Бош саҳифа / Сиёсат / Мақсад: юрт ободлиги, эл фаровонлиги

Мақсад: юрт ободлиги, эл фаровонлиги

Муҳтарам Президентимизнинг ташаббуслари билан маданий, ижтимоий, иқтисодий, сиёсий соҳаларда қабул қилинган давлат дастурларининг мазмун ва моҳияти мамлакатимиз аҳолисининг турмуш даражасини яхшилаш, республика иқтисодиётини мустаҳкамлаш, қишлоқ ва шаҳарларни бугунги замон талаблари даражасида ободонлаштиришга қаратилгандир.

Кеча вилоят ҳокимлигининг катта мажлислар залида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А. Арипов раҳбарлигида бўлиб ўтган видеоселекторда айни шу жиҳатлар таҳлил қилинди. Йиғилишни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З. Низомиддинов очди ва олиб борди.

Республикадаги тегишли вазирликлар, қўмиталар, компания, уюшмалар, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари, вилоят, шаҳар, туманлардаги 4 та сектор раҳбарлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, бошқармалар ва ташкилотлар, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этган фаоллар йиғилишида воҳада ислоҳотларни амалга ошириш, бу йилги пахта етиштириш, ҳосилни йиғиб олишда йўл қўйилган хатолар ва келгусидаги кечиктириб бўлмайдиган вазифалар хусусида сўз борди.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А. Арипов воҳадаги барча соҳа ва тармоқларда амалга оширилган ишлар, йўл қўйилган камчиликлар, республика ишчи гуруҳи томонидан аниқланган муаммолар, секторлар раҳбарларининг фаолияти, “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” давлат дастурлари ижроси, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини экспорт қилиш, қишга тайёргарлик кўриш, аҳолини кўмир ва брикет билан таъминлаш, ҳудудий саноат маҳсулотларини ишлаб чиқаришни кўпайтириш, муаммоларни бартараф этиш масалалари борасида аниқ далиллар асосида сўз юритди.

Онлайн тарзида бўлиб ўтган фаоллар йиғилишида кун тартибидаги масалалар юзасидан Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари А. Ваҳобов, вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Т. Боболов, вилоят ҳокимининг ўринбосари А.Амировларнинг ҳисоботлари эшитилди. Видеоселекторда вилоят секторлари раҳбарлари — вилоят ҳокими, вилоят прокурори, вилоят ички ишлар ва вилоят давлат солиқ бошқармалари бошлиғининг фикр-мулоҳазалари тингланди. Йиғилишда Термиз шаҳри, Шўрчи, Шеробод, Бойсун, Ангор, Термиз туманларидаги 4 та сектор раҳбарлари бирма-бир сўралиб, уларга жиддий топшириқлар берилди. Шунингдек, жойлардаги муаммо ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан йиғилиш иштирокчиларининг мурожаатлари тингланиб, уларга атрофлича жавоб қайтарилди.

Йиғилишда вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари У. Охунов, вилоят прокурори Ў. Саидов бошқа ишга ўтганлиги муносабати билан эгаллаб турган вазифасидан озод қилинди. Вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғи вазифасида ишлаб келаётган Раҳматулла Бобохонович Гаппаров вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари ҳамда Денов туман ҳокими вазифасида ишлаб келаётган Улуғбек Бердиқобилович Қосимов вилоят прокурори этиб тайинланганлиги маълум қилинди.

Йиғилиш сўнггида вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Б. Пўлатов сўзга чиқиб, Президентимиз ва ҳукуматимиз томонидан берилган топшириқ ҳамда вазифаларнинг сўзсиз бажарилишини таъминлашга, бунинг учун Сурхон воҳасида барча куч ва имкониятлар етарли эканлигини таъкидлаб, йиғилишда иштирок этган республика вазирликлари, қўмита ва идоралари раҳбари ҳамда вакилларига ўз миннатдорчилигини билдирди.

Сафар ОМОН,
“Сурхон тонги” мухбири

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Тадбиркорлар учун янги қабулхона

Юртимизда инновацион ғояларни кенг жорий қилиш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, солиқ тизимини тубдан …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan