Бош саҳифа / Қишлоқ хўжалиги / Маҳаллий навни ҳам экайлик!

Маҳаллий навни ҳам экайлик!

Бугун вилоятимиз деҳқонларининг вақти зиқ. Етиштирилган пахтани йиғиштириб олиш катта ташвиш бўлса, кузги ғалла экиш ҳам долзарб. Чунки ерга қанча барвақт уруғ экилса, шунча тез униб чиқади, ҳосил мўл бўлади. Айни пайтда деҳқонларимиз очиқ майдонларга тезкорлик билан уруғ қадашаяпти.

Далаларимизга экилаётган уруғликларнинг асосий қисми Россия давлатидан келтирилган. Четдан олиб келинаётган ҳар хил буғдой навлари уруғининг экилиши навлар аралашиб кетишига ва бот-бот экилиши туфайли навдорлиги пасайиб, ҳосилга, сифатига таъсирини ўтказаётгани бор гап. Шунинг учун ҳам деҳқонларимиз экаётган буғдой навлари узоғи билан 4-5 мавсумдан сўнг ишлаб чиқаришдан олинмоқда.

 Ҳукумат эса олимлар ва нав яратувчилар олдига маҳаллий, иқлимимиз ҳамда шароитимизга мос буғдой навларини яратиш вазифасини кўнгдаланг қилиб қўймоқда. Бироқ ўтган 30 йил орасида маҳаллий буғдой навларини кўпайтиришга жиддий киришилмаяпти. Шунинг учун ҳам вилоятимиз тупроқ ва иқлим шароитига мос маҳаллий буғдой навлари кам.

Вилоятимиз нав яратувчилари томонидан сўнгги йилларда юмшоқ буғдойнинг истиқболли “Термиз-5” нави яратилган. Бу нав шўрга, иссиққа чидамли, кам суғориб ҳам юқори ҳосил олиш мумкин. Ушбу нав узоқ йиллар давомида якка танлов усулида яратилган бўлиб, дони йирик ва оқ,бошоғи қизғиш, пояси бақувват ва бўйи баланд бўлади, шамолда ётиб қолмайди. Уруғининг унувчанлиги юқори, эгилганда текис, соғлом, бақувват кўчат олинади. Майсасининг ривожи бошқа кузги буғдой навларига қараганда анча жадал кечади. “Термиз-5” навининг яна бир афзал жиҳати шуки, дони 215-220 кунда пишади. Бошоғи йирик-йирик, бир бошоқдаги дон миқдори 70-75 донани ташкил этади. Бошоқдаги донлар тўкилиб кетмайди.

Ушбу нав серҳосил, унумдор тупроқларда агротехника талабларига қатъий амал қилиниб парваришланса, ҳар гектар майдондан 80 центнергача ҳосил олиш мумкин. Айниқса, шўрланган тупроқли далаларда ҳам яхши кўкариб, юқори ҳосил беради. Истиқболли ушбу навнинг уруғини кўпайтириш учун вилоятда махсус элита уруғчилик хўжалигини ташкил этиб, уруғини кўпайтириш ва кенг майдонларда экишни ташкил этиш зарурдир.

Буғдойнинг “Термиз-5” нави 2019 йил вилоятнинг Ангор, Жарқўрғон, Қизириқ ва Шеробод туманлари фермер хўжаликлари далаларида экилди ва юқори ҳосил йиғиштириб олинди. Афсуски, ҳар хил баҳоналар билан ушбу навнинг дони уруғлик учун заҳира қилинмади. Шундай сабаблар билан маҳаллий буғдой нави секин аста йўқолиб кетади. Бас, шундай экан, бошқа буғдой навлари уруғи қатори, “Термиз-5” нави буғдойини ҳам эксак, фақат фермерлар наф кўради.

М.ТОЖИЕВ,
қишлоқ хўжалик фанлари номзоди

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Пахтамиз сифатли бўлса…

Бу йил деҳқонларимизга далаларда пахта етиштириш осон кечмади. Айниқса, ёзнинг жазирама иссиғи ҳар йилгига нисбатан …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE