Бош саҳифа / Жамият / Мафтунанинг ташаббуси

Мафтунанинг ташаббуси

Мафтуна тикиш-бичишга ёшлигидан меҳр қўйди. Бунга кўпроқ онаси Сарвара опанинг чеварлиги сабаб бўлса керак. Эсини танибдики, онаси тикиш-бичиш қилаётганда ёнида ўралашади. Ўзи ҳам қўғирчоқларига қолган матолардан кўйлаклар тикиб кўрган. Ҳарқалай тикувчининг қизида. Мафтунанинг тикувчиликка қизиқиши борлигини сезган она аввалига тўғри қўл чоклари тикишни, дазмоллашни ишониб топширадиган бўлди.

—Уйимизга келадиган онамни шогирдлари билан бирга қачон чеварликни ўрганиб кетганимни эслай ҳам олмайман, — дейди Мафтуна Искандарова. — Мактабни тугатаётиб, ҳеч иккиланмасдан Шўрчи 2-хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежида тикувчилик мутахассислиги бўйича ўқишни бошлаб юбордим.

Ўтган йили М. Искандарова коллежни тамомлаб “Алоқабанк”нинг Узун филиалидан 25 миллион сўмлик кредит олди. Ёш тадбиркор ўз хонадонида цех очиб 4 дона тикув машинаси, дазмол, керакли асбоб-ускуналар ва маълум миқдорда хомашё харид қилди. Ўзи ва онасидан ташқари икки нафар маҳалладошини ҳам иш билан таъминлади.

— Ўтган йил сентябрдан иш бошлаганмиз. Ҳозир қишки мавсумга мослаб аёллар кийимларини — кастюм, куртка, пальтолар тикишни бошлаб юбордик, — дейди ёш тадбиркор. — Қандай кийим тикишимиздан қатъий назар чизмасини ўзим яратаман. Тайёр маҳсулотларимизни бозорга топшираяпмиз. Кўпроқ маҳалладошларимиз буюртма қилиб келишади. Барчага манзур бўлаяпти. Аввалига эплаб кетармиканман, деган ҳадикда эдим. Бугун ҳадик ўрнини ишонч ва интилиш ҳисси эгаллаган.

— Тикувчиликка меҳрим бўлакча, дейди Наргиза. Мафтуна билан иш бошлаганимга бир неча ой бўлганига қарамай, тикиш-бичишга қўлим анча келишиб қолди. Ҳам шогирд, ҳам ишчи сифатида маош олаяпман.

— Яқин келажакда ишимни кенгайтирмоқ-чиман. Маҳалла гузаридан жой олиб, тадбиркорлигимни рўйҳатдан ўтказиб мактаблар билан шартнома асосида мактаб ва боғча болалари учун махсус кийим-кечаклар, чойшаблар тикишни йўлга қўйсам, ўз-ўзидан иш ўрни ҳам кенгаяди.

Рағбат ва раҳмат олиб, зўр иштиёқ билан одимлаётган ёш тадбиркор Мафтуна Искандаровадан ўз миллий бренди остидаги либосларни кутиб қоламиз.

Сайёра АЛЛАЕВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Битирувчилар МИБда ишлаши мумкинми?

Бу саволга талабалар Термиз давлат университетида Маж-бурий ижро бюроси Сурхондарё вилоят бошқармаси вакиллари билан ўтказилган …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan