Бош саҳифа / Иқтисодиёт / Маҳсулот саккиз вилоятга жўнатилаяпти

Маҳсулот саккиз вилоятга жўнатилаяпти

Аҳоли зич яшайдиган Узун туманида битта корхонанинг муқим ишлаб, маҳсулот ишлаб чиқариши ҳам бир неча оиланинг фаровон турмуш кечиришига хизмат қилади. “Ўзқишлоқэлектр қурилиш” ОАЖнинг Узун туманида фаолият кўрсатаётган “Энергоқурилиш маҳсулот” шўъба корхонасида бугун 50 нафар муҳандис-техник ва ишчи ходим меҳнат қилиб, ўртача 1,5 миллион сўмдан маош олишаяпти.

Аввало узунликлар моҳир раҳбар Маматқул Бадаловдан миннатдор бўлишлари керак. Негаки, М. Бадалов қаттиққўллик қилиб, шу корхонани сақлаб қолмаганида мустақиллик йилларининг дастлабки пайтларида ўнлаб корхона тугатилиб, цехларидаги асбоб-ускуналари ташиб кетилгани каби бу корхонадан ҳам ном-нишон қолмасди. Неча бир киши ушбу корхонани ҳам хусусийлаштириб олмоқчи бўлди. Аммо Маматқул Бадалов қаттиқ турди, юқори ташкилот раҳбарларига мурожаат қилиб, қачонлардир барибир шундай корхонага эҳтиёж сезилишини тушунтиришдан эринмади. Зарур пайтда ўзининг, оғайниларининг сармоясини жалб қилиб, оз бўлсада маҳсулот чиқариб туришди. Нима бўлганда ҳам ушбу корхона талон-тарож бўлиб кетишига тўсиқ бўлган киши Маматқул Бадалов бўлади.

Орада Бадаловнинг соғлиги ёмонлашди, ўрнига Владимир Шванский раҳбарлик қилди. Ҳозирда корхонага анча йил бош муҳандис бўлган Нўъмонжон Мелибоев раҳбар, Маматқул Бадалов эса бош муҳандис. Жамоада 50 нафар киши меҳнат қилаяпти. Буюртма кўпайганда 20 нафаргача мавсумий ишчилар ҳам ишга жалб қилинади. Улар томонидан тайёрланаётган 12 турдаги темир-бетон электр таянчлари (бетон симёғоч), нимстанция элементлари, бетон устун ва тагликлар тобора харидоргир бўлиб бораяпти.

Корхона цехларида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар Қашқадарё, Самарқанд, Сурхондарё, Бухоро, Навоий, Жиззах, Хоразм вилоятлари ва Қорақалпоғистон республикаси нурчиларига етказиб берилаяпти. Жорий йилнинг ўтган олти ойи мобайнида буюртмачиларга 2322 метр куб ҳажмда темир-бетон буюмлари жўнатилди. Ўки узунлиги 10,5 метрлик қарийб беш минг дона темир бетон таянчлари (бетон симёғочлар) белгиланган манзилларга етказилди. Бошқача айтганда, маҳсулот ишлаб чиқариш ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 4,5 бараварга кўпайтирилди.

Жорий йилда корхонада иш кўлами кенгайди, буюртмалар сони ортиб бораяпти. Вазирлар Маҳкамасининг “Кам кучланишли электр тармоқларини модернизациялаш ва янгилашнинг 2017 — 2021 йилларга мўлжалланган йўл харитаси дастури”га кўра, Узун туманидаги “Энергоқурилиш маҳсулот” шўъба корхонаси жамоаси юқорида номлари келтирилган саккизта вилоятдаги нурчи корхоналарга ҳар хил ҳажм ва ўлчамдаги темир-бетон буюмлари тайёрлаб бериш учун ҳар дақиқадан унумли фойдаланиб, кўпроқ сифатли маҳсулот ишлаб чиқариш чорасини кўришмоқда.

Корхона раҳбари Нўъмон Мелибоев уддабурон, одамларни бўш қолдирмайдиган, тадбирли одам. У корхона цехларида иш қизғин кечишини, ишчи-хизматчилар доимий иш билан банд бўлиб, мўмай даромадга эга бўлиши ва фаровон турмуш кечиришини ўйлаб изланаяпти, елиб-югураяпти. Раҳбарнинг саъйи-ҳаракати билан ҳар ойда янги буюртмалар қабул қилинаяпти. Шунинг ҳисобига жорий йилнинг ўтган ойлари орасида корхона цехларида 3 миллиард сўмлик темир-бетон буюмлари ишлаб чиқарилди.

Темир-бетон буюмлари қуюв цехига Жумақул Сангинов етакчи. 15 нафар мутахассис меҳнат қилаётган цех жамоаси тайёрланаётган темир-бетон буюмларининг сифатини яхшилаш билан бирга, таннархини арзонлаштириш ва шу ҳисобда буюртмачилар сафини кенгайтириш йўлида меҳнат қилишаётир. Улар тозаланган, сараланган қум, чақилган тошни махсус аралаштиргичда цемент билан қориштириб, арматура ва сим жойлаштирилган қолипларга солишади. Сўнгра буғ ва кучли босим билан пиширилади. Бу ишда пайвандчи Мусурмон Ашуров, бетон қуювчи Низомиддин Расулов, ҳайдовчи Умрзоқ Қосимов, электрчи Акбарали Тошевларнинг хизмати катта. Айнан шу цехдан чиқаётган тайёр темир-бетон буюмлари пешма-пеш буюртмачилар манзилига жўнатилмоқда.

Саккиз вилоятдаги нурчи ташкилотларга темир-бетон буюмлари етказиб бераётган корхона маъмурияти ва касаба уюшмаси ишчи-хизматчиларга доимий ғамхўрлик кўрсатаяпти. Барча ходимлар ишчи коржомалари, қўлқоплар билан таъминланган. Меҳнат илғорлари доимий равишда рағбатлантирилиб келинмоқда.

Агар бугун корхонада 50 нафар киши ишлаётганини ва уларнинг ҳар бири оиласида 4 нафардан киши яшаётганини ҳисобга олсак, мўъжазгина корхона даромадидан 200 нафар киши фаровон турмуш кечираётгани шоҳиди бўламиз. Бундан ташқари, корхона даромадидан йилнинг ўтган вақтида 213 миллион сўм солиқ тўловлари амалга оширилди. Демак, корхона ҳам маҳсулот чиқармоқда, ҳам давлат хазинасини бойитишга ҳисса қўшмоқда.

Усмонали НОРМАТОВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Бойсундаги М25 конида янги объект очилди

Хабарингиз бор, Президентимиз яқинда вилоятимизга амалга оширган ташрифи чоғида Бойсундаги “Мустақилликнинг 25 йиллиги” газ конида …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE