
Саволга вилоят халқ
таълими бошқармаси
мутахассиси
Эркин АҲМЕДОВ
жавоб берди