Бош саҳифа / Жамият / Маҳалла ҳуқуқ-тартибот масканлари ташкил этилмоқда

Маҳалла ҳуқуқ-тартибот масканлари ташкил этилмоқда

Профилактика инспектори бирор бир ҳудудга масъул этиб тайинлангач, у шу ернинг кўз-қулоғига айланади. Ўзи хизмат олиб бораётган маскандаги ҳар бир хонадондаги муҳитни, у ерда яшаётган одамларнинг оёқ олишидан тортиб, уларни қийнаётган муаммоларгача хабардор бўлиши талаб этилади. Шундагина у маҳаллада содир этилиши мумкин бўлган жиноятлар, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиб, осойишталикни таъминлашга эриша олади.

         Сир эмаски, шу пайтгача профилактика инспекторининг зиммасига ўзининг вазифаларидан ташқари қўшимча топшириқлар ҳам юклатилиб келинган. Рўйхатга олиш борми, бирор бир тадбирни ўтказишми, барчасига профилактика инспекторлари жалб этиларди. Бу эса истаймизми-йўқми, уларни асосий вазифаларидан бироз чалғитиб ҳам қўяётган эди. Жорий йил 12 февраль куни давлатимиз раҳбари Ички ишлар вазирлиги Ҳайъатининг кенгайтирилган йиғилишида айни шу масалага алоҳида тўхталиб ўтди. Ва ички ишлар органлари таянч пунктлари тугатилиб, мутлақо янги тузилма — «Маҳалла ҳуқуқ-тартибот маскан»ларини ташкил этиш бўйича бир қатор вазифаларни белгилаб берган эди. Шундан сўнг, барча ҳудудларда, хусусан, Сурхондарё вилоятида ҳам мазкур топшириқ ижросини бажариш учун тезда амалий ишга киришилди.

         Яқинда Ички ишлар вазирлигининг ишчи гуруҳи воҳамизда бўлиб, олиб борилаётган ишлар билан танишди.

         Тан олиш керакки, ўтган давр мобайнида воҳада 605 та таянч пункти фаолият юритиб келган. Бироқ, уларнинг шароити талаб даражасида бўлмаган. Шунингдек, пунктларнинг моддий таъминоти масаласи ҳам ачинарли  аҳволга келиб қолганди. Ташкил этилган ишчи гуруҳ аъзолари Сурхондарё вилоятининг барча туманларида бўлишиб, тўртта сектор раҳбарлари ва туман ҳокимлиги мутассадилари билан учрашувлар ўтказишди. Мавжуд таянч пунктларнинг реал ҳолати ўрганилди. Ва ички ишлар органлари таянч пунктлари ўрнида янги “Маҳалла ҳуқуқ-тартибот маскан”ларини ташкил этиш бўйича амалий ҳаракатлар бошлаб юборилди. 

Энг муҳими, эски биноларни таъмирлаш ва янгиларини қуриш бўйича тизимли ишлар йўлга қўйилиб, масканларнинг номини ўзгартириш учун эса янги пештахталар ўрнатилмоқда.

Иш қуроли соз одамнинг унуми ҳам бўлади. Бугун ҳеч бир соҳадаги фаолиятни ахборот коммуникация технологияларисиз тасаввур этиш мушкул. Шу жумладан, профилактика инспекторларининг хизмат фаолияти самарадорлигини ошириш учун ҳам улар компьютер жамланмалари, интернет тармоғи билан таъминланиши зарур. Ана шу мақсадда айни пайтда вилоятдаги янги ташкил этилаётган «Маҳалла ҳуқуқ-тартибот маскан»лари сўнгги русумдаги компьютер технологиялари, алоқа тизими ускуналари ҳамда мебель ва бошқа моддий техника воситалари  билан жиҳозланмоқда.  Ушбу таъминот маҳаллий ҳокимликлар бюджетидан амалга оширилмоқда.

      Айни пайтда вилоятда 721 та маҳалла бўлиб, оптик толали алоқа линияси фақат 169 та “Маҳалла ҳуқуқ-тартибот маскани”гача етиб борган. Бу эса умумий 72 минг 665 километрни ташкил қилади. Худди шундай интернет тармоғига 86 та объект уланган. Тоғли ва тоғ ён бағри худудлардаги масканларни ҳам бу тармоқлар билан қамраб олиш жадал равишда олиб борилаяпти.

         — Биргина Сариосиё туманидаги «Маҳалла ҳуқуқ-тартибот маскан»ларига 39 та замонавий компьютер жамланмаси ажратилди, — дейди туман ИИБ бошлиғи ўринбосари, подполковник Жамшид Қодиров. — Қолаверса, ҳудуд бўйлаб 306 та кузатув мосламалари ҳам ўрнатилди. Бу аҳоли гавжум жойлардан ташқари, туманнинг бошқа ҳудудларини ҳам доимий назорат қилиш ва содир бўлиши мумкин бўлган ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш имконини беради.

       Яна бир муҳим жиҳат. Эндиликда ҳуқуқ-тартибот масканлари фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини бевосита ҳимоя қиладиган, уларга ҳуқуқий жиҳатдан тушунчалар бериладиган масканга айланади. Унда хизмат олиб борадиган профилактика инспекторлари эса аҳолининг дардини тинглаб, уларга ечим топишда ҳуқуқий ёрдам кўрсатади. Албатта, бу жараёнда маҳалла раислари ва фаоллари ҳам профилактика инспектори билан ҳамкорликда фаолият олиб боради. Ушбу саъй-ҳаракатлар эса маҳаллаларни жиноятдан холи ҳудудга айлантиришга  замин яратади.

Феруза Раҳмонқулова

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Тандир гўшт сайлию от минишда ким маҳоратли?

15-17 июнь кунлари Термиз шаҳридаги Санъат саройида Ёшлар фестивали бўлиб ўтади. Унда бешта муҳим ташаббус …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan