Бош саҳифа / Таълим / Мактаб директорлари

Мактаб директорлари

энди Халқ таълими вазири томонидан тасдиқланади

Халқ таълими тизимида бошқарувдан тортиб ўқув-тарбия жараёни, умумтаълим мактабларини молиялаштириш, уларни моддий-техник база билан таъминлаш борасида айрим камчиликлар мавжудлиги боис тизимда ижобий самарага эришишнинг имкони бўлмаётганди.

Аммо давлатимиз раҳбари томонидан соҳани ривожлантириш, йўл қўйилган хато ва камчиликларни бартараф этиш мақсадида қабул қилинган навбатдаги фармон бу каби муаммоларга чек қўядиган бўлди.

Жорий йил 5 сентябрь куни Президентимиз “Халқ таълимини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонга имзо чекди. Унга мувофиқ, халқ таълими тизимини ислоҳ қилишнинг асосий йўналиши этиб жумладан, мактаб ва мактабдан ташқари таълимни сифат жиҳатидан янги даражага кўтариш белгиланди.

Эндиликда, халқ таълими бошқармалари раҳбарлари, туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари, мактаб директорларини лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод этиш масаласи ҳокимлар билан келишилмасдан, Халқ таълими вазири томонидан тасдиқланади.

Албатта, умумтаълим муассасалари фаолиятидаги очиқлик ва шаффофликни таъминлаш учун жамоатчилик назорати ўрнатилиши лозим. Фармонда ушбу ҳолат ҳам инобатга олиниб, 2019 йил 1 январдан бошлаб Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан мактаблар фаолияти самарадорлиги бўйича рейтинги тузилади. Рейтинг якунлари эса оммавий ахборот воситаларида эълон қилиб борилади. Қолаверса, 2018 йил 1 октябрдан бошлаб мактабларнинг васийлик кенгашлари тугатилиб, унинг ўрнига таркибига муассаса фаолиятига жиддий ҳисса қўшишга қодир энг фаол ота-оналар, битирувчилар, ҳомийлар ва бошқа шахс лар киритиладиган кузатув кенгашлари ташкил этилади. Кузатув кенгашлари, жумладан, Халқ таълими вазирлиги томонидан тавсия этилган номзодлардан мактаб директорини сайлаш, шунингдек, уни эгаллаб турган лавозимидан озод этиш ҳақида таклифлар киритади.

Энг қувонарлиси, 2019 йил 1 январдан бошлаб мактабларда ишлаётган пенсионер ходимларга уларнинг ушбу муассасалардаги фаолияти асосий иш жойи ҳисобланганда пенсия тўлиқ миқдорда тўланадиган бўлди.

2019 йил 1 мартдан бошлаб мактабларга болаларни Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали қабул қилиш тартиби босқичма-босқич жорий этилади. Бу орқали ўқувчиларни умумтаълим мактабига жойлаштириш жараёнидаги сансоларлик, коррупция ҳолатларига чек қўйилади.

Яна 2019 йил 1 январга қадар ўқитувчи кадрларни аттестациядан ўтказиш тартиби ҳам қайта кўриб чиқилади, бунда асосий мезон тегишли фанни ўқитиш бўйича билим ва кўникма даражаси ҳисобланади.

Яна бир гап. Сўнгги пайтларда назорат қилувчи ва бошқа давлат органлари томонидан мактабларни текшириш ҳаддан зиёд кўпайиб кетганди. Бу эса раҳбарлар, ўқитувчилар ва умумтаълим муассасалари бошқа ходимларининг касбий фаолиятига асоссиз равишда аралашувдан ҳимоя қилиш механизмининг самарасиз эканлигини аён қилиб қўйди. Фармонда ушбу ҳолат ҳам алоҳида эътиборга олинди. Унга мувофиқ, энди мактаблар фаолиятини текширишнинг ҳуқуқий асослари яратилиб, хусусан, мактаблар фаолиятини текширишга ваколатли органларнинг қатъий рўйхати, текширув тайинлаш ва ўтказиш мезонларини назарда тутувчи Вазирлар Маҳкамаси қарори ишлаб чиқиладиган бўлди.

“Замонавий мактаб” Давлат дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси ишлаб чиқилади. Унда, хусусан, экологик жиҳатдан тоза материаллар ва энергиянинг муқобил манбаларидан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқилган намунавий лойиҳалар асосида замонавий мактаблар қуриш, мактабларни, шу жумладан, ўқув синфлари ичини янги қулай мебеллар, замонавий ўқув ва лаборатория ускуналари, дарсликлар ва ўқув-услубий материаллар, компьютер ва мультимедиа техникаси, видеокузатув тизимлари билан жиҳозлаш назарда тутилади.

Ф.РАҲМОНҚУЛОВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Қалбни ёритувчи маёқ

Онам қишлоқдаги мўъжаз кутубхонада ишлардилар. Бутун ҳаётим давомида китобни севишни, уларга меҳр қуйишни онамдан ва …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE