Бош саҳифа / Маданият / Маданият ва маърифат гавҳари — «Бойсун баҳори» халқаро фольклор фестивалидан репортаж

Маданият ва маърифат гавҳари — «Бойсун баҳори» халқаро фольклор фестивалидан репортаж

Эрта тонгдан минг йиллардан буён зако халқимизнинг маънавий ва маданий меросини, миллий қадриятларини ўз бағрида сақлаб, сайқал бериб, вақт аталмиш шафқатсиз ҳакам чиғириғидан омон-эсон ўтказиб, асраб келаётган Бойсун диёри ва унинг одамлари ўзгача кайфият ва кўриниш касб этган.

Тилларда достон бўлган Сакиртма довонига чиқишингиз билан худди нақшинкор товоқ ичидаги бир ҳовуч жавоҳирдек товланаётган Бойсун кўзларни қамаштириб, дилларни мумтоз оҳангларга ошуфта этади. Шаҳарга кираверишдаги Паданг қишлоғи анча йиллардан буён бу даражада шукуҳ ва салобат касб этмаган эди. Карнай-сурнай садолари Бойсун тоғларида акс-садо бериб, “Бойсун баҳори“ халқаро фольклор фестивали бошланганидан далолат беради.

Ўтган ҳафта, 13-14 май кунлари нафақат Бойсун, Сурхон воҳаси, балки мамлакатимизнинг барча вилоятлари, туман ва шаҳарларидан санъаткорлар, халқ амалий санъати усталари, халқ дасталари, бахши-шоирлар, кайвони онахонлар, лапарчи момолар, мавсум ва маросим қўшиқларини асраб келаётган нуронийлар ташриф буюришди. Дастлабки маълумотларга қараганда, 30 мингдан ортиқ киши иштирок этган “Бойсун баҳори“ фестивалини вилоят ҳокими Э. Турдимов очиб, барча иштирокчиларни халқимизнинг маданий ва маънавий байрами билан табриклади. Нотиқ бу фестивалнинг аҳамияти, миллий қадриятларимиз ривожида тутган ўрни ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди.

“Бойсун баҳори“ халқаро фольклор фестивали бир неча йиллардан буён анъанавий тарзда ўтказиб келинади. Бунинг боиси, Бойсун маданий муҳити 2001 йил ЮНЕСКО томонидан Инсониятнинг оғзаки ва номоддий маданий мероси сифатида эътироф этилиб, 2008 йилда рўйхатига киритилганидир. Бойсун маданий муҳитини ўрганиш, илмий тадқиқ этиш, урф-одатлар, анъаналар, расм-русумларни сақлаш ва ёзиб олиш ишлари кенг кўламда олиб борилди. Ғурури тоғдек баланд бўлган Бойсун одамлари маънавияти ва маданияти ўзига хослиги билан қадимдан ажралиб туради. Инсоният тамаддунининг илк ўчоқлари бўлмиш Тешиктош ва Мачай ғорлари жаҳон тарихшунослари томонидан алоҳида эътироф этилган. Бу ердаги жуғрофий муҳит маданиятлар ва анъаналар ҳамда номоддий меросларнинг асл ҳолида сақланиб қолишига замин яратган, десак муболаға бўлмас. Фестиваль доирасидан халқ маданияти тарихини ўрганиш натижасида 50 га яқин номоддий маданий мерос намуналари аниқланди ва тасмаларга муҳрланиб, мамлакатимиздагина эмас, бутун жаҳон маданий фондида сақланмоқда.

Ўзбекистон Маданият вазирлиги, вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан ўтказилган “Бойсун баҳори“ фестивалида ЎзА, бадиий академия, Миллий телерадиокомпания, Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари, “Ҳунарманд” ва “Тасвирий ойина“ ижодий уюшмалари, тегишли вазирликлар, идоралар вакиллари яқиндан кўмаклашишганлигини айтиб ўтиш лозим.

Икки кун давом этган “Бойсун баҳори“ фольклор фестивалида Қорақалпоғистон Республикасининг “Шуъла“, Андижоннинг “Гулруҳ“, Бухоронинг “Хўжаи жаҳон“, Жиззахнинг “Гаштак“, Навоийнинг “Кармана юлдузлари“, Наманганнинг “Яллама ёрим“, Самарқанднинг “Сарбози“, Сирдарёнинг “Сайхун йигитлари“, Сурхон воҳасининг “Бойсун”, “Қуралай”, “Сабо”, “Булбулигўё”, “Жайхун“, Тошкент вилоятининг “Шош наволари“, пойтахтнинг “Дурдона“, ФарҚонанинг “Қуббан наволари“, Хоразмнинг “Авазхон“, Қашқадарёнинг “Ризвонгул“ каби намунали фольклор-этнографик халқ дасталари ўзларига хос либослар, қадимий куй-қўшиқлар, халқ ўйинлари асосида тайёрланган бетакрор дастурларини намойиш этишди. Шунингдек, Ўзбекистон халқ артисти Маҳмуд Номозов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар, Ҳосила Раҳимова, Лола Аҳмедова, Норали Алланазаров каби санъаткорларнинг чиқишлари фестиваль иштирокчиларининг диққат-эътиборида бўлди.

Мамлакатимизнинг турли гўшаларидан келган халқ дасталарининг чиқишлари номоддий маданий мерос борасида янги истеъдодларни кашф этди ҳамда қадим санъатимизга, маданиятимизга қизиқувчилар сонининг ошишига катта хизмат қилди. Айниқса, хориждан келган мутахассис ва меҳмонлар Паданг адирларида тикилган ўнлаб оқ ўтовларни айланиб, у ерда кўргазмага қўйилган тол қошиқдан тортиб, омочгача, тегирмон тошидан, қадимий ёрғучоққача, қадимий мато тўқийдиган қиличакдан тортиб, мойжувозгача ўз кўзлари билан кўриб, уларни қўллаш ва ишлатиш жараёни билан яқиндан танишдилар.

Алоҳида таъкидлаш лозимки, хорижий меҳмонлар нафақат халқ маданий, амалий санъати, балки қадимий урф-одатлар ва уларни авлод тарбиясидаги аҳамияти, қадимги кийим-кечаклар, уй-рўзғор буюмларини кўздан кечириб, халқимизнинг асрий маънавиятига, маданиятига, тафаккурига таҳсинлар айтишди.
Бир сўз билан айтганда, “Бойсун баҳори“ халқаро фольклор фестивалининг жозибали таассуротлари унинг минглаб иштирокчилари қалбида узоқ сақланиб қолишига шубҳа йўқ.

Сафар ОМОН,
Райҳон РАҲИМОВА,
“Сурхон тонги”нинг махсус мухбирлари

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Халқаро хунармандчилик фестивали

Сурхон воҳаси делегацияси Қўқондаги халқаро фестивалда фаол иштирок этмоқда. Қўқон шаҳрида илк бор Халқаро ҳунармандчилик …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE