Бош саҳифа / Жамият / Маданий дам – меҳнатга ҳамдам

Маданий дам – меҳнатга ҳамдам

Азиз муштарийлар! Газетамиз саҳифалари орқали йил давомида янгиликлар, сиёсий хабарлар, шеърлар, танқидий ва таҳлилий материалларни эътиборингизга ҳавола қилиб келмоқдамиз. Кимдир ақлий, кимдир жисмоний меҳнат билан шуғулланади. Ҳам жисмонан, ҳам руҳан толиққан кишилар учун маданий ҳордиқ чиқариш ҳам фойдадан ҳоли бўлмайди. Шу мақсадда бугун эътиборингизга дам олиш саҳифасини туҳфа этмоқдамиз. Жаҳон хазинасининг ноёб дурдоналаридан олинган таржималар, ҳикматли сўзлар, теран фикрларга мурожаат қилган ҳолда сиз муштарий-ларга илинганимиздан бебаҳра қолмайсиз, деган умиддамиз!

Қандай қилиб романимни чоп эттирдим

Мен роман ёздим. Бу ишга икки ой вақт сарфладим. Туну кун ўтириб ёздим.

Роман яхши чиқди, деб бемалол айта оламан. Қўлёзмамни бир газетанинг таҳририятига олиб бордим.

— Оригинал романларни босмаймиз.

— Ҳеч бўлмаса бир кўринг!

— Ҳожати йўқ, оригинал асарларни халқ суймайди.

Шундан сўнг, қўлёзмамни ноширга олиб бордим. “Мен сизга..” дейишга улгурмасимданоқ, “Биз фақат таржима романларни босамиз”, деган жавобни олдим.

Бошқасига бордим. У ҳам олмади.

— Мабодо, сизда бирор-бир таржима асар бўлса, олиб келинг. Оригинал нарсани харид қилишмайди.

Қаёққа бормай, бир хил жавоб олавердим. Мана қарабсизки, икки ой дам олмай ўтириб ёзган, қанчадан қанча умидлар боғлаган романим никоҳсиз муҳаббат меваси бўлиб, масжиднинг остонасига ташлаб кетилган чақалоқдай қўлимда қолаверди. Шунда калламга бир фикр келди. Француз, немис, инглиз, итальян ва бошқа чет эл ёзувчиларининг ҳикояларини олиб, Жонсонни Аҳмад, Мартани Фотима деб ўзгартириб, сўнг ўзларининг имзолари билан журналларга берган ҳамкасбларим озми? Шу ишнинг тескарисини қилсам биров халақит берадими?

Ўтириб барча туркча исмларни америкачасига ўзгартириб чиқдим. Нью-Йоркнинг харитасини диққат билан ўргандим ва барча географик номлар ҳам америкача бўлди. Навбат энди муаллифга келди. Шундай қилиб мен Марк О Брайн деган ном остида Америка ёзувчиси бўлиб дунёга келдим.

Барча ишни битиргач яна газета таҳририятига йўл олдим. ҳалиги бетоқат муҳаррир таажжуб билан:

— Ахир, биз фақат таржима романларни босамиз! – деди.

— Мен ҳам сизга Марк О Брайннинг романи таржимасини олиб келдим.

— Буни қаранг! Жуда соз! Бу Марк О Брайн ким?

— Сиз у ҳақида эшитмаганмисиз? Шундай машҳур ёзувчини-я! Унинг асарлари жаҳоннинг барча тилларига таржима қилинган.

Бунақа гапдан сўнг романни ўқиб чиқишнинг сира ҳожати қолмади ва авансни ҳам тезгина беришди. Мендан фақатгина муаллифнинг ўзи ҳақида бир оз ёзиб беришимни сўрашди.

Мен қўлимга қалам олдим:

“Марк О Брайннинг охирги шедеври – “Хотин учун кураш”. Америкада шов-шув кўтарган китоб. Қирқ миллион нусхада тарқатилган. Мазкур тенгсиз асар жаҳоннинг барча тилларига таржима қилинган ва ниҳоят “Туя калласи” номи билан бизнинг тилимизга ҳам ўгирилди.

Лекин Марк О Брайннинг ўзи ким?…”

Кўз очиб юмгунча жаноб Марк О Брайннинг таржимаи ҳолини ҳам ижод қилиб ташладим. “У оиласида энг кенжа фарзанд бўлиб, ундан ташқари яна ўн саккизта фарзанд бор эди. Филадельфияда фермер бўлган отаси ўғлининг пастор бўлишини истарди, лекин қувлиги билан бошқалардан ажралиб турувчи кичик Марк теология профессорининг думбасига игна санчганлиги сабабли ўн тўрт ёшидаёқ мактабдан қувилади (қисқаси, кўпгина таниқли Америка ёзувчиларининг типик ҳаёти). Балиқ тутиш, контрабанда билан шуғулланган, бир муддат олтин қидирувчилик қилган (ҳаммаси сизга маълум нарсалар). Ниҳоят қирқ ёшида “Келинг, ўпишайлик” номли биринчи ҳикоясини журналга жўнатган. Унинг тили ва услуби шунчалик хароб эди-ки, унда…”

Қарабсизки, узундан узоқ таржимаи ҳол пайдо бўлди. Ана энди бизнинг романларни кўринг!

Китоб ноширлари изимдан юришарди:

— Қулоқ солинг, бизгаям худди шу Марк О Брайндан таржима қилиб беринг!

Мен Марк О Брайннинг роппа роса ўн саккизта романини ўгирдим. Ҳаёт эканман – таржима қиламан. Лекин бу билан чегараланиб қолмадим. Сиз Жек Леммер деган машҳур изқувар борлигини биласизми? Унинг асарларини талашиб ўқишяпти. Мен бу муаллифнинг олтита китобини таржима қилдим. Охирги пайтда жуда илгарилаб кетганман. Ҳозир ҳинд, хитой ва бошқа кўплаб тиллардан ҳам таржималар қиляпман.

Қадрли ўқувчилар!.. Сизга маълум бўлсинки, ўзимизнинг газета ва журналларимизда ўқиётганингиз турк ҳикояларининг юзтадан тўқсон тўққизтаси, минг афсуски, бировдан ўзлаштирилган. Сизга таржима сифатида тақдим этилаётгани эса, аслида, ватандошингиз томонидан ёзилгандир. Фақат исм-шарифи ва номи чет тилида холос.

Ҳаммасидан ҳам кўра бир нарса менинг кўнглимни кўтаради. Бир кун келиб одамлар Америка адабиёти тарихини ўрганишаётганда турк романларини ҳам ўқишларига тўғри келади. Ўшанда менинг ҳам дилдаги орзуйим ушалиб, Марк О Брайн номи билан Америка адабиётидан жой оламан.

Шукуржон Исломов
таржимаси

Азиз НУР

БУВИ

Телевизорда чиққан неварасига қараб, “ҳаҳ, ўзимнинг булбуловоз болажоним-а, қўшиғинг ўйнатадия” деб ўйнайверди момо!

Атрофдагилар на “Бу интервью беряпти” дейишди, на “Сизнинг қулоғингиз уч йилдан бери эшитмайди-ку” дейишди. Момо қўлларини кўтариб-кўтариб ўйнайверди.

ҚАДОҚ ҚЎЛЛАР

У кўчада сўрашиш учун қўл чўзган гўрковнинг қадоқ қўлларига қараб, бош ирғаганча ўтиб кетди.

Бироз вақтдан сўнг фирмаси ёнғин ичида қолганини эшитиб юрагини бир чангаллади-ю, қайтиб ўрнидан турмади… Пешин пайти ўша қадоқ қўллар унинг янги “уйи” учун кетмон урди.

“ҲОТАМТОЙ”

“Ҳар йили бизнесимдан тушган фойданинг маълум бир қисмини меҳрибонлик уйларига, кам таъминланган оилаларга хайрия қиламан!

Мен учун одамийлик, меҳр-оқибат тушунчалари ҳар қандай нарсадан афзал!”

У шундай деб интервью берди-ю, қабулхонада икки соатдан бери бетоб фарзандини қучоқлаб, илинж билан мадад кутиб ўтирган аёлга вақти йўқлигини айтиб чиқиб кетди.

СУҲБАТ

— Мен катта бўлсам шифокор бўларканман. Ойим билан дадам доим шунақа дейишади. Сен катта бўлсанг ким бўласан?

– Менми? Мен яхши ойи бўламан!

– Яхши ойи қанақа бўлади?

– Яхши ойи… қўғирчоқларимга кийим тикаман, деб пардани қирққанимда урмайдиган, эртак ўқиб беринг, деганимда, ҳар куни “дадангга бор, мен эртага ўқиб бераман” демайдиган, деворга расм чизганда “Қўлгинанг синиб кетсин” демайдиган бўлади…

ҚЎШНИ ҚИЗ

Болалигимда маҳалладош дўстим билан қоғоздан самолёт ясаб учирардик! Самолётим баланд учгани боис қўшни қиз доим мен билан ўйнарди.

Йиллар ўтди, улғайдик. Ҳозир мен деҳқон, дўстим учувчи. Ҳар куни дунёнинг турли томонларига баландлардан учади. Қўшни қиз ҳозир у билан бирга.

Аллома ҲАКИМОВА

МЕҲМОН

– Бир куни қайтишингизни билардим!

Аёлнинг синиқ табассумини ўзгача тушунди у:

– Кутганинг учун раҳмат сенга… севгилим! – охирги сўзни бироз ўйланиб ва қийналиб айтди у!

– Ким экан, азизам?! – ичкаридан қувноқ овоз эшитилди.

– Тиланчи, – жавоб берди синиқ табассумли аёл.

НОТАНИШ ҚИЗ

У бу қизни танимасди. Шунчаки табассуми ёқарди унинг. Ҳар куни эрта тонгда шоҳбекат томон юраркан, бу гўзал табассум соҳибасига бир нигоҳ ташламай ўтмасди.

Кунлари фараҳбаш эди. Қайтаётганида ҳам ўзига қадрдон ойнани узоқдан мўлжалга оларди. Яна фусункор табассум… Қанчалар бахт!

Бир куни ва ниҳоят, у қатъийлашди. Муюлишдан гул сотиб олди-да, ўша қадрдон дераза томон дадил юрди. Ўша гўзал табассум. Гулларни узатар экан….

– Узр, қизим туғма ногирон, – ёш тўла кўзлари билан табассум қилди она. – Унинг қўллари йўқ.

Гулларни муштипарга тутқазса бўларди, қимматга олгани миясида ярқ этди.

Минокевсга мактуб

Донолик ёшу қарига бирдек ярашади. Донишмандликни излашда ёшнинг аҳамияти йўқ. Ахир, кўнгилни соғлом тутишнинг эрта-кечи бўлмайди-ку! ҳаётни ўрганиш, фалсафани англашнинг вақти ҳали етиб келмади ёки ўтиб кетди, дейиш бахтиёрликни бой бериш ё уни кечиктириш билан баробар.

Шу сабабли, ёшу қари донишмандликни изламоғи даркор. Ёш бўла туриб ҳам доно бўлиш мумкин. Биз шууримизга бахтиёрлик олиб келадиган иш билан машғул бўлиб, хотиржамликка эришамиз.

Ўлим биз ўйлаганчалик қўрқинчли эмас. Ундан устун келишнинг ягона йўли – мангу ҳаётга кетишдан олдин умрбоқийликни қўлга киритишдир.

Донишманд одам ҳаётини қадрлайди ва унинг поёнига етишидан у қадар ҳам изтиробга тушмайди. Одамлар мўл-кўл овқатдан кўра, оз бўлса ҳам мазали таомни афзал кўрганлари каби, донишманд одам ҳам узоқ эмас, маъноли ҳамда хушвақт умр кечиришни маъқул кўради.

Шуни эсдан чиқармаслигимиз керакки, келажак тамомила бизнинг ихтиёримизда эмас. Унинг келишига қатъий ишониш ёки келмаслигидан ташвишланиб, умидсизлик гирдобига ғарқ бўлишимиз ярамайди.

Унутмайликки, кучли хоҳиш кўп ҳолларда чексиз нафратга сабаб бўлади. Қаноат эса хотиржамлик ва бахтиёрликнинг калитидир. Хоҳишларимизнинг баъзилари табиий. Баъзилари эса асоссиз. Табиий хоҳишларимизнинг ҳам маълум қисмигина зарур. Қолганларига эҳтиёж йўқ. Бунинг фаҳмига етиб, уларни ажрата оладиган киши улардан танасини соғлом тутиш ва тафаккурини бойитишда фойдаланади. Бу аснони ҳаётнинг мазмуни ва умрнинг хайрли давоми деб билади. Биз доимо кўнглимиз ва танамизнинг эҳтиёжини босадиган нарсаларни қидирамиз. Азобланганимиздагина, ҳузур-ҳаловатни истаймиз. Шу сабабли ҳам ҳузурни ҳаётнинг энг муҳим палласи деб биламиз. У бизнинг энг олий истагимиз бўлиб, ҳар қандай танловнинг, шу билан бирга, нафратнинг асосидир. Ҳузур ҳар қандай нарсага баҳо беришда бош ҳакамдир. Афсуски, ҳузур-ҳаловат ҳамиша ҳам ҳақ бўлавермайди. Аммо, дунёдаги энг улуғ ҳузур-ҳаловат қаноатли бўлишдир.

Нон ва сув оч қорин ва қақраб кетган лаблар учунгина ҳаловатлидир. Эҳтиёжларини меъёрида ушлаб турган киши ортиқча муаммоларга дуч келмайди.

Ҳузур-ҳаловат – бу танадан оғриқни даф қилиш ва кўнгил безовталигидан халос бўлишдир. У шоҳона таомлар тортилган тўкин дастурхон эмаслигини ёдимиздан чиқармайлик.

Ҳузур-ҳаловат кўнгилни бесаранжом қилаётган ўй-хаёллардан халос этгувчи, бизни улардан ҳимоя қилгувчи ҳамда олдимиздаги тўсиқларга асосли илож топгувчи идрокдир. Шу сабабли ҳам фазилатлар орасида энг яхшиси мулоҳазакорликдир. Идрок, ифтихор ҳамда адолат фаровон ҳаётнинг ажралмас бўлагидир.

Мана шу фикрларга суянган одам ўлим қўрқувидан батамом халосдир. Бундай одам яхши нарсаларга ва эзгуликка қанчалик тез эришиш мумкинлигини билади ва бунга осон эришади. Шунингдек, иблис кучининг меъёрлари ҳам унга маълум ва у бундан унчалик ҳам хавотирга тушмайди. Баъзилар учун қочиб-қутулиб бўлмайдиган, ҳукмдор ҳисобланган тақдирни у менсимайди. Сабаби, ҳаётдаги воқеликларнинг аксарияти эҳтиёж, қолганлари тасодиф ва яна бир қисми ўзимиз боис рўй беришидан у яхши хабардор. У эҳтиёжни, масъулиятни емирадиган куч ҳамда уни ўткинчи деб билгани сабаб, унга бўйсунмайди. У нодонларча завқу шавққа буркангандан кўра, доно бўлиб, фақир ҳолда ҳаёт кечиришни маъқул кўради.

Сен менинг айтганларимни ёдингда тут. Ўзинг ва сенга ўхшаганлар билан биргаликда, буларга амал қил. Шунда ҳеч қачон: на ўнгингда, на уйқунгда ҳеч нарса сени безовта қилмайди.

Саҳифани
Шаҳринисо ФАРҲОДОВА
тайёрлади.

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

“Аёл ва замон” марказида янги лойиҳа

Воҳамиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳам ўз ўрни бор. Бу борада “Аёл ва замон” …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan