Бош саҳифа / Жамият / Маҳалланинг “виждони”

Маҳалланинг “виждони”

Одатда маҳалла раислари фаолиятини ўрганганимизда доим ҳафсаламиз пир бўлиб қайтардик. Гоҳ маҳалла раисини тополмай хуноб бўлсак, гоҳ фидойилик у ёқда турсин, ўз вазифасининг моҳиятини англаб етмаган оқсоқолнинг ишидан кўнглимиз тўлмасди.

Буни қарангки, бу сафар ташриф буюрганимиз, Шўрчи туманидаги “Ёш ғайрат” маҳалла фуқаролар йиғини фаолиятидан хурсанд бўлдик. “Суюнчи” фильмидаги қишлоқнинг виждонига айланган Анзират бувидек жонкуярлар ҳали ҳам орамизда борлигидан қувондик.

Ўрол ШЕРХОНОВ — 3 849 нафар аҳоли истиқомат қилаётган “Ёш ғайрат” маҳалласига оқсоқол этиб сайланганига ҳам 14 йилча вақт ўтибди. Ҳали-ҳануз маҳалладагилар у кишини ҳурмат қилишади. Нега дейсизми, чунки оқсоқолнинг ҳамма иши бадастур. Бунинг сирини билиш учун эса оқсоқолни суҳбатга тортдик.

— Кузатганим бор, аксарият маҳалла раисларининг кун тартиби йўқ ҳисоби. Шу боис ҳам ишида унум бўлмайди. Хўш, сиз кун тартибингиз ҳақида нималарни айта оласиз?

— Интизомли одам, албатта, кун тартибига амал қилади. Фикримча, бу унинг ўз ишига қай даражада масъулият билан ёндашишини белгилайди. Мен ҳам бунга амал қилган ҳолда иш вақтимни ҳар куни соат 7:20 дан бошлайман. Ёз ойларида эса 5:20 дан. Бу кеч соат 19:30 га қадар давом этади. Маҳаллада фаолият юритаётган яна 6 нафар ходим эрталаб соат 8 дан кечикмайди.

— Қизиқ, саҳар мардонлаб маҳаллада нима билан машғул бўласиз?

—    Энг аввало, маҳалладаги ички кўчаларни, улардаги тозаликни, кран жўмракларининг соз-носозлигини текшираман. Агар бирор ерда чиқинди уюмини кўрсам, дарҳол “Тоза ҳудуд” унитар корхонаси вакили билан боғланаман. Сўнг ҳудуддаги 22-мактабгача таълим муассасасининг ошхона, омборхона ва ҳожатхонасини кўздан кечираман. Камчилик сезсам, МТМ мудирасини огоҳлантираман. Болаларнинг овқатланиш рациони, хоналарнинг озодалигини кундалигимга қайд қилиб бораман.

Маҳалламиз ҳудудида 3 та норасмий автотураргоҳ бор. Ҳар эрталаб, албатта, у ерга бориб, туман маркази ва бошқа ҳудудларга қатнайдиган 42 нафар йўналишсиз такси ҳайдовчиларини ва уларнинг автомобилларини кўздан кечираман. Агар такси ҳайдовчисининг соч-соқоли ўсган ёки автомобиллар ювилмаган, техник жиҳатдан носоз бўлса, туман ички ишлар бўлими йўл-патруль хизматига билдирги бераман. Улар масъулиятсиз ҳайдовчини жаримага тортишади. 2018 йилнинг ўзида маҳаллада 8 та шундай ҳолат қайд этилди.

Маҳалладаги 12 та озиқ-овқат дўкони ҳам эътиборимдан четда қолмайди. У ерда сотилаётган маҳсулотларнинг муддатини ва озодаликни назорат қилиб бораман. Айниқса, спиртли ичимликни қуйиб сотишга умуман йўл қўймайман. Қарздорларни аниқлаб, низо келиб чиқмаслиги учун улар билан суҳбатлашаман. Бундан ташқари, маҳалламизда битта кушхонанинг ҳам санитар ҳолатини, тарозисининг тўғри-нотўғрилигини, гўштининг сифатини ҳар куни кундалигимга қайд қиламан. Чунки маҳалладагиларнинг кўпчилиги гўшт маҳсулотини шу ердан харид қилишади. Қолган вақтимни эса аҳолининг муаммоларини ўрганиб, улар билан суҳбатлашишга бағишлайман. Ўз навбатида, ходимларимнинг ҳам ишини қатъий назорат қилиб боришни унутмайман.

— Маҳаллангиздаги умумтаълим мактаблари фаолиятидан қай даражада хабардорсиз?

— Ҳудудда 65ҳамда 37-умумтаълим мактаблари фаолият юритади. Ҳар бирида 14 тадан синф бор. Ҳар бир синфнинг дарсларига навбат билан кириб, таҳлил қилиб бораман. Энг аълочи ва фаол ўқувчиларнинг рўйхатини шакллантириб, директор билан маслаҳатлашган ҳолда рағбатлантирамиз. Ўқиши сусайган, тарбиясида салбий ўзгариш сезилган ўқувчиларни ҳам эътиборга олиб, уларнинг ота-оналарини огоҳлантираман.

Ўтган йили ҳомийлар ёрдамида энг аълочи ўқувчиларнинг 84 нафарига, фидойи ва ўз устида ишлайдиган ўқитувчиларнинг эса 7 нафарига қимматбаҳо нодир китоблар совға қилдик. Қолаверса, январь ойида маҳалладаги 45 нафар ҳомиладор аёлга ҳам китоб улашдик. Чунки болада китоб мутолаасига муҳаббатни она қорнидаёқ шакллантириш кўпроқ самара беради.

— Қайси маҳаллага бормайлик, кам таъминланган оилалар рўйхатига кўзимиз тушади. Бироқ одамлардаги лоқайдлик, дангасалик, боқимандалик оиладаги моддий қийинчиликка олиб келади. Бунга маҳалла оқсоқоли ҳам қисман сабабчи. Чунки у ўз ҳудудидаги фуқароларнинг ижтимоий аҳволи учун жавобгар инсон. Шундай эмасми?

— Гапингизда жон бор. Оқсоқол маҳалласидаги ҳар бир хонадонни яхши билади, шунингдек, имкониятларини ҳам. Фақат кимдир ўзида мавжуд имкониятдан фойдалана олади, кимдир эса йўқ. Мисол учун томорқани олайлик. Агар биз, маҳалла раислари ҳар бир хонадон аъзолари билан дилдан суҳбатлашиб, уларни томор қадан унумли фойдаланишга, тадбиркорликка даъват этсак, тушунтира олсак, ўша хонадонда бекорчи бўлмайди. Меҳнат интизоми шаклланади, рўзғор бут бўлади. Демак, ўша оилада ижтимоий муҳит яхшиланади.

Бизнинг маҳалламизда кам таъминланган оила йўқ. 14 йил давомида маҳалла фаоллари билан биргаликда бирор оилада муаммо юзага келдими, дарҳол унга чора кўрамиз. Қийин вазиятдан чиқиб кетиши учун, керак бўлса, юқори ташкилот вакилларини ҳам жалб этиб, муаммосини ҳал қилишга ёрдам берамиз. Қолаверса, ҳеч бир хонадондаги томорқа бўш турмайди. Буни шахсан ўзим алоҳида назорат қиламан. Маҳалламизда 38 та хонадонда иссиқхона бор, яқинда яна 18 та хонадон соҳиблари имтиёзли кредит олиб, тадбиркорлик қилишаяпти.

— Оилавий низолар билан ишлаш тартиби ҳақида тўхталсангиз.

— 636 хонадондан бирортасида келишмовчилик авж олаётганини сездимми, вазиятни билиш учун тез-тез ўша хонадонга бораман. Аммо оилавий низоларни ҳал қилишда психолог бўлмасангиз, уддалаш мушкул. Мен ҳар икки томон билан холи суҳбатлашаман. Кейин уларга айрим психологик таъсир усулларини қўллайман. Бу тажрибада қўл келади. Аксарият ҳолларда яраштиришга эришганман, аммо баъзида иложсиз қолган пайтларим ҳам бўлган. Ўтган йили маҳалламизда битта ажрим қайд этилди.

Оилавий ажримлар тасодифан рўй бермайди. Эътиборсизлик ёки аксинча, ортиқча аралашиш туфайли юз беради. Аммо доимий ҳушёрлик орқалигина бунинг олдини олиш мумкин.

— Маҳалланинг виждони бўлиш учун оқсоқолда катта қалб, билим, одамларга меҳр, жонкуярлик, давр, жамият, ҳаёт ҳақида пухта таҳлил бўлмоғи зарур. Бу эса ҳаловатдан кечиб, шу ҳудуд одамларининг муаммолари билан ёниб яшаш дегани…

— Чиндан ҳам аҳолининг дарду ташвиши билан яшаш, кимнингдир оғирини енгил қилишнинг ўзи ҳаётимизга, умримизга маъно олиб киради. Фақат оқсоқол буни ич-ичидан ҳис қилиши, ўзи яшаётган ерни, одамларни севиши керак. Лекин мен ўзимни ҳали маҳалланинг виждонига айлана олдим, деб ҳисобламайман. Мен бажараётган иш, бу, зиммамдаги вазифам, холос. Маҳалланинг виждонига айланиш учун эса катта фидойилик керак.

Феруза

РАҲМОНҚУЛОВА

суҳбатлашди

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Газетанинг янги сонини ўқинг!

“Сурхон тонги” газетасининг 2020 йил 5 августдаги сонида сиз кутган мақолалар нашр этилган: — “Тез …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan