Бош саҳифа / Адабиёт / Маҳаллада китоб дўкони

Маҳаллада китоб дўкони

Китобга меҳр оиладан бошланса, бу ибрат бутун маҳалла, юрт бўйлаб қанот ёзади. Китоб ўқилган, у ҳақда баҳс-мунозаралар бўлган даврага ёвузлик ораламайди. Эзгулик элчиси бўлиб келган яхши китоблар кишиларни шундай мақсадларга ундайверади.

Ангор туманидаги “Марказ”  маҳалла фуқаролар йиғинида яқинда ташкил этилган китоб дўкони ҳам моҳиятан эзгу ташаббуснинг ёрқин ифодаси бўлди. Тумандаги 3-сектор раҳбари, туман ички ишлар бўлими бошлиғи майор Мурод Болтаев бош қўшган ишдан маҳалла аҳли, ота-оналар, ўқувчилар ва устоз-мураббийлар мамнун бўлишмоқда. Маҳалла фуқаролари билан ўтказилган учрашувларда билдирилган таклифлар китоб дўконининг иш бошлашига туртки берди. Мазкур китоб дўкони маҳалла ҳудудидаги 6-умумий ўрта таълим мактабининг шундоқ ёнгинасида фаолият кўрсатмоқда. Эндиликда мактаб ўқувчилари ва педагоглар, ота-оналар китоб излаб туман ёки вилоят марказига боришмайди. Болалар адабиёти, миллий ва жаҳон адабиётининг сара намуналарини китоб дўконидан топишлари мумкин. Энг муҳими, китобларнинг нархи арзон. Бу қулайликдан нафақат “Марказ” маҳалласи, балки қўшни “Қадимий Ангор”, “Маданият” маҳаллалари аҳолиси ҳам баҳраманд бўлишмоқда.

— Яқингача ўқувчиларимизга яхши китобларни тавсия қилишга қийналар эдик, — дейди мактаб ўқитувчиси Адолат Жумаева. — Ота-оналар ҳам китоб харид қилишда овора бўлишарди. Ўқувчиларимиз мактабга келишда ҳам, кетишда ҳам китоб дўконига киришади. Барчамиз бундан ҳурсандмиз.

Сектор раҳбарияти китоб дўконини янада бойитиш, харидорларга вақтли матбуот нашр-ларини ўқиш учун мутолаа бурчагини ташкил этиш истагида. Маҳаллаларимиздаги бундай ибратли ташаббуслар кенг  қулоч ёзаверсин, деймиз.

Зулфия СОИПОВА, ўқитувчи

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Ўқиган ўқдан ошар

Мутолаадан тўхтамаган одам фикрлашдан тўхтамайди. Фикрлайдиган одамнинг мағзи бўлиқ, маънавияти юксак бўлади. Ҳа, китоблар бизни …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan