Маданий дид қандай шаклланади?

0
29

Яқинда таксида кетаётиб “Вad boy” деб номланган гуруҳнинг қўшиғини эшитишимга тўғри келди. 20-21 ёшлардаги ҳайдовчи йигит мусиқа овозини янада баландлатиб, мароқ билан тингларди. Қўшиқ мазмуни шундай: икки севишган поезд йўлаги олдида “Қайси биримиз хиёнат қилсак, ўзини поезд тагига ташлайди”, деб аҳдлашади.

Орадан вақт ўтиб, йигит қизни бошқа йигит билан кўриб қолади ва қиздан қилган аҳдини бажаришини талаб қилади. Қиз роса ялинади, дод-вой қилади-ю, аммо йигит бунга унамай, ўзи уни поезд тагига итариб юборади. Очиғи, қўшиқни тинглагач, руҳимни ғалати бир ғашлик қамраб олди. Лекин ҳайдовчи йигитнинг мароқ билан эшитишини кўриб, ажабландим. Беихтиёр ундан ушбу қўшиқнинг нимаси ёқишини, ундан қандай ибрат олиши ҳақида сўрадим. У эса “Шунчаки, ҳозир мода, хит, ҳамма шуни эшитаяпти. Қолаверса, ҳаётда бўлаётган воқеаларни, ёмон одатларнинг охири нимага олиб келиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантиради”, дея жавоб қилди.

Тўғри, балки қўшиқда ахлоқсизликнинг оқибати хайр ли эмаслиги огоҳ этилаётгандир”. Бироқ бунақа қўшиқни санъат даражасида деб бўлармикан? Маза-матрасиз куй, тил нормалари меъёрдан чиқиб кетган кўча гапи, ҳатто қўшиқ матнида “оқ шеър”га ҳам ўхшамайдиган “янгича” жанр. Бундай сохта санъатдан завқланиб бўладими?

Аслида гап қўшиқда ҳам эмас, уни санъат дея жон қулоғи билан эшитаётган ёшларда. Афсуски, улар бугун кўпчиликни ташкил қилади. Ёмони ана шундай сохта санъат ва маданият уларнинг дидини ўтмаслаштириб, дийдаси қотган, ҳайрати сўнган кишига айлантириб қўяётганида. Бундайлар бўш бўлди дегунча олди-қочди қўшиқларни тинглашади ва томоша қилишади. Санъат асари деб томоша қиладиганлари, мусиқа деб эшитадиганлари шунчаки эрмак, кўнгилхушлик, жазава ва борингки, кун ўтказиш воситаси, холос. Уларда инсонни маънан бойитадиган, қалб ва тафаккур уйғунлигига ундайдиган ҳеч нарса йўқ. Ваҳоланки, улар ҳаётдаги зерикиш ва ташвишлардан, иқтисодий муаммолардан ўзларини чалғитиш учун шундай фаолият билан машғул бўлишади.

Фақат бугина эмас, балки одамларни манипуляция қилиш учун ушлаб турадиган ҳар томондан оқиб келаётган ахборотлар тезлиги ҳам бизнинг ҳайратимизни сўндираяпти. Ҳайратланмай қўйиш эса ўз-ўзидан ижод, яратувчанлик, адолат, эртанги кунга бўлган умидни, инсоний ҳиссиётларни ўлдиради. Бу эса алал-оқибат тафаккурнинг саёзлашиши, тубанлашиши ва эътиқодсизликка олиб келади. Тафаккур саёзлашгач, инсон ўзлигини англолмайди. Токи ўзликни англамас эканмиз, турли ғоялар, таълимотлар, назария ва сиё сий мафкураларнинг қули ва қуролига айланамиз.

Бозорда яхши қовун танлаш учун ҳам билим керак. Асл санъат ёки маданиятни сохтасидан, ахборотлар уюмидан кераклисини ажрата билмаган одам алданаверади. Шунинг учун кишида етарли билим, зарур кўникма ҳосил қилиниши ва буни болаликданоқ шакллантириш муҳим. Энг аввал, фарзандларимизни гўзалликка ошно қилиб ўстиришимиз, турли санъат асарлари кўргазмаларига, музей, театр ва кинотеатрларга, табиат қўйнига тез-тез олиб боришимиз лозим. Токи улардан ҳайратланиб, ҳақиқий истеъдод эгаларининг санъат асарларидан баҳра олиб, уларга нисбатан қизиқиш, фикр уйғонсин. Гўзалликдан руҳи покланиб, ижод ва яратувчанликка рағбат олсин. Муҳими, мустаҳкам маданий ва бадиий дидни шакллантириш. Шу аснода чинакам гўзаллик ва санъат ҳиссиётсиз ва маънавиятсиз тараққиётга қарши курашда қурол – маёқ бўлишини англаб етса, ажабмас.

Феруза РАҲМОНҚУЛОВА

ЖАВОБ ҚОЛДИРИНГ:

Илтимос изоҳингизни киритинг
Илтимос исмингизни шуерга киритинг